Асосий мавзулар
28 июл 2016

«Йўлчи юлдуз» кўрсатган йўлдан юрмаётган матбуот

«Ҳуррият» газетаси ўз муассиси бўлмиш Журналистлар уюшмасига қарашли мониторинг гуруҳининг мамлакат матбуоти жорий йилнинг иккинчи чорагида нима кароматлар кўрсатгани ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисобот «Журналист сўзи: талқин, танқид ва таҳлил» дея баландпарвоз номланган ва дарров мамлакатдаги «энг мўътабар шахс»нинг матбуотга қаратаётган жуда улкан «эътибори ва ғамхўрлиги»га боши ерга теккунча таъзим билан бошланган.

Кейин эса «юртбошимиз табригидаги «айниқса журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлига тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор», деган сўзлар ҳар бир журналист учун фаолият мезони бўлиб хизмат қилмоқда, десак янглишмаймиз», дейилади.

Албатта, президент ўзбек журналистларининг байрамида уларга жуда катта ишонч билдирди, 25 йилдан бери айтган йўлига юрмаган журналистларга яна бир бор йўл кўрсатди.

Журналистларимизга бир томондан балли дейиш керак. Чунки улар президентимиз табрик йўллагандаёқ унда кўрсатилган йўлларни аниқ-тиниқ кўриб олади. Президент ҳам анойи эмас, журналистларга демократик йўлдан юришни уқтиради, танқид ва таҳлилни жойига қўйишни ўргатади.

Лекин журналистика бизда барибир мустақил-да. Президент йўл кўрсатиб берса ҳам ўзи билганидан қолмайди. Президент танқид қил, дейди, бизникилар мақтайди. Тезкор бўл, дейди, бугунги нарсани бир ҳафтада ҳам кўрсатмаслиги мумкин. Холис бўл, дейди, ҳали айблов эълон қилинмаган Аҳмадбойни телевизорда чиқариб, салкам бутун ўзбек халқининг бугунги аҳволга тушишига асосий айбдор қилиб кўрсатиб, ўртага олиб бир муштдан уриб ўлдирса ҳам камдек қилиб даврага солади.

Хуллас, ҳисобот бутунлай президентимизнинг кўзини шамғалат қилишга мўлжалланган. Унда тилга олинган мавзулар президентимиз ўз табригида айтган гапларга пародияга ўхшайди.

Чунки унда мамлакатнинг бугунги аҳволга тушишига сабаб бўлган асосий жиҳатларнинг бирортаси тилга олинмаган. Унинг ўрнига ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги айрим нуқсонлар тилга олиниши билан чекланилади.

Масалан, ҳисоботда «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган «Хоинлик» кўрсатувида Сурхондарё вилоятида жосуслик тармоғини ташкил этган шахснинг қилмишлари, бу ва бошқа телеканалларда «диний экстремистик йўлга кирганлар» фош этилган кўрсатувлар тилга олинади. Баъзи нашрларда «савияси паст» мақолалар эълон қилинаётгани таъкидланади.

«Мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг иккинчи чорагида матбуотда эълон қилинган таҳлилий материаллар, танқидий мавзудаги мақолалар бир мунча кўпайган», дея хулоса қилади газета, аммо ўтган йилги билан солиштирма маълумотларни келтирмайди.

Мониторинг хулосаларини ўқиб, аввало, бир жиҳатга эътибор қаратиш керак бўлади. Яъни унда сиёсий ҳаётга танқидий нуқтаи назардан қарашга оид бирорта мақола тилга олинмаган. Чунки бутун Ўзбекистон матбуотида бундай мавзуга оид мақола борлигининг ўзи даргумон.

Танқидий мақолалар эса аслида, қўполроқ айтганда, уйига иссиқ сув бормаётган хотин, электр энергияси танқислигига аҳолининг ўзи сабабчи экани тўғрисидаги эскирган «ҳақиқат», ўқитувчи ўрнига дарс бераётган агроном кабилар ҳақидадир.

Юқорида айтганимиздек, президент ҳар сафар журналистларга табрик йўллаганида уларга ҳаёт ҳақиқатларини очиқ айтиш, демократик тамойиллар асосида иш юритиш ва ҳоказо эзгуликларни тилайди.

Лекин бу журналистларимиз ҳар доим президентимизнинг айтганини қиляпмиз, дея куракда турмайдиган ҳисоботлар тайёрлайди.

Яна қайсидир газетада (аслида ҳамма газетада шу гап бор) Қамчиқ довонида туннел қурилгани тўғрисида таҳлилий мақола чоп этилганини тилга олади.

Ҳар куни деярли ҳар бир газетада Интернет кишилар онгига таъсир ўтказаётгани ёзилаётган бўлса-да, алоҳида бир журнални шу мавзудаги мақоласи учун мақтаб: «Муаллиф мақолага шундай якун ясайди: Биз мингйилликларнинг шафқатсиз синовидан, беаёв ғалвиридан ўтиб, бугунги кунгача соғ-саломат кетиб келган эътиқодли халқмиз. Биз қисмат китобини ўз қўлимиз билан ёзиб, ҳаёт кундалигини соғлом тафаккур ва гўзал тасаввур билан тўлдираётган бунёдкор халқмиз», дея кўзга қум сочади.

Бу ҳам етмагандек, бузиб ташланаётган кўчалар, уйсиз-жойсиз қолаётган юзлаб одамлар ҳақида гапирмай, фалон шаҳарда фалон миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилаётганини айтишдан ўзини тия олмайди.

Ўйламай-нетмай: «Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг иккинчи чорагида оммавий ахборот воситаларида таҳлилий ва танқидий мақолалар, эшиттириш ва кўрсатувларнинг сони ва сифати ошгани яққол кўзга ташланмоқда», деб ёзишдан ҳам ўзини тўхтата олмайди бу мониторингчилар.

Яхшиямки, президентимиз ҳамма нарсани билса-да, маҳаллий журналистларимизнинг бу каби кўзбўямачилигига индамайди. Чунки давлатимиз раҳбари уларнинг шундай эпидемияга учраганини билади назаримизда. Бўлмаса бундай кўзбўямачилик учун матбуотимиз раҳбарларининг ҳаммаси энг камида ишдан бўшатилган бўларди. Лекин юртбошимиз «матбуот душмани» бўлиб кўринишни истамайди-да!!!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2017
«Кеча Мирзиёев. Ш.М кетиши билан 3 кундан бери ўчмай турган чироқлар бошлади ўчишни» дея ёзди тўрткўллик шифокор Алимардон Султонов. ...
6 июл 2016
Ички ишлар ходимларига киракашлик қилган автомобил ҳайдовчиси милиция ва сапёрлар гуруҳи ҳар бир масжидни синчиклаб текширганини, куни бўйи уч ...
20 апрел 2017
18-19 апрел кунлари Тошкент шаҳар ҳокимларининг ярмидан кўпи алмашгани сабабларини таҳлил қилган Kun.uz нашри энг аввало буни аҳолидан тушаётган ...
26 июн 2017
Каримов ўлимидан сўнг, маҳаллий амалдорлар устидан шикоятлар рағбатлантирилди. Қайсидир мулозимнинг ишдан кетгани ёки юрак ҳуружидан ўлгани ҳақида тез-тез хабарлар ...
Блоглар
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...
17 июл 2017
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарларидан бирортаси президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар фаолияти танқидига қарши очиқ муносабат ...
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...