Асосий мавзулар
19 декабр 2016

Озода нега Мирзиёевдан кечирим сўради?

Таниқли хонанда Озода Нурсаидова 17 декабр куни ўзининг инстаграмм саҳифасида Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўраши ҳақида ёзди ва сайловда унга овоз бергани акс этган бюллетени ва расмини илова қилди.

Бундан икки йил муқаддам у Озодлик радиосига Бош вазирни судга бериши ва унинг кирдикорларини фош қилиши ҳақида шов-шувли интервью берган эди.

“Юртимиз катта жудоликни бошидан ўтказган бўлишига қарамасдан ўта маъсулият билан Президентлик сайловларини хам ўтказиб олди. Давлат раҳбари сифатида халқимиз ҳар томонлама муносиб номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев тимсолида ўз истиқболини кўра олди ва кўп овоз билан ўз лидерини танлади. Чунки у киши томонидан кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқ билан бўлган мулоқотнинг юқори даражага кўтарилиши таҳсинга сазовор бўляпти. Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, санъатда илк профессионал сахнага қадам қўйган кезларимда Ш.Мирзиёевнинг камтарин, очиқтабиат ва етук раҳбар эканликларига бир неча бор гувоҳ бўлганман.”, деди Инстаграм тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистонлик машҳур хонанда Озода Нурсаидова.

Ўзининг, Шавкат Мирзиёев номини белгилаган сайлов бюллетени расмини эълон қилган хонанда, расм остига “Менинг овозим! Мой выбор!” деб ёзиб қўйди.

У ўзининг бундан икки йил аввал, бош вазир мақомидаги Шавкат Мирзиёевни судга бериши хақидаги баёнотига изоҳ берар экан, “Шавкат Миромоновичнинг номларини сотиб, у кишининг халқ орасидаги ҳурмат-эътиборларидан шахсий манфаатларида фойдаланиш эвазига бойлик орттиришни касб қилган айрим кимсалар сабаб, хаётимда турли муаммоли вазиятлар юзага келди. Деярли бир умр пешона тери қилиб топганларимни ўзлаштириб қайтиб бермаслик учун Бош Вазир номи билан қўрқитиб менга босим ўтказиб келишди.” дея расмий баёнот берди.

Озода Нурсаидова 4-декабр Президент сайловида Шавкат Мирзиёевга овоз берганини ҳам яширмади.

Янги президент қасамёдга келтирилгач, Озода Нурсаидова, ўзининг икки йил аввалги шаштидан нима учун қайтганини изоҳлаш вақти келганини англади.

“Вақт ўтиши билан ушбу жумбоқ ўз ечимини топди. Юқоридаги вазият мен орқали Шавкат Миромоновични обрўсизлантиришга бел боғлаган кимсаларнинг ўзаро айёрона режаси бўлганлиги маълум бўлмоқда. Бошимга бу кунларни солганларга ҳам Худо бор албатта! Кези келганда ушбу вазиятга чинакам мардларча, бағрикенглик ва олийжаноблик билан ёндошганликлари учун Шавкат Миромоновичдан миннатдорман ва юзага келган вазият учун узр сўрайман.”деб ёзди Озода ўзининг 17 декабрдаги янги баёнотида.

Икки йил аввал Озода Озодликка нима деганди?

Халқ орасидаги шуҳрати Юлдуз Усмонова билан деярли баробар бўлган хонанда Озода Нурсаидова 2014 йил май ойида Озодлик радиосига берган интервьюсида, “Хар йили хат ёзаман Ўзбекнавога “Концерт бераман” деб. Жимжитлик. Запрет деган жавоб келади. Қанаққили, ахир кислород бўлмаса, қанаққилиб ишлайсиз? Телевиденияга бераман, Қора рўйхат дейди. Ўзбекнавога бораман, лицензия оламану лекин телевиденияга рухсат йўқ дейди, Шавкат Мирзиёевни қарори бор, оғзаки айтишади. Ёзиб беринглар шуни десам ёзиб беришмайди.” деган эди.

Озода радио орқали Мирзиёвни судга беришини билдирган эди

Хонанданинг Озодлик радиосига айтишича, у Шавкат Мирзиёевнинг командасига кирмагани учун, бошига шундай кўргуликлар тушган.

“Ман, Шавкат Мирзиёев командасига кирмаганим, уларни сиёсатини олиб бормаганим учун бўляпти бу нарса. 2001 йилда бош тортганман…. Мирзиёев ва унинг санъатдаги монополиясига бўлган фикримни ёзганимдан кейин, …шу нарсалар бошланди. Биринчидан хозир газсиз ўтирибман уйда. 3 ойдан бери газсиз ўтирибман. Налог келади, светдан келади хар куни. Неча йилдан бери яшайман, ҳеч бунақа бўлган эмас. Унинг камига яна хокимиятдан келишиб мани кадастримни бекор қилишмоқчи, яъни, ман нимамишки, ўзбошимчалик қилиб давлат ерини эгаллаб олган эмишман. .. Бу абсурд. Бу туҳмат!. Ман бу ерни ҳокимнинг тасдиғи билан олганман. Бу 2008 йилда бўляпти. Кейин янги ҳоким келяпти ва ман бу ерни ноқонуний ўзлаштирганмишман. Ана шу ерни бузиб ташлайман деб пўписа қиляпти хокимият. Ахир мен ўша сотихга уй қурганманку?! …” деганди Озода 2014 йилнинг май ойида Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Шавкат Мирзиёев қанча одамларни (шўрини) қуритганини билган Озода…

Хонанда, шу интервьюда Шавкат Мирзиёевнинг қандай йўллар билан хокимиятга келганини билишини айтар экан, бундай юксак мавқедаги амалдорни судга бериш учун етарлича фактлари борлигини ҳам яширмаганди.

