Асосий мавзулар
26 май 2016

Усмоновнинг 600 миллионлик яхтаси ва бечора ўзбеклар

Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларга яхта сотиб олгани дув-дув гап бўляпти.

Баъзан «миллион», «миллиард» деган сўзлар оғзимизнинг бир четидан осонгина чиқиб кетади. Бу қанчалик катта рақам эканини унча ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Масалан, миллиарднинг нақадар катта рақам эканини билиш учун “донолар доноси” – Google дан сўраб кўргандим, у бундай деди:
“Ҳозиргина туғилган чақалоқ “бир, икки, уч…” деб санашни бошласа, 70 йиллик умри сўнггида ҳам миллиардни санаб битира олмайди”.

Мен буни англаб етдим-у, савол туғилди: Бир сайр кемасини сотиб олишга бемалол ярим миллиарддан ортиқ маблағ сарфлашга қудрати етган Алишер Усмонов нега ўзбек миллатига қайғурмайди?

rasm1474
Олигарх Усмонов янги ҳарид қилган кемасини онасининг шарафига «Дилбар» дея номлаган. Фото: http://perebezhchik.ru/

“Бировнинг пули билан нима ишинг бор, ахир Алишер ака ўзбеклардан чиққан миллиардер!” дейишди менга. Энсам қотади… “Ҳа, ахир мен ўзбекман ва фахрланаман ўзбеклигим билан деяпти-ку?” дейман.

Оддий ўзбек бу гапни айтса, индамай кетаверардим. Лекин бу гапни Путин билан бемалол телефонда ҳол-аҳвол сўрашадиган одам айтяпти.

Ижтимоий тармоқни титиб кўрсам, мен билан ҳамфикр ўзбеклар ҳам бор экан. Улардан бири: “Нимаси ўзбек Усмоновнинг? Ўзбекка нима қилиб беряпти у? Пулини русларга сарфлайди, холос”, дебди.

Жон бор бу гапларда. Бир қарасанг, жаноб Усмонов машҳур «Сотби» аукционидан Мстислав Ростропович ва Галина Вишневскаянинг шахсий коллекцияларини ҳали аукцион очилмасдан туриб, бир кун аввал 111 миллион долларга сотиб олади ва Россия ҳукуматига ҳадя қилиб юборади.

Бир қарасанг, танти миллиардер “Союзмультфильм” студиясининг бир вақтлар Америкага сотиб юборилган энг сара фильмларини 10 миллион долларга сотиб олади ва шунчаки, бир тийин олмасдан Россиянинг бир телеканалига бериб юборади.

2014 йилнинг декабрь ойида фақирликдан қийналган америкалик таниқли олим Жеймс Уотсон ўзининг Нобел мукофоти учун берилган медалини Нью-Йоркдаги «Кристи» аукционига қўйганида, ўша ерда ҳозир бўлган “ўзбек” Алишер Усмонов уни 4 миллион долларга сотиб олади ва… ўша заҳоти эгасига қайтариб топширади.

Хорижлик футбол мураббийси Фабио Капеллога Россия футбол федерацияси маош тўлай олмай қолганида ҳам уларнинг жонига яна “ўзбек” миллиардери аро кирди. У миқ этмасдан Капеллонинг 10 миллион доллардан кўпроқ миқдордаги иш ҳақини ўз чўнтагидан тўлаб юборди.

Агар жаноб Алишер Усмонов «мен ўзбекман ва ўзбеклигимдан фахрланаман!” демаганида эди, унинг бу қадар қўли очиқлиги билан ишим ҳам бўлмасди. Бироқ у “мен ўзбекман” дейди, ва табиийки, биз ўзбеклар шунинг учун унинг қадамига, гапларига, туриш-турмушига, энг асосийси, чўнтагига эътибор бера бошлаймиз.

Бир йилда ўртача 150 миллион долларни Россия спорти, маданияти ва фанига садақа қилиб, “Россиянинг энг йирик меценати” («ҳотамтойи») номини олган Алишер Усмонов нима учун ўзбекларга қайишмайди?

Масалан, ўша сайр кемаси учун ярим миллиард доллардан ортиқ пул сарфлаган Алишер Усмонов туғилиб ўсган юртда бугун, расмий маълумотларга кўра, 4 мингта ёш бола оққон (лейкоз, қон саратони) хасталигидан азоб чекяпти. Бу хасталикка чалинганлар давлат ҳисобидан даволаниши Ўзбекистонда қонунан белгиланган бўлса-да, мутассадилар буни унутиб бўлган.

Тошкентдаги гематология шифохонаси шифокори бир суҳбатимизда: «Шифохонамизда лейкоздан ҳар йили 10-15 бола ҳаётдан кўз юмади. Дорилар қиммат, ота-оналар норасидасини сақлаб қолиш учун бор-йўғини сотади. Давлат ҳисобидан келиши керак бўлган дориларниям дорихоналардан олади”, деб йиғлаган эди.

