Асосий мавзулар
26 март 2023

26 март референдуми – Каримовнинг илк сиёсий найранги

Ўзбекистонда 1995 йилнинг мартида президент ваколатини узайтириш учун референдум ўтказилган эди.

Ислом Каримовнинг президентлик ваколатини 2000 йилга қадар узайтирган бу референдум кунларидаги сиëсий кайфиятни ўша давр расмий матбуотидан излаймиз.

Қўлимизда референдум кунлари чоп қилинган ва каримовпараст чақириқлар билан тўла “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари.

“Халқ сўзи” газетасининг 25 мартдаги сони “Эртага умумхалқ референдуми куни” деган сарлавҳани манжетга чиқарган.

Газетанинг илк саҳифасида италиялик дипломат Карло Унгаро (Carlo Ungaro) тилидан “Ўз вақтида ўтказилаëтган муҳим тадбир” деган “мақола” эълон қилинган.

Айни саҳифада Каримовни “Тинчлик ва осойишталик кафолати” деб атаган тожикистонликнинг мактуби эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 1995 йилда Тожикистон Ўзбекистон ҳукумати учун одамларни қўрқитадиган ва яшашидан шукр қилишга чорлайдиган “ўрнак” давлат эди.

Бугунги матбуот ўзбекларни Сурия билан қўрқитса, ўша пайт матбуоти Тожикистон билан қўрқитган.

Айни саҳифада референдум воситасида лавозимдаги умри узайтирилаëтган Ислом Каримов шаънига мақтовлар ëғдирилган мақолалар ўрин олган.

“Порлоқ келажак сари”, “Тўла қўллаб-қувватлаймиз” каби мақолалар риторика ва мадҳиябозлик намунаси каби туюлади.

Газетада ўша пайтда ўзбек парламенти спикери бўлган Эркин Халиловнинг Мадридга сафари ҳақида ҳам билги берилган.

Айни газетанинг 23 мартдаги сонида эса умумхалқ референдумидаги овоз бериш варақасининг намунаси келтирилган.

Варақада “Сиз Ўзбекистон президенти ваколатларини 1997 йилдан 2000 йилга қадар узайтиришга розимисиз?” деган савол қўйилган. Тартибга кўра, бу варақага қалам текизмай қутига ташланса, розилик аломати бўларди.

Норозилар бу матнни ўчириб ташлашлари талаб қилинган.

Ўша пайтда мухолифатнинг Туркияда нашр қилинган “Эрк” газетасида ëзилишича, сайлов хоналаридаги ручкаларнинг ичидаги запаси олиб қўйилган экан. Бюллетень устини чизганлар ҳуқуқбузар сифатида милиция суҳбатига олиб кетилган.

Яна газеталарга қайтамиз. “Халқ сўзи”нинг 24 март сонида келеслик мактаб директори Халиловнинг расми референдумда Каримов тарғиботчиси сифатида тақдим қилинган.

Айни саҳифада Каримовга бағишланган “Келажагимизнинг ишончли кафолати” сарлавҳали каттагина мақола чоп қилинган. Газета муаллифлари референдумни “Демократиянинг олий маҳсули”, дея тарифлашган.

Референдум ўтиб бўлганидан кейин 28 март куни чоп қилинган “Халқ сўзи” Каримовнинг фотосини чоп қилиб, “Эл ишончи – олий мукофот” сарлавҳасини манжетга чиқарган.

Газетанинг ички саҳифасидан эса референдумнинг “зўр уюшқоқлик билан ўтгани” ҳақидаги лавҳалар елпиғичи ўрин олган.

Рус тилидаги “Народное слово” газетаси “Народ сказал свое слово” сарлавҳаси остида референдумни мақтовчи мақолани эълон қилган.

1995 йил 26 мартида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига мувофиқ, Каримовнинг президентлик ваколатлари 2000 йилгача узайтирилди.

Шундан бери ўтган ва муқобил сайлов экани иддао қилинган президент сайловларида Каримов яна осонлик билан ўз курсисида қолишга муваффақ бўлди.

Халқаро кузатувчилар бу сайловларнинг биронтаси ҳам эркин ва демократик бўлмаганини айтишади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, бир шахс президент лавозимига икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 апрел 2018
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати собиқ раиси, Хоразм вилояти ҳокими 59 ёшли Илгизар Собиров “саломатлиги ëмонлашгани боис ўз аризасига кўра” ...
2 май 2018
Туркия президенти Ражаб Эрдўғоннинг хотини Амина Эрдўғон 30 апрель куни ўзининг Twitter тармоғига президент Мирзиёевнинг хотини Зироатхон билан тушган ...
31 август 2016
1995 йилнинг 26 июнидан бери Ўзбекистон МХХ раиси лавозимини эгаллаб келаётган 72 яшар Рустам Иноятов Каримов ўртадан кетиши билан ...
1 ноябр 2015
Шуҳрат Бобожон Eltuz.com Сичқон каби митти жонивор улкан филни ўлдириши мумкин, деган гапни биринчи синф ўқитувчим Зеваржон опа илк ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...