Элак
29 декабр 2015

Бошқа қўлга ўтаётган ҳокимият

Абдужамил Дўстмуҳаммад
Eltuz.com

Йил сўнггида содир бўлган воқеалар ва матбуотга сиздирилган иддаолар шундай тахмин қилишга асос беради.

Кейинги кунларда Ғарб матбуоти Каримовнинг кенжа қизига оид мулклар ҳақидаги хабарларни чоп қилди. Хусусан, New York Times газетаси Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Тиллаева-Каримова Лос-Анжелесда тўртта қаср сотиб олганини билдирди.

30 октябрь куни президентнинг кенжаси ҳокимиятга келиш нияти йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Каримовнинг иккала қизидан фарқли ўлароқ, куёв бўлмиш бундай иддао билан чиққани йўқ.

Айнан ўша пайтдан, Eltuz нинг ҳокимиятга яқин манбаларидан бирига кўра, Лола Каримованинг қайнотаси, Гулнора Каримова тарафидан “катала” қиморбоз дея таърифланган Ҳаким Тиллаев ҳукуматнинг сармоялар лойиҳасида ишлай бошлаган. Бироқ бу маълумот ҳали расман тасдиқлангани ёки инкор этилгани йўқ.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиëевга яқин ўша манбага ишонилса, Лола Каримованинг эри Тимур Тиллаев эндиликда президент маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Бу сўнгги икки хабар ҳозирча расман тасдиғини топганича йўқ. Бироқ ўтган ойда Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова салтанати чўкишда давом этгани рост.

2015 йилнинг 5 ноябрида Норвегия полицияси Гулнора Каримова билан боғлиқ можаро боис Vimpelkom ширкатининг бош директорини ҳибсга олди.

Аниқланишга муҳтож яна бир янгилик – Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова устидан маҳкама ўтганига оид иддао.

Гулнора Каримова ва унинг ўғли Ислом Каримовга яқин манбаларнинг Eltuz га билдиришича, бундан икки ҳафта олдин Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани жиноят ишлари судининг ëпиқ мажлисида Каримовнинг тўнғичи иши кўрилиб, у 3 йил шартли жазо олган.

Бундан олдин республика Бош прокуратураси Гулнора Каримова номи тилга олинаётган жиноят иши бўйича ўз сайтида расман изоҳ берган эди.

Тарихий чекиниш

Юқорида келтирилган фактлар ва иддаолар ҳар қандай ҳокимият ва жамият учун энг муҳим саналса-да, Ўзбекистон аҳолиси учун табуга айлантирилган, парламент кун тартибига киритилмайдиган, умумхалқ муҳокамасига қўйилмайдиган масалалар экани кўринади.

Буни англаш учун қисқа бир тарихий чекинишга зарурат бор. Чунки мамлакатнинг бугунги сиёсати мустақилликнинг дастлабки йилларидагидан анча фарқли. Бу фарқни англамасдан туриб вазиятга баҳо бериш мушкул.

Илгари Ўзбекистон раҳбарлари Кремль томонидан тайинланарди. Ҳар ҳолда ҳукумат тепасига келаётган шахс, аввало, Шўролар муҳокамасига қўйиларди. СССР тарқалганидан сўнг эса ҳокимиятга Москва тайинлаган, номенклатурадаги унча кўзгаям ташланмайдиган шахс ва коммунист бўлган Каримов ўз иқтидорида қолди.

Ҳокимиятнинг барча тизгинларини қўлига олган Каримов, энг аввало, халқни сайлов ва танлов ҳуқуқидан маҳрум этиш, мухолиф фикр ва эркин матбуотни йўқ қилиш эвазига мамлакатни фақат ўз аймоқларигагина бойликлар келтирувчи клептократик давлатга айлантирди.

Давлат мутлақо заиф фуқаролик жамияти ва кучишлатар тизимлари томонидан яхши ҳимояланган коррупцион, авторитар тизилмага айлантирилди. Пул ювиш, порахўрлик, рейдерлик асосига қурилган бу ҳокимият фақат бир кишига – унинг тепасида ўтирган шахсгагина хизмат қилиши мумкин бўлиб қолди.

Каримовнинг мамлакатдаги барча жорий қонунлар ва Конституция бандларига хилоф ва нолегитим тарзда 1989 йилдан буён давлат тепасида қолиши сири ҳам ана шу ерда. Айни шу синоат боис ҳокимият учун курашаркан, Каримовнинг иккала қизи ҳам президент бўлиш таъмаси йўқлигини отасига бирин-кетин изҳор этади.

Дўпписи тор келган Гулнора

Гулнора салтанатининг қулаши, Швециянинг “Телиасонера” ширкатидаги можаролар билан боғлиқ воқеалардан бир йил ўтиб, 2014 йили Самарқанддаги бир халқаро анжуманда президент Каримов ҳокимиятдан кетиш нияти йўқлигини эълон қилди.

