Асосий мавзулар
14 апрел 2020

14 апрель – “Титаник” чўккан кун

Британия кемасозлик ширкатига тегишли «Титаник» 1912 йилнинг 14 апрелидан 15 апрелига ўтар кечаси ҳалокатга учради.

«Титаник»да бўлган 2358 кишидан 868 нафари қутқарилади. Улардан 202 нафари биринчи тоифа каюта йўловчилари, 114 нафари иккинчи ва 325 нафари учинчи тоифа каюталари йўловчилари бўлишган. Қутқарилганларнинг мутлақ кўпчилиги аёллар ва болалар бўлиб, эркаклар 79 нафарни ташкил этган.

Кема Бельфастдаги «Ҳарлланд энд Волт» кемасозлик компанияси тарафидан 1911 йилнинг 31 майида сувга туширилиб, 1912 йилнинг 10 апрелида Нью-Йоркка қараб сафарга чиқди.

Кема конструктори Томас Эндрюс энг даҳшатли ҳалокат юз берса ҳам «Титаник» уч кеча-кундуз чўкмасдан сув юзида туриши мумкинлиги ҳақида одамларни ишонтирган эди.

2358 йўловчи билан Англиянинг Саутгемптонидан чиқиб, Нью-Йорк сари йўл олган кема Британия ва Америка аристократиясининг нуфузли вакиллари, умумий мулки ҳозирги қийматда 100 миллиард доллардан ошиқ бўлган 25 нафар бой бор эди.

«Титаник»нинг люкс каюталарига АҚШ президенти Тафтнинг қўриқчиси майор Арчи Батти, катта универмаг хўжайини Страус рафиқаси Идой билан, Англиянинг таниқли публицисти Уильям Стед, рассом Франк Милле, кема конструктори Томас Эндрюс, «Титаник» хўжайини Брюс Исмей ва бошқалар жойлашишади.

Эҳтиёт бўлинг, айсберг!

Кеманинг биринчи радисти Жон Филлипс ва унинг ёрдамчиси Горалд Брайд 14 апрель куни кечқурун «катта ер» билан алоқага чиқмоқчи бўлиб туришганида тўсатдан яқиндаги кемалардан бирининг «Эҳтиёт бўлинг, айсберг! Эҳтиёт бўлинг, айсберг!» деган хабарини эшитиб қолишади.

Соат 23:40да Флит «Титаник»дан 400 метрча олдинда улкан муз қатламини кўриб қолади. «Курс бўйича тўғрида айсберг!» қичқиради у ва уч марта қўнғироқ чалади.

Катта офицер Уильям Мердок «чапга, чапга бур!» дея шошилинч буйруқ бериб, кеманинг машина қисмига қарата «орқага, орқага!» дея қичқиради.

Кейинчалик маълум бўлишича, ана шу нотўғри буйруқлар берилмаса, «Титаник» улкан муз бўлагига урилиб, нари борса кеманинг олд қисми жиддий шикастланиб, тўқнашув туфайли кўплаб кишилар жароҳатланиши, лекин кема чўкмасдан омон қолиши мумкин эди.

Кемани энг аввал қўрқоқлар тарк этган

Аммо буйруқ берилиб бўлинди. Буйруқ бўйича кема бурилади ва шу сабабли муз қояси кеманинг олд томонига эмас, унинг ўнг ёни пастки қисмига зарб билан урилади.

Кеманинг ташқи қатлами 100 метр узунликда консерва қутисидек кесилиб, палубага муз бўлакчалари ёмғири ёғилади.

Кема 10 дақиқа ичида 3 минг тоннадан ошиқроқ сувни «ютиб», унинг механизмлари бирин – кетин ишдан чиқа бошлайди.

Кема конструктори Томас Эндрюс вазиятга баҳо бериб, ўз меҳнати маҳсулига ўлим ҳукми чиқаради: «Уч соатга қолар-қолмас кема ғарқ бўлади», дейди .

Соат 00:15. Сувга биринчи қутқарув қайиқлари туширилади. Улар бор-йўғи 20 дона. Демак, йўловчиларнинг кўпи билан учдан бирини қутқариш мумкин. Лекин бунга кемадаги ваҳима ва шошма-шошарлик ўз таъсирини ўтказди. Шу сабабли ҳам биринчи қайиқ 65 киши ўрнига 28 кишини олиб, тезда жўнаб қолади. Иккинчиси 20 ва учинчиси 12 киши билан кетиб қолади.

Соат 1:00. Кемада қўрқув ва ваҳима авжига чиқади. Қайиқларга олдин аёллар ва болаларни тушуриш учун ҳарбийлар ҳатто қурол ишлатишга мажбур бўлишади. Бироқ фақат ўз жонини ўйловчи қўрқоқ ва номардлар олдин қочишади.

