Асосий мавзулар
12 апрел 2023

12 апрель – мустақил ALC TV ташкил этилганди

1994 йили акам Шуҳрат, укам Ғайрат ва мен Урганч шаҳрида мустақил телестудия ташкил этган эдик. Очилган кунидан буён уни тугатишга ҳокимият амалдорлари томонидан озмунча уриниш бўлгани йўқ.

ТV ALC ташкил топганидан беш йил ўтиб у тугатилди, бугун эса ҳаммаси ортда қолди.

Ўша йили 12 апрелда Матбуот қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармаси мулозими Улуғбек Йўлдошев қўлимизга рўйхатга олинганлик ҳақидаги гувоҳномани тутқазди, шодлигимиз чексиз эди.

Шу куни илк узатиш ускунаси харид қилинди ва ўша куни ушбу ҳужжат 8-канални қайд қилиш учун Давлат алоқа назорати мулозимига топширилди ва олдинда очиқ эфир турарди.

rasm1144
Студияни 5-10 та маиший видеомагнитофон ва камералар билан жиҳозлагандик

ТВ ҳақидаги дастлабки тасаввурларимиз

Ўша пайтда менинг наздимдаги телевидение одамларга маърифат ёки мухолиф муждаларни етказадиган, бундан ҳам баттарроғи, шеърлар ўқиб, мухлислар дилини чоғ қиладиган жой каби кўринган.

Бадиий кўргазмалари боис хорижда кўп бўлган рассом акам Шуҳратнинг тасаввурлари эса бу масалада яна ҳам илғорроқ, у немис панклариники каби эстетик телевидение яратиш йўлида бардавом бўлди.

Турмуш ташвишлари кўпроқ ўйлантирадиган укам Ғайрат эса канални очиқ аудиториядан ёпиш ва мижозларга дешифратор қўйиб бериб, ойлик ҳақ эвазига кино ва кўнгилочар дастурлар қўйиш тарафдори эди.

rasm1147
Телевидение фаолияти учун берилган гувоҳнома

Охири ҳар биримиз ўз орзуларимиздан қисман кечиб, кўрпага қараб оёқ узатишга, табрик эълонларидан тушадиган пулга қаноат қилиб, ҳафталик янгиликлар тайёрлашга қарор бердик, укамиз Ғайрат ҳам ўша кундан бошлаб ҳафталик янгиликларга тасвир йиғиш учун чиқадиган бўлди.

Дастлабки пайтлар янгиликлар топиш қийин бўлди, наҳотки кичкина телевидение қисмати фақат четдан келтирилган дастурлар ва видеоқароқчиликдан иборат бўлса?

Маҳаллий газета журналистлари билан ҳамкорлик ҳам кутилган натижани бермади. Бироқ яна ўша кичкина студиянинг яккаю ягона телефони жиринглай бошлади.

Томошабинлар билан жонли мулоқот

Ўша давр ўзбек тележурналистикасидан фарқимиз видеоёзувдан камроқ фойдаланиб, камера олдидаги жонли мулоқот кўплигида эди.

rasm1115
Янгиликлар студиясидаги телефон бутафора учун эмас

Очиқ айтиш керак, бунинг бир сабаби монтаж қилишга вақт йўқлиги, қурбимиз етган маиший видеомагнитофонлар сифатининг ҳаминқадарлигида эди.

Видео қандай тасвирга олинган бўлса, шундай эфирга узатилиши шарт, видео изоҳи қўшимча микрофон орқали очиқ эфирда бериларди.

300 минг кишилик аудитория экранида пайдо бўлган мулоқот телефони ўз самарасини бера бошлади, таҳририятга телетомошабинларнинг тинимсиз қўнғироқлари, хатлари ёғилди…

Ҳафта янгиликлари учун сюжетлар тайёрлаш, видеотасвирларни монтаж қилиш ва ҳафта сўнггида эскирган ахборотларни ташлаб юбориш ҳеч ўзини оқламасди, чунки янгиликлар ҳар куни бор эди.

Янгиликлар орасида

Баъзан «Эй-Эл-Си» мухбирлари жамоаси воқеа содир бўлган ерга ўт ўчирувчилардан олдин етиб боришган.

rasm1145
ALC (Оқбўри Лидер Компанияси) ҳақида «Кўзгу» газетасида босилган мақола

Маҳаллий ҳокимият томонидан кийим-кечак бозори ўртасида ўрнатилган темир панжаралар ҳақидаги хабарда бир томонда амалдорлар, бир томонда савдогарлар ва харидорлар турар, телевидение эса ўз холис сўзини айтиши шарт эди.

Чунки унинг томошабинлари хилма-хил фикрли одамлардир. Бироқ баъзан амалдорлар негатив ҳолат тўғрисидаги ахборотнинг телетомошабинга етиб боришини сира исташмайди. Марказий канализация тизимидаги авария ҳолатида ҳам шундай бўлди.