“Қанаққилиб ҳокимиятга келганини, қанча одамларни қуритганини, маниям хаётимга нималар қилганини, ҳаммасини биламан, яъни ўзимга тегишли тарафини. …Керак бўлса, махсус хизматлар ҳам билади манда фактлар етарли эканини….Судга бериш бу оддий убеждения, оддий фикр билан бўлмайди, буни яхши биласиз. Фактсиз хеч қанақа суд бўлмайди хозир. Фактим борки, даъво қиламан” деган эди Озода Нурсаидова Озодлик мухбирига.

Атиги икки йил аввал, хорижий радиоси мухбирига Ўзбекистон Бош вазири ҳақида айтилган бундай салбий фикрлар ўзбеклар жамиятида портлаган бомба эффектини берган эди. Давраларда ва ижтимоий тармоқларда анча пайтгача мухокама қилинганлар, бу дадил баёнотнинг эгасини бундан буён Ўзбекистонда яшай олмаслигини ҳам башорат қилишганди.

Лекин, Бош вазир судга тортилмади ва бу ишга бел боғлаган қўшиқчи Озода хам бемалол тўй хашамларда хизматини қилиб юраверди.

Озода нимага Европага «қочди»?

Мамлакатни 25 йил бошқарган Ислом Каримовнинг шу йилни август ойидаги ўлими ортидан, бош вазир Шавкат Мирзиёев, республика Конституциясига зид равишда вақтинчалик президент мақомини олганидан сўнг, хонанда Озода Нурсаидова Ўзбекистондан чиқиб кетди.

Инстаграм тармоғидаги саҳифасига ўзининг Европада экани хақида хабар берган хонанданинг, ўз мухлисларини “Ўзбекистонга қачон қайтасиз?” деган саволларини жавобсиз қолдириши, ўзбек жамиятида яна миш мишларни алангалатди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлиб сайланиши мумкинли эхтимоли ортаётган бир пайтда, уни судга беришини очиқ ойдин гапирган хонанданинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши, икки йил аввалги унинг Озодлик радиосига берган баёнотини яна мухокамалар майдонига чиқарди.

Озода Нурсаидовани яхши билган инсонларнинг айтишларича, хонанда аввалига Ўзбекистондаги вазиятнинг ўзи учун тескари томонга айланиши важидан зудлик билан мамлакатни тарк этган.

“Лекин Европада у ишонган одамлар, аввалги ваъдаларидан қайтишди. Опанинг Европада қолиб ижод қилиши савол остида қолди. Туркиядаги ҳамкорлари ҳам аниқ бир қарорга келишганини билдиришмади. Ва опа Ўзбекистонга қайтишни афзал кўрди” деди хонандага яқин бўлган инсонлардан бири Элтузга.

Янги президент Озодани кечирадими?

Хонанда билан боғлиқ машмашалардан яхши хабардор бўлганларнинг айтишларича, бу ёғига Озоданинг яна катта саҳнага қайтиши осон кечмайди.

“Икки йил аввал ўз ҳамкасбларини Шавкат Мирзиёевни улуғлаш, уни халқ орасида тарғиб қилиш каби топшириқлар олганликда ва шу орқали бош вазирни президентлик лавозимига олиб келиш учун харакат қилаётганликда айблаган Озода Нурсаидова, энди қандай қилиб бошқа санъаткорлар олдида эмин эркин юради? Боз устига, Шавкат Мирзиёевни жудаям кекчи одам дейишади. Энди у Озодани кечирмаса керак” дейди Озода Нурсаидованинг Тошкентлик мухлисларидан бири Элтуз билан сухбатда.

Озода Нурсаидова ўзининг икки йил аввалги шов шувли интервьюсидаги даъволардан нима учун қайтди? Ўша пайтда Бош вазирга қарши ошкора баёнот берган хонанданинг орқасида қандай куч бор эди? Хозир ўша куч қаерда қолди?

Хозир бу саволлар ўзбек қўшиқчилигида ўз мактабини ярата олган машхур санъаткор Озода Нурсаидованинг мухлислари ва рақиблари хаёлида кўп такрорланаётган бўлиши эҳтимол.

“Оз қолди. Яна бир йил ичида бу саволларга жавоб топилади” дейди ишонч билан Озоданинг мухлисларидан бири.
Кутиб қоламиз.

Улуғбек Ашур
журналист, Канада
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 январ 2017
Уч ойлик конфет-гулдаста даври тугади. Яна кортеж. Автоматчилар куршовида ëпиқ трасса бўйлаб сайр. Мирзиëев яна Каримов йўлидан каримов услубида ...
26 январ 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 38-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Ҳаёт – илмдир. ...
1 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
18 август 2018
Швейцария федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова адвокатларининг унга тегишли, мазкур мамлакат банкларида ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...