Ўша шифокор опанинг айтишича, лейкоз билан оғриган боланинг касаллиги аниқлангани ҳамон даволанишни бошласа, тузалиб кетиши имкони бўларкан. Масалан, «Аспарагиназа» дорисини ўз вақтида ичиб турса, касаллик чекинар экан. Бунинг учун эса шу доридан 18 қути керак бўларкан.

rasm1467
Ўзбек бойи Алишер Усмонов Россиянинг фақиру ғарибларининг катта ҳомийси саналади. (Видеокадр: Uzxalqharakati.com)

“Аспарагиназа”нинг бир қутиси ҳозир Тошкентда 220 доллардан 250 долларгача сотилади. Демак, бир болани оққон чангалидан қутқариш учун 4 500 доллар зарур бўлади. Кўпчилик ўзбеклар учун бунча пул афсонавий бойлик. Улар фарзандини оққондан қутқариш учун ўзини ўтга, чўққа уради. Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда фарзанди шу касалликка чалинган ота-оналар саҳифалар очиб, дори-дармонга ёки жарроҳлик амалиётига пул йиғаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Оққон билан оғриган болалар учун қон топшириш ва моддий ёрдам йиғиш акциялари билан шуғулланувчи бир йигит айтиб қолди: “Оққонга чалинган бир болани Ҳиндистонга олиб бориб, илик кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти орқали уни бутунлай даволаб, Тошкентга қайтариб келиш учун 35 минг доллар керак экан”.

Шу гапни эшитганимнинг эртасига интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқлар “ўзбек бойи Алишер Усмонов 600 миллион долларга яхта сотиб олди”, деган хабарни тарқатди.

Бу ёғини энди мен ҳисоблашга тушдим. Демак, фарзандини ўлимдан қутқариш учун зир югуриб чора излаётган 28 нафар ота онанинг қўлига 35 минг доллардан пул берилса, 980 минг доллар бўларкан. Яъни, бир миллион хам эмас.

Ўзининг ўзбек эканидан фахрланадиган Алишер Усмонов Россия музейларига, кино ва театрига, спорти, мактабларига ҳар йили 150 миллион доллар ҳадя этади-ю, ўзбекнинг 28 нафар қора кўзини сақлаб қолиш учун 1 миллион доллар бера олмайди…

Нега? Ярим миллиард доллардан ортиқ пулга сайр кемаси сотиб олаётган Алишер Усмонов Ўзбекистонда яшаётган, саратонга чалинган болаларга 14 миллион доллар бера олмайди. Нега?

Нега? Ярим миллиард доллардан ортиқ пулга сайр кемаси сотиб олаётган Алишер Усмонов Ўзбекистонда яшаётган, саратонга чалинган болаларга 14 миллион доллар бера олмайди. Нега?

Бир йилда бир марта борингки икки марта денгизда сайр қилиш учун 600 миллион долларга яхта сотиб олаётган ўзбек, ўз ватанидаги 4 минг нафар ёш болани бутунлай ажал комидан қутқаришга 140 миллион бера олмайдими?

Ўзбекдан чиққан бадавлат ва нуфузли бир одамнинг “мен ўзбеклигимдан фахрланаман!” дейиши ўзининг унча ёрқин ва эркин бўлмаган кунларини яшаётган ўзбеклар учун хайрли бир мужда бўлиши керак эди назаримда. Лекин бундай бўлмади.

Россияда мардикорлик қилаётган қирғизларни тақирбош фашист тўдалар ҳужумидан сақлаш учун Қирғизистоннинг манаман деган мафиози Москвага келиб, ўша тақирбошларнинг етакчиси билан учрашиб, гаплашиб кетди. Бироқ Россия санъати-ю маданиятини, спорти-ю фанини ва тиббиёти-ю матбуотини қўлида ушлаб турган ўзбек миллиардери яшаётган мамлакатда ўзбеклар ҳамон эмин-эркин юра олмаяпти.

Ўша миллиардер Россия миллатчиларига: “Менинг ўзбегимга тегма!” дея олмайди. Айтмасин эди “мен ўзбекман!” деб… Ёлғон гапирмасин эди “мен ўзбеклигимдан фахрланаман!” деб…

Шунчаки, индамай бизнесини юритиб, Кремлга хизмат қилиб юраверсин эди.. Ана шунда биз бугун уни танимаган бўлардик. “Ҳа, бир ўриснинг бойи-да”, дердик ва бурилиб кетаверар эдик.

Алишер Усмонов юраверсин ўзининг Россиясида. Унинг миллиардлари ўзбекнинг оғирини енгил қилмайди. Миллатимизни қутқариш эса сиз ва бизнинг – ўзбекларнинг вазифаси бўлсин.

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 декабр 2019
Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
4 сентябр 2020
Ҳафта айланиб яна такиямни кийиб сизга қараб оғиз жуфтладим. Телевидение бўйича ўтган тренингларимда ментор оҳанг, яъни ақл ўргатиш томошабинни ...
23 декабр 2015
Eltuz Мамадали Маҳмудов билан журналист Малохат Эшонқулова қилган видеосуҳбатнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилади.
27 август 2020
“Ўзбекистон” телеканали орқали 2020 йил 26 август куни узатилган ижтимоий-сиёсий кўрсатув экспертлари яна бир бор йиртиқ кийим бош кийишни қоралаб чиқишди. Сўзга чиққанлардан ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...