Масалан, «Титаник» хўжайини Брюс Исмей ўзидан олдин қутқарув қайиғига чиқаётган болали аёлни сувга итариб юбориб, биринчи қайиқ билан жўнаб қолади. 1908 йилги Олимпиаданинг қиличбозлик мусобақаси бўйича чемпиони, миллионер Коса Дафф Гордон учинчи қайиқ бошқарувчиларини шошилтириб, ўзининг жонини тезроқ қутқазиш мақсадида уларга катта пул ваъда қилиб, 65 киши ўрнига 12 киши билан сузиб кетади.

Ҳамма ҳам номард эмас

Лекин ҳамма ҳам фақат ўз жонини сақлашни ўйламаган. Кемадаги кўпчилик ажал яқинлашиб қолганига қарамай, олижаноблик қилиб, ажал чангалидан бошқаларнинг ҳам тезроқ чиқишига ёрдамлашади. Масалан, миллионер Исидор Страус қайиққа ўтириш тўғрисидаги таклифни қатъий рад этиб, ўзининг ўрнига бегона аёлни ўтқазади.

Ҳайратланарлиси шуки, чўкаётган кемага унинг хотини Ида Страус ҳам қайтиб чиқиб, эридан бир қадам ҳам жилмай, унинг ёнида ҳаёт билан видолашади.

Американинг ўша пайтдаги энг бой кишиси 47 ёшли Жейкоб Жон Астор ҳам қайиққа ўтиргач, қайиққа сиғмай қолган болали аёлни кўриб қолиб, унга жой беради ва қайиқдаги хотини билан қуюқ хайрлашиб, «Титаник»ка қайтиб чиқади ва кема билан океан қаърига ғарқ бўлади.

Шунингдек, кемадаги миллионерлардан Артур Рейсон, Френсис Миллет, Кларенс Мур ва майор Арчи Ватт хотинларини қутқарув қайиғига тушириб, ҳеч нарса бўлмагандай, бамайлихотир кеманинг чекиш хонасига йўл олишади ва у ерда кема конструктори Томас Эндрюсни сўнгги марта кўришади.

Шуниси ҳайратланарлики, кема ва шу кема билан ўзлари ҳам ҳалокат сари боришаётганини билган ҳолда экипаж аъзолари ва кема хизматчилари ўз вазифаларини сидқидилдан виждонан бажарар, ҳеч ким иш жойини ташлаб кетмас эди.

Жумладан, кема кузатувчилари хушмуомалалик билан йўловчиларга мурожаат қилар, уларга қутқарув кийимларини кийишга ёрдамлашар, кўмирчилар, ўт ёқувчилар, машинист ва механиклар ҳеч нарса бўлмагандек, бемалол ўз ишларини давом эттиришарди.

Кема оркестри дирижёр Уоллес Ҳартли бошчилигида кема ҳалокатига 20 минут қолгунча мусиқа чалишни давом эттириб, шу зайлда кема билан бирга ҳалок бўлишади.

Соат 2:00. «Титаник» 45 даражага қийшайиб қолади ва кема пўлатлари юқори босимга чидаш бермай, қозон қисмида кучли портлаш юз беради. Кема бўлакларга бўлиниб кетиб, унинг олд қисми 600 метр чамаси отилиб кетади. Орқа қисми эса сув устига 20 қаватли уй баравари кўтарилиб, сўнгра чўкиб кетади.

Муз аралаш тубсиз сувлик замонасининг энг улкан, энг катта ва энг қиммат кемасини ўз қаърига тортади.

«Титаник»нинг чўкиши тарихда у ҳақдаги аччиқ хотира билан бирга, кўплаб фильмлар, ҳикоялар, мажозлар, мемлар, ўхшатишлар қолдирди.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 феврал 2023
Ўткан хафта Қахрамон Мараш, Малатия, Усмония, Адана, Хатай ва Ғози Антепдаги юртдошларим учун оғир бўлди. Улар Туркия тарихидаги оғир ...
19 март 2021
Эй аҳли ватан! Босди сани мунча ғафолат,Ғарқ айлади мунча сани дарёи жаҳолат,Тушдий сани бошинг уза шум заллаю разолат,Боқ! Ҳолингга ...
31 август 2018
Тунги клуб қўриқчилари билан пичоқлашувда 8 август куни тошкентлик спортчи Жамшид Кенжаевнинг ўлими ортидан мамлакатда «тозалаш» ишлари бошлаб юборилди. ...
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан бўшатилганини билдирмоқда. Бу ҳақда ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...