Асосий мавзулар
16 декабр 2016

Сиёсий ҳушёрлик – узоқ яшаш сирларидан бири

«Халқ билан фикрлашган одам кам бўлмайди», дея мулоҳаза қилди «Ўзбекистон овози» газетаси (13.12) сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилиш ортидан.

«Маҳаллий ҳокимларнинг халқ олдида ҳисобот бериши, депутатлар ва сенаторларнинг жойлардаги муаммоларни изчил ўрганиши одамларни ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим топишда, вакиллик ҳокимияти ва ижро ҳокимиятининг бир-бирига мувофиқ ҳолда фаолият юритишида, инсон манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади», деб ёзди газета.

Ўзбекистон нашрлари бу ҳақда илгари ҳам худди шу сўзларни қўллаган ҳолда кўп ва хўп ёзган. Лекин халқ ўз тақдирида бу ўзгаришларни ҳис қилдими? Йўқ, албатта. Унда марҳум президент давридан қолган бу қуруқ аравани яна судрашдан не наф? Бу тешик тоғора ҳақидаги нақлни эслатмаяптими сизга?

Гарчи янги президент ҳокимият халқдан узоқлашиб кетганини очиқ айтганига қарамай, газета бу ҳақда очиқ ёзиш масъулиятини ўз зиммасига олишни истамаган. Бунинг ўрнига муаммонинг илдизини совет замонига олиб бориб тақашга уринган.

«Очиғи, совет замонида халқимиз осмонўпар шиорлардан, «қизил» гапларлардан чарчаб, безиб кетган. Одамлар ҳозир аниқ вазифа, аниқ мақсад, бошқача айтганда, аниқ саволга жавоб кутяпти», дейди нашр.

Газета ҳокимиятнинг халқ билан яқинлашувдан қочганлигини совет замонига бориб улаганига бир сабаб бор. Бечора нашр яқин ўтмишимизда, Каримов даврида шундай бўлганини очиқ айта олмайди. Чунки янги юртбоши эскисининг йўлини давом эттираман, деб айтиб қўйган.

Янгининг гапига қарши гап айтиш эса улар учун ўлим билан баробар. Сиёсий ҳушёрлик узоқ яшаш сирларидан бири, деб билади газета ноширлари.

Буни яхши тушунадиган газета халқ билан мулоқот қилиш зарурати нисбатан амалда янги президент давридан англана бошлаганини хаспўшлашга уринади.

«Охирги йилларда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар бу борада муҳим қадам бўлди», дейди газетада чоп этилган мақола муаллифи.

Биродар, марҳум президент халқ билан мулоқотдан чекиниб, мавжуд ҳокимиятнинг тахтини омонат қилиб қўйгани учун янги раҳбарлар шунга мажбур бўлди, деб очиқ айтишга куч қайда буларда?!

«Халқ истаги – эзгу, халқ истаги – ҳақиқат», дея хулоса қилади газета. Бу гапларни халқ билади. Аслида бундай эмаслигини ҳам билади. Мазкур ҳақиқатни амалдаги ҳокимият ҳам англаб етганда эди, биз бугун бу гапларни ёзиб ўтирмаган бўлар эдик.

Шунингдек, «Ўзбекистон овози» Олий Мажлис Сенатида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун муҳокамаси тўғрисида ҳам материал чоп этиб, унда ХДПдан сайланган депутатларнинг фикрини келтириб ўтган.

Депутатлар Ўзбекистон шу пайтгача коррупцияга қарши курашиш борасидаги бир қатор халқаро конвенцияларга қўшилганини эслатар экан, янги қонун бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаган.

Аммо улар мазкур иллат Ўзбекистондаги бутун ҳокимият тизимларини қамраб олгани, унинг жамиятга етказаётган зарарини баҳолаш масаласида бирор оғиз гапиришга «иймаган». Бу «ийманувчанлик» ортидан уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасида бирор иш қилишига ҳам шубҳа уйғонади.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 июн 2023
Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон пойтахтида яна бир университет очиш ниятида эканини билдирди.  Унинг бу баёноти Akfa университети ...
1 январ 2018
Жорий президент Мирзиëев 22 декабрдаги нутқида, ўтган 25 йил қайтиб келмасин, дея феълан Каримов меросини ахлатга улоқтирди. Ижтимоий тармоқнинг ...
15 июн 2020
Андижонлик 44 яшар Алижон Абдукаримов ички ишлар ходимлари тарафидан уриб ўлдирилди. Алижоннинг ортида ҳомиладор хотини ва уч фарзанди қолди. ...
20 май 2020
Тадбиркор Жасур Абдураҳмонов 14 май куни маҳаллий нашрга берган интервюьсида, «Гулнора Каримованинг турмуш қуриш таклифини рад этганим сабаб босим ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...