Асосий мавзулар
5 ноябр 2016

Ҳукуматни нажот қалъаси деб билган шоир ўлди

Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этди. Eltuz.com манбаларига кўра, шоирнинг жасади янаги ҳафтанинг сешанба куни Ўзбекистонга келтирилади.

Шоир Абдулла Орипов ҳақида “Буюк шоир” ва “Ҳукумат лаганбардори” дея айтадиган икки гуруҳ бор. Нафсиламбирини айтганда бу икки тасниф ҳам яшашга лойиқ.

Совет Иттифоқини сталинизм жаҳолатидан қутқариш илинжи сифатида тарихга кирган, Никита Хрушчев иқтидори довюрак шоирларни майдонга чиқарди.

Белла Ахмадуллина¸ Евгений Евртушенко каби шоирлар етишган бир даврда империя музофоти бўлмиш Ўзбекистонда дунëга келган митти юлдузнинг исми Абдуллла эди.

Абдулла Ориповнинг илк шеърларидаги дард сталинчи ўзбек мунаққидларини ҳуркитгани рост.

Улар Орипов шеърларидаги “йиғи” деган жумлага осилиб “совет шоири йиғламайди” дея депсинишди.

Орипов ўз мавқейини ҳимоя қилиш ўрнига¸ иқтидорга қарата муроса қўлини чўзди. Ўз кемаси ва цензура бандаргоҳини андишадан тўқилган муроса арқони билан боғлашга уринди.

Абдулла Орипов кейинчалик Совет даврида шўро тарғиботи руҳида шеър ëзганини эътироф қилади:

  • Бир куни хонадонимизга туман раҳбарлари меҳмон бўлиб келишдию, чамамда мусалласхўрлик ҳам қилишди. Уларнинг баъзилари шеър ёзиб юрганимдан хабардор экан шекилли, дафъатан чақириб, менга «шеър ўқи» деб қолишди. Мен «Кремл деворлари» деган шеъримни тантанали равишда ўқидим. Яқинда юз ёшни қоралаб, қазо қилган Ҳамроқул ота Мамедов эди шекилли (ўшанда райижроқўм раиси), кайфияти баландмикан, дадиллиги қўзиб, «ўғлим ўзинг Кремлни кўрганмисан?» деб қолди. Мен «Йўқ» дедим. У киши «Бўлмаса кўрмаган нарсангни бундай кейин ёзма!», деб қолди. Ўшанда еган дашномим менга ҳозиргача дарс бўлиб келаётир, – дея кейинчалик таъкидлаган бўлса ҳам шоир “қизил” шеърлар ëзишда давом этди.

Авангард шоирлар ҳазар қилган ЦК КПСС яъни коммунистлар марказқўмини Орипов “Нажот қалъаси” дейишгача борди.

Ориповнинг мамлакатга мусибат келтирган коммунистлар қароргоҳига сиғиниши у билан тенгдош Рауф Парфининг ғазабини келтиради.

ЦК КПСС эмас – “Юрак сенга нажот қалъаси” деб ëзди Рауф Парфи.

Ориповдан кейинги тўлқиннинг дарғаси улкан шоир Муҳаммад Солиҳ назарида бу ҳолат “сайроқи қушнинг одам тилига ўтгани каби” бўлди.

Курсида ўтирар кўзлари ботиқ,
Сочлари оқариб кетган қуш.
Сайрашни унутган,
Бизнинг тилимизга ўтиб олган у.

Бизнинг тилимизда гапирган куни
Сочлари оқариб қолган қуш.

Аммо шеърга Чўлпонлар давридаги унутилган жарангни келтиргани учун Орипов мухлислар севгисидан мосуво бўлмади.

1981 йилда мунаққид Иброҳим Ҳаққул айнан шу масалада Муҳаммад Солиҳ билан тортишади.

Ëшлик журналида чоп қилинган мунозарали мақолада мунаққид Иброҳим Ҳаққул назарида Орипов модерн шеърият ялавбардоридир:

-Биз Абдулла Ориповнинг биринчи шеърларини мактабда ўқий бошлаган эдик. Кундан-кунга унга қаттиқ боғландик — она Ўзбекистонимиз сувратини бошқача кўриб, унинг юрак асарларига кенгроқ қарайдиган бўлдик.

Шу маънода Абдулла Ориповнинг бугунги ёшлар шеъриятига кўрсатган таъсири ҳам шубҳасиз, албатта. Йўқ, бошқа шоирлар ижодини камситиб, Абдулла Орипов шеъриятини ягона мезон қилиб кўрсатмоқчи, деб