Тезкор бригада воқеа содир бўлган жойдан тасвир олгач, зум ўтмай ультиматумлар кела бошлади. Журналист савдогар эмас. Телевизион янгиликларнинг винодан фарқи шуки, жуда тез эскиради. Уни бирор соат ҳам сақламай, эфирга бериб улгуриш керак.

Вилоятнинг бузуқ йўллари, серқатнов кўчанинг қоқ ўртасида очиқ қолдирилган канализация люклари ҳақида эса ҳар куни хабар бериш мумкин.

«Эй Эл Си” каналининг ёпилиши

1999 йили “Эй Эл Си ” телевизион компаниясининг беш йиллиги жонли эфирда нишонланди ва ўша йили ноябрда мустақил телестанция ёпилди, тағин жонли эфир пайтида…

rasm1146
Вилоят матбуот бошқармасининг телеканални ёпиш сабабини изоҳлаган хати

Гарчи бу даврга келиб таҳририят икки марта судланган ва бир марта ёпилиб, қайта очилганди.

1995 йили ахлоқ милицияси томонидан мустақил телекомпанияга безорилар телевидениеси дея айб қўйишга уриниш бўлди. Ўша йили “Эй Эл Си”га тегишли станциянинг эфир ускуналари милиция томонидан кесиб олиб кетилди ва яроқсиз ҳолга келтирилди.

Аввалига суд бюрократияси, кейин эса апелляция жараёни анча вақт давом этди.

Бироқ мустақил станция бу гал судда ғолиб чиқиб, эфир ҳуқуқларини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

1999 йилнинг 20 ноябрида эса студияга Ўзбекистондаги цензура институтини тамсил қилувчи 20 дан ортиқ идорани бирлаштирган мувофиқлаштириш комиссияси вакиллари келди.

Ўша куни кечқурун дунёнинг турли нуқталарида ҳокимиятлар томонидан сўз эркинлигига тазйиқлар, қўшни республикаларда радио ва телеканаллар қандай ёпилганига оид таҳлилий кўрсатув дастуридан сўнг хабарларни узатаётган журналист Меҳрибон Бекиеванинг айтган сўзлари бундай бўлди:

“Биз ҳар сафар “Эртагача хайр” дея хайрлашардик, бу гал биз сиз билан номаълум муддатгача хайрлашамиз…”.

Камера ва эфир очиқ қолган, Меҳрибон эса ёқасидаги петличкаларини олиб ташлаб студияни тарк этаётган бу пайт студия жойлашган Матбуот уйининг панжаралар билан ҳимояланган 8-қаватига, қўриқлаш хизмати ходимларининг қаршилигига қарамай, милиция бошлиғи кўмагида комиссия вакиллари етиб келишган. Улар биздан эшиклар очишимизни талаб қилишарди…

«Эй Эл Си» ҳимояси учун 1999 йилги маҳкамада жавобгар томон сифатида вилоят ҳокимлигининг иддаолари мантиқсиз бўлди.

МКК ишчи гуруҳи аъзоси Ғолиб Шер Зиёев фикрига кўра, телекомпаниянинг ёпилишида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Раҳимов имзолаган ҳужжат асосий роль ўйнаган. Унда ёзилишича, ”Эй Эл Си” танқидий, салбий фактларни кўп ёритган. Журналистик текширувларини маҳаллий ҳокимлик билан мувофиқлаштирмаган ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмаган.

“Эй Эл Си”ни тиклаш учун жамоатчилик ҳаракатлари суд бюрократияси билан бирга узоқ давом этди.

Орада телевидение ҳимоясига мақолалар чоп қилган яна бир мустақил нашр – “Манзара” газетасини ҳам ёпишди.

2000 йилнинг ёзига келиб республика прокуратураси телевидение раҳбари, рассом ва журналист Шуҳрат Бобожонга қарши айблов иши очди.

Шундан сўнг акам Шуҳрат мамлакатни тарк этишга, Германиядан иқомат олишга мажбур бўлди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 март 2019
Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар ...
16 сентябр 2016
Бугун Жиззахга Мирзиёев келиши муносабати билан қўй сўйилади. Бу вилоятда у ҳокимлиги даврида нималар қилмади, айниқса Каримовнинг кўнглини олиш ...
29 август 2018
Урганч туман судининг ўзбек журналистлари Бобожоновларга тегишли уйларни «давлат эгалигига ўтказиш» тўғрисидаги ижро ижро варақаси, суд қарорига шикоят қилишнинг ...
17 июн 2020
Менга берилган қамоқ жазосининг тугашига саноқли кунлар қолганида, яъни январь ойи ўрталарида ёнимга Антоненконинг чопари келди ва СПП Антоненко ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...