“Мени ҳокимиятда узоқ ўтириб қолди, деб танқид қилишади. Танқид қилаверишсин, мен барибир қоламан”, дея иқтибос келтирди ўшанда “Франс пресс” ахборот агентлиги.

Қизиғи шундаки, бунга қадар Ўзбекистонда унинг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам ўзининг твиттердаги машҳур мужодаласида ҳокимиятга интилмаслиги ҳақида билдирганди. “Иноятов қўймаяпти! Худди шундай деди: керак эмас… пусиб ўтирсанг тегмаймиз… Одамларга ачинаман, ахир уларни қўрқитишяпти ва уришяпти…”, дея твитлаганди у.

Синглиси Лоладан ва Ўзбекистондаги бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, Гулнора Интернетда анча ошкора ёзишмалар қилди. Бироқ у бир нарсада – ҳокимиятга интилмаётганини иддао этишда синглиси билан якдил бўлди.

Мен-ҳукмдор эмасман!.. Ва бу дўзаxий жойга етаман, деб ўлиб-тирилаётганим йўқ…” дея ёзди ўзининг машҳур твитларидан бирида Каримовнинг тўнғичи. Унинг бу иддаолари синглиси Лола ва онаси Татьяна билан даҳанаки жангларидан сўнг, твиттердаги ва инстаграмдаги овози ўчирилишидан сал илгари янгради.

Суд томонидан жазога тортилиши Гулнора Каримовани ҳокимиятга бўлган легитимлик ҳуқуқидан буткул маҳрум қилади. Судлангани боис у эндиликда ҳокимиятга ортиқ талабгор бўла олмайди, бу билан эса ҳокимиятга интилаётган қариндошлари учун йўл очади, улар эса Тиллаевлардир.

Тиллаевлар

Яқин йилларгача кенг оммага номаълум, қартабоз Ҳаким Тиллаев номи ўғлини президентнинг кенжа қизига уйлантирганидан сўнг кўп тилга олинадиган бўлиб қолди.

Айни икки ҳафта бурун, Eltuz нинг аноним манбасига кўра, Лоланинг қайнотаси Ҳаким Тиллаев Россиядан Ўзбекистонга қайтиб келиб, сармоялар лойиҳасида ишлай бошлади. Унинг ўғли Тимур Тиллаев эса президент маслаҳатчиси қилиб тайинланди.

Ўша пайтда ҳокимиятда ишлаш иддаоси йўқлигини билдирган Ўзбекистон президентининг кенжа қизи, Тиллаевларнинг келини Лола Каримова дипломат бўлиши билан бир пайтда Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий вакили ҳамдир.

2013 йилда берган интервьюсида эса у 12 йилдан буён ўз опаси Гулнора билан муносабати йўқлигини билдирган.

Ўзбекистонда бугунги кундаги бош клептократ Тимур Тиллаев бир томондан бизнесмен, “Гарвард университети битирувчиси” сифатида танилган бўлса, бошқа томондан “криминал авторитет Ҳакимбойнинг ўғли” сифатида машҳур.

Айнан Тиллаевлар бугунги кунда ҳам пул кучи, ҳам рейдерлик, рекет, ҳатто ўз аймоқларини йўқ қилиш йўли билан мамлакат бизнеси ва сиёсати устидан тўлиқ ҳукмронликка интилаётган куч сифатида кўринмоқда.

Гулнора Каримова ўз даврида ижтимоий тармоқда Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи бозор “Абу Сахий” онаси ва синглиси томонидан назорат этилиши ва уларнинг барча моллари мамлакатга божхона ва солиқ тўловларини четлаб кириб келиши ҳақида хабар қолдирган, “Абу Сахий” бозори хўжайини” синглисининг эри Тимур Тиллаев бўлиб, унинг МХХ раҳбарларидан бири Ҳаёт Шарифхўжаевнинг яқин дўсти эканини сиздирган эди.

Шўри қуритилган бойваччаю шаҳзодалар…

Бироқ криминал олам учун дўсту ёрон, қариндошу қондош тушунчалари мутлақо ўзгача аҳамият касб этади. Шахсий ғараз ва манфаатлар устунлиги бошқа тушунчалардан юқори қўйилади.

Тиллаевларнинг олий рутбага яқинлашишига бевосита ёрдам кўрсатган айни шахсларнинг кейинги йилларда бирин-кетин четлатилиши, қамалиши, йўқ қилиниши, бир вақтлар Тиллаевларнинг Каримов оиласига унаштирилишига бош-қош бўлган криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг тинимсиз давом этган терговлар, босимлардан сўнг мамлакатни тарк этиши бунга мисол.

