Асосий мавзулар
13 декабр 2016

Президентнинг тепкисини кутадиган партия фаоллари

Президент сайлови ўтар-ўтмас матбуот худди Ислом Каримов давридаги ҳолатига қайтди-қўйди. «Йўлчи юлдузи»ни бир муддат йўқотиб қўйган партия нашрлари ҳатто куни-кеча бўлиб ўтган сайловга ўз муассисларининг тўлиқроқ муносабатини билдирмай туриб, сайланган президентга ҳамду сано ўқишни бошлади.

Хусусан, «Ўзбекистон овози» газетаси (10.12) ўз муассиси бўлмиш ХДПдан сайланган депутатлар ва партия фаолларининг ЎзЛиДеП номзоди ўлароқ президентликка сайлаган Шавкат Мирзиёевнинг кейинги йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилгани ортидан ура-ура фикр-мулоҳазаларини чоп этди.

ХДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев янги президентнинг Конституция кунидаги нутқини «ҳар жиҳатдан кенг қамровли ва концептуал маъруза», дея баҳолади.

Аввал марҳум И.Каримовнинг чиқишлари депутатлар томонидан яна шундай «юксак баҳо»га сазовор кўриларди. Бу каби чиқишларда бирор ўзгариш бўлса, у ҳам Ислом Каримов номи ўрнига Шавкат Мирзиёев рутбаси ишлатилаётганидир. Қолгани аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай.

Янги президент ҳокимият халқдан узоқлашганини очиқ айтганидан кейин депутатнинг «виждони бирдан уйғонган» кўринади шекилли, ҳамма айбни ўз бўйнига олиб: «Тўғрисини айтиш керак, биз депутатларда қатъийлик ва фидойилик етишмагани, ҳақиқатнинг юзига тик қарамаганимиз учун ҳам вазият шу аҳволга келиб қолди», деб мардлик қилади.

Лекин унинг мардлиги янги юртбоши белгилаб берган чизиқдан чиқмаслигини ҳозирдан тахмин қилиш учун авлиё бўлиш шарт эмаслигини кўпчилик чин дилдан ҳис қилиб тургани шубҳасиз.

ХДП марказий кенгаши бўлим мудири эса «қабулхона» ўйинини янада ишончлироқ ўйнаш кераклигини таъкидлаган.

«Биринчи навбатда, партиямиз тизимида мавжуд бўлган «жамоатчилик қабулхоналари» ишини жонлантиришимиз, керак бўлса, тубдан қайта кўриб чиқишимиз керак. Шу орқали одамларни ўйлантираётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш, мавжуд муаммоларин ҳал қилиш имконияти пайдо бўлади», дейди ХДП амалдори.

Чорак асрдан бери одамлар муаммоларини кўрмай келаётган бу партия фаоллари халқнинг дардини англаши учун Ш.Мирзиёевнинг тепкисига зор бўлиб турган экан-да, деган гап келади кўнгилга.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 январ 2024
Элтузнинг Ютубдаги канали орқали ўтган йил давомида энг кўп томошабинлар эътиборини тортган видеолар ўнталигини тақдим этади. Эслатиб ўтамиз, улар Ютуб статистикаси ёрдамида танланди ва у ердаги устивор мавзу жиноят оламига экани ойдин бўлди. Холбуки Элтузнинг ўтган йилги сўровларида Элтуз мухлислари кўпроқ давлат сиёсати, маданият ва санъатга оид кўрсатувлари томоша қилиш истагини билдиришган эди. ...
5 сентябр 2023
Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйларини «реформа қилиш» ташаббускори бўлган Тоҳир Миржапаров 15 нафардан зиëд вояга етмаганларни ичириб, ҳушидан кетказиб, мунтазам зўрлаб ...
29 январ 2018
Тошкент шаҳри марказидаги модерн меъморчилик намунаси бўлган Киночилар уйи ва бошқа биноларнинг бузилиши Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ...
11 феврал 2021
Қуръони каримда 25 пайғамбарнинг исми зикр этилади. Ҳадисларда эса ер юзига жами 124 минг пайғамбар юборилгани ҳақда билдирилади. Улардан ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...