11 апрел — афсонавий The Beatles гуруҳи «From Me to You» қўшиғини тақдим қилди

Пировардида «From Me to You» гуруҳнинг Британия хит-парадида биринчи ўрин олган илк қўшиғи бўлди

«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуети ижро қилган зариф бир қўшиқдир.

Айтилишича бу қўшиқ 1963 йилнинг 28 февралида Шрусбери йўлида кетаëтган автобус ичида ëзилган. The Beatles гуруҳи қўшиқчи Элен Шапиро билан гастролга кетишаëтган пайтда Леннон ва Маккартни вақтни ўлдириш ва эрмак учун бу қўшиқни басталашди. Қўшиқдаги “мен ва сен” калималари ўша давр учун бокира бўлган инсоннинг инсонга яқин муносабати ва самимийлик изхори эди.

Алал-оқибат бу қўшиқ The Beatles гуруҳига шараф келтирган саслардан бирига айланди.

The Beatlesнинг бу қўшиғи “битломания” деб номланган йўналишни пайдо қилган омил сифатида кўрилади.

The Beatles гуруҳининг «From Me to You» қўшиғи Совет Иттифоқини ўраган темир деворни ëриб ўтиб эрксеварларнинг доимий ҳиргойисига айланган эди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида тоғамнинг ўғли Ҳушнуд магнитофон лентасига ëзилган «From Me to You» қўшиғини қайта-қайта эшитгани эсимда.

Ҳушнуд мен учратган илк битломан эди. Иккинчи битломан эса Москвада рассомликка ўқиган Давронбек Йўлдошев эди.

The Beatles гуруҳи уларнинг яшам тарзини ўзгартирган ва бошқача фикрлашга ундаган омил эди.

The Beatles қўшиқчиларини «битллар» деб аташади, шунингдек уларни Fab Four (ингл.) деб ҳам аташди.

Джон Леннон, Пол Маккартни, Джордж Харрисон, Ринго Старр иштирокидаги бу гуруҳ Британиянинг Ливерпул шаҳрида 1960 йилда ташкил топган эди.

Шунингдек айрим вақтларда гуруҳ таркибида Пит Бест, Стюарт Сатклифф ва Джимми Николлар иштирок этишарди. The Beatles нинг аксарият композициялари Джон Леннон ва Пол Маккартни ҳаммуаллифлигида яратилган ва улар номидан чоп этилган.

Америкада 1950-йилларда ривожланиб бошлаган “рок-н-ролл” мусиқа йўналишига тақлид қилиб The Beatles гуруҳи ўзларининг шахсий адабий услублари ва ижроларига эга бўлишди.

The Beatles гуруҳи рок-мусиқа йўналишида жуда катта аҳамиятга эга таъсир кўрсата олишди ва бу кўплаб мутахассислар томонидан тан олиниб, XX асрдаги ижодий ҳамда тижорий томондан ҳам омадли гуруҳлардан бири этиб эътироф этилиб келинади.

Кўпчилик рок-мусиқачилар “Beatles” гуруҳининг мусиқаси таъсирида машхур бўлганини эътироф қилишади.

Тўртлик британия гуруҳлари ичида биринчи бўлиб ўз пластинкаси билан АҚШдаги чартларда машҳурлик ва биринчи ўринни эгаллади ва ушбу пластинкадан бошлаб британиялик коллективларни, шунингдек «ливерпуллик» (Merseybeat) рок-мусиқаси жарангини ҳалқаро тан олиниши бошланди.

The Beatles гуруҳи жамоаси биргаликдаги ижодини 1970 йилга келиб тўхтатди, лекин Пол ва Джон аллақачон 1967 йилдан бошлаб шоу-бизнес оламида ўзларининг шахсий проектларини жорий қилиб бўлган эдилар.

Гуруҳ парчаланганидан кейин ҳар бир мусиқачи ўзининг якка хонандалигини давом эттирди.

1980 йилда ўз уйининг олдида Джон Леннон ўлим топди, 2001 йилда эса Джордж Харрисон саратон касаллигидан вафот этди.

Пол Маккартни ва Ринго Старр ҳануз ижод билан банд.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Facebook orqali izoh qoldirish
Изоҳсиз

Изоҳ қолдириш

Кун иқтибоси

Ҳеч эсимдан чиқмайди бир ярим яшар қизим «адажон, энди очдан ўламизми?» деди. Мен чидай олмадим, нимадир қилишим керак эди. Уйдан кларнет (сурнай)имни олиб Ўзбекистонга ўтиб кетдим, кўча ва бозорларда чалиб нонга пул топиш учун.

Имейл орқали обуна бўлиш

Мақолаларимизни доимий олиб туриш учун электрон почтангизни ёзинг.