Асосий мавзулар
12 апрел 2017

12 апрел – Ўзбекистонда мустақил ALC TV ташкил топган кун

1994 йили акам Шуҳрат, укам Ғайрат ва менинг ҳаракатларим натижасида Урганч шаҳрида ташкил бўлган бу телестудияни тугатишга оз-мунча уриниш булгани йук ва ташкил топганидан беш йил ўтиб у тугатилди, бугун эса ҳаммаси ортда қолди.

Ўша куни Матбуот Қўмитаси Хоразм Вилоят бўлими мулозими Улуғбек Йўлдошев қўлимизга рўйҳатга олинганлик ҳақидаги гувоҳномани тутқазди, шодлигимиз чексиз эди.

Шу куни илк узатиш ускунаси ҳарид қилинди ва ўша куни ушбу ҳужжат 8-канални қайд қилиш учун Давлат Алоқа Назорати мулозимига топширилди ва олдинда очиқ эфир турарди.

rasm1144
Студияни 5-10 та маиший видеомагнитофон ва камералар билан жихозлагандик

ТВ ҳақидаги дастлабки тасаввурларимиз

Ўша пайтда менинг наздимдаги телевидение одамларга маърифат ёки мухолиф муждаларни етказадиган жой, бундан ҳам баттарроғи шеърлар ўқиб муҳлислар дилини чоғ қиладиган жой каби кўринган.

Бадиий кўргазмалари боис ҳорижда кўп бўлган рассом акам Шуҳратнинг тасаввурлари эса бу масалада яна ҳам илғорроқ, у немис панклариники каби эстетик телевидения яратиш йўлида бардавом бўлди.

Турмуш ташвишлари кўпроқ ўйлантирадиган укам Ғайрат эса канални очиқ аудиториядан ёпиш ва мижозларга дешифратор қўйиб бериб, ойлик ҳақ эвазига кино ва кўнгилочар дастурлар қўйиш тарафдори эди.

rasm1147
Эфир телевиденияси фаолияти учун берилган гувоҳнома

Оҳири ҳар биримиз ўз орзуларимиздан қисман кечиб кўрпага қараб оёқ узатишга, табрик эълонларидан тушадиган пулга қаноат қилиб, ҳафталик янгиликлар тайёрлашга қарор бердик, укамиз Ғайрат ҳам ўша кундан бошлаб ҳафталик янгиликларга тасвир йиғиш учун чиқадиган бўлди.

Дастлабки пайтлар янгиликлар топиш кийин бўлди, нахотки, кичкина телевидения кисмати факат четдан келтирилган дастурлар ва видеокарокчиликдан иборат булса?

Маҳаллий газета журналистлари билан хамкорлик хам кутилган натижани бермади. Бироқ, яна ўша кичкина студиянинг яккаю ягона телефони жиринглай бошлади.

Томошабинлар билан жонли мулоқот

Ўша давр ўзбек тележурналистикасидан фарқимиз видеоёзувдан камроқ фойдаланиб кўпроқ жонли камера олдидаги мулоқотда эди.

rasm1115
Янгиликлар студиясидаги телефон бутафора учун эмас

Очиқ айтиш керак, бунинг бир сабаби монтаж қилишга вақт йўқлиги, қурбимиз етган маиший видеомагнитофонлар сифатининг ҳаминқадарлигида эди.

Видео қандай тасвирга олинган бўлса шундай эфирга узатилиши шарт, видео изоҳи қўшимча микрофон орқали очиқ эфирда бериларди.

300 минг кишилик телетомошабинлар экранида пайдо бўлган мулоқот телефони ўз самарасини бера бошлади, таҳририятга телетомошабинларнинг тинимсиз қўнғироқлари, хатлари ёғилди…

Хафта янгиликлари учун сюжетлар тайёрлаш видеотасвирларни монтаж килиш ва хафта сунгида эскирган ахборотларни ташлаб юбориш ҳеч ўзини оқламасди, чунки янгиликлар ҳар куни бор эди.

Янгиликлар орасида

Баъзан «Эй-Эл-Си» мухбирлар командаси воқеа содир бўлган ерга ўт ўчириш командасидан олдин етиб боришган.

rasm1145
ALC (Оқбўри Лидер Компанияси) ҳақида «Кўзгу» газетасида босилган мақола

Маҳаллий ҳокимият томонидан кийим-кечак бозори ўртасида ўрнатилган темир панжаралар ҳақидаги хабарда, бир томонда амалдорлар, бир томонда савдогарлар ва ҳаридорлар турар, телевидения эса ўз холис сўзини айтиши шарт эди.

Чунки унинг томошабинлари хилма-хил фикрли одамлардир. Бирок, баъзан амалдорлар негатив холат тугрисидаги ахборотнинг телетомошабинга етиб боришини сира исташмайди. Марказий канализация системасидаги авария холатида ҳам шундай бўлди.