Бир йил аввал айни аймоққа мансуб қудратли гуруҳнинг яна бир тўдабошиси, президентнинг қайин жияни, ўзини Фарғона шаҳзодаси атаган Акбарали Абдуллаевнинг шўри қуритилган, у 2014 йилнинг 19 ноябрь куни қамоққа олинган эди.

Гулнора Каримова ўша пайтларда Твиттерда қолдирган билдиришларида бу ҳаракатларни онаси Татьяна ва синглисининг эри Тимур Тиллаевларнинг Акбаралига тегишли бизнесни тортиб олишлари билан боғлиқ рейдерлик, дея урғулаган эди.

Кейинчалик Шарифхўжаевлар бошлиқ тўда – МХХнинг элликка яқин амалдори катта жиноятларда айбланиб қамалди, уларнинг мулклари мусодара этилди.

Шу билан бирга, Каримовнинг тўнғичи Гулнорага тегишли бизнес тармоқларига ҳам қирон келтирилди, улар ҳам бирин-кетин ёпилди ва ҳудуд Гулнорага алоқадор шахслардан тўлиқ тозаланди.

Бу каби кўрпа ости амаллари ундан ҳам илгари Гулнора Каримованинг тармоқлардаги жанглардаги мағлубияти, яна ҳам тўғрироғи, молиявий жиноятларда айбланиб, унга қарши Европанинг бир қанча йирик мамлакатларида жиноят иш қўзғатилгани, Швейцария банкларидаги пуллари музлатилганидан сўнг авж олганди.

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайдими?

Эҳтимол “ҳукмдор” (Гулнора Каримова таъбири) айни шу воқеалар боис ҳам ҳали ҳокимиятдан кетиш нияти йўқлигини билдиргандир.

Иддао қилинишича, Гулнора Каримова судланиб, уч йиллик шартли жазога ҳукм қилингани эса унинг эндиликда ҳокимиятдан буткул четлатилганини англатади. Бу кўргиликларидан илгари Гулноранинг ўзи ҳам твитларида онаси Татьяна “уни йўқ қилишга киришгани” ҳақида ёзганди.

“Ҳукмдор”нинг Гулнорага нисбатан бундай қарор беришига 4 ноябр куни Vimpelcom ширкати собиқ бош директори Жо Лундернинг қамоққа олиниши ҳам қаттиқ таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Норвегиядаги тергов суриштируви натижаларига кўра, Telenor ширкати Vimpelcom даги 33 фоизлик улуш учун Гулнора Каримовага тегишли Takilant ширкатига пора тарзида 30 миллион доллар атрофида пул ўтказган.

Bloomberg ахборот агентлигига кўра, ширкатлар сохта фирмалар тармоғини яратиб, консалтинг хизматини кўрсатиш бўйича қатор шартномалар имзолаган ва бу схема орқали Ўзбекистон телекоммуникация бозорида ишлаш имкониятига эга бўлиш учун президент Ислом Каримовнинг яқинларига пора берган.

Жорий йилда АҚШ Адлия вазирлиги жиноят қидирув бўлими Швеция прокуратурасидан VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компаниялари пора тўлаши учун воситачи бўлган Takilant Ltd. фирмасига тегишли маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни сўраган эди.

Хусусан, АҚШга қарашли New York Mellon банкининг Ирландия, Люксембург ва Бельгия шўъбаларида Каримовларнинг музлатилиши лозим бўлган навбатдаги ҳисоб рақамлари борлиги билдирилган.

Бугунги кунда Каримов аймоқларининг Гулнора дохил айблардан ўзини чеккага тортишга интилаётгани Ўзбекистон ҳокимияти чўққисидаги кураш майдони эндиликда Каримовнинг иккала қизи учун ҳам торлик қилиб қолгани сабабларидан бири бўлса керак.

Президентнинг куëви, асли самарқандлик Тимур 31 миллионлик халқ устидан ҳукмронлик қилиши ҳақидаги қарор ўғриларнинг қайси “сходкаси”да қабул қилинганини билмаймиз.

Билганимиз шуки, “кўча”, яъни Ўзбекистондаги криминал жамоат Кремль тарафидан тайинланган ҳукмдорнинг ўрнига ўз одамини ўтқазиш пайига тушган.

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
Радио манбасига кўра илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни йиғиб, далага олиб кетишган. “Балкондан қараб турдим. Ҳаммасини бир ...
3 август 2016
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг буғдойдан бўшаган ерларга мош экиш ҳақидаги топшириғи, ўз ерларига бошқа экинлар экиб, катта меҳнат ва ...
7 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 54-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) АМАЛ ВА РИЁ Яқинда бир ...
2 июл 2019
Ҳукуматнинг тўйларни чекламаслиги ҳақидаги хабарлари ортидан 2018 йилнинг 2 июлида Тошкентда 13 та карнайчи иштирокида ўтказилган тўй тасвирлари тармоқда ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...