Тезкор бригада воқеа содир бўлган жойдан тасвир олгач, зум ўтмай ультиматумлар кела бошлади. Журналист савдогар эмас. Телевизион янгиликларнинг винодан фарқи эса, у жуда тез эскиради. Уни бирор соат ҳам сакламай, эфирга бериб улгуриш керак.

Вилоятнинг бузуқ йўллари, серкатнов кўчанинг қоқ ўртасида очиқ қолдирилган канализация люклари ҳакида эса ҳар куни хабар бериш мумкин.

«Эй Эл Си” каналининг ёпилиши

1999 йили “Эй Эл Си ” телевизион компаниясининг беш йиллиги жонли эфирда нишонланди ва ўша йили ноябрда мустақил телестанция ёпилди, тағин жонли эфир пайтида…

rasm1146
Вилоят Матбуот бошқармасининг телеканални ёпиш сабабини изоҳлаган хати

Гарчи бу даврга келиб таҳририят икки марта судланган ва бир марта ёпиб қайта очилганди.

1995 йили аҳлоқ милицияси томонидан мустақил телекомпанияга безорилар телевиденияси дея айб қўйишга уриниш бўлди. Ўша йили “Эй Эл Си”га тегишли станциянинг эфир ускуналари милиция томонидан кесиб олиб кетилди ва яроқсиз ҳолга келтирилди.

Аввалига суд бюрократияси, кейин эса аппеляция жараёни анча вақт давом этди.

Бироқ мустақил станция бу гал судда ғолиб чиқиб, эфир ҳуқуқларини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

1999 йилнинг 20 ноябрида эса студияга Ўзбекистондаги цензура институтини тамсил қилувчи 20 дан ортиқ идораларни бирлаштирган Мувоффиқлаштириш комиссияси вакиллари келди.

Ўша куни кечқурун дунёнинг турли нуқталарида ҳокимиятлар томонидан сўз эркинлигига тазйиқлар, қўшни республикаларда радио ва телеканаллари қандай ёпилганига оид таҳлилий кўрсатув дастуридан сўнг, хабарларни узатаётган журналист Меҳрибон Бекиеванинг айтган сўзлари шу бўлди.

“Биз ҳар сафар “Эртагача ҳайр” дея ҳайрлашардик, бу гал биз сиз билан номаълум муддатгача ҳайрлашамиз…”

Камера ва эфир очиқ қолган, Меҳрибон эса ёқасидаги петличкаларини олиб ташлаб студияни тарк этаётган бу пайт, студия жойлашган Матбуот уйининг панжаралар билан ҳимояланган 8 қаватига, қўриқ хизмати ходимларининг қаршилигига қарамай, Милиция бошлиғи кўмагида комиссия вакиллари етиб келишган. Улар биздан эшикларни очишимизни талаб қилишарди…

«Эй Эл Си» ҳимояси учун 1999 йилги маҳкамада жавобгар томон сифатида вилоят ҳокимлигининг иддаолари мантиқсиз бўлди.

МКК ишчи гурухи аъзоси Ғолиб Шер Зиёев фикрига кўра, телекомпаниянинг ёпилишида Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Рахимов имзолаган ҳужжат асосий рол ўйнаган. Унда ёзилишича ”Эй Эл Си” танқидий салбий фактларни кўп ёритган. Журналистик текширувларини махаллий хокимлик билан мувофиқлаштирмаган ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмаган.

“Эй Эл Си”ни тиклаш учун жамоатчилик ҳаракатлари, суд бюрократияси билан бирган узоқ давом этди.

Орада телевидение ҳимоясига мақолалар чоп қилган яна бир мустақил нашр “Манзара” газетасини ҳам ёпишди.

2000 йилнинг ёзига келиб республика прокуратураси телевидение рахбари, рассом ва журналист Шуҳрат Бобожонга қарши айблов иши очди.

Шундан сўнг акам Шуҳрат мамлакатни тарк этишга, Германиядан иқомат олишга мажбур бўлди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 декабр 2016
Халқ шоирларию, қўшиқчиларидан тортиб масжид имомигача янги юртбошига мадҳиялар ўқиркан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият супасига фақат ўз одамларини яқинлаштирмоқда. Бу ...
30 август 2016
Кейинги уч кун ичида, Каримовнинг миясига қон қуйилгани ва ўлгани ҳақида Интернетда хабарлар пайдо бўлди, шу муносабат билан Чехиядан ...
2 март 2017
28-февралдан 2-мартгача Истанбулда бўлган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек делегацияси Туркия ва Ўзбекистон ўртасида сармоялар ётқизилишини ваъда ...
12 апрел 2015
Сизга аэропортда ёки ўзбек чегарасининг бошқа қисмида декларациялар тўлдиришга тўғри келганми? – дея савол беради журналист Қудрат Бобожонов. Тўғри, ...
Блоглар
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...
8 май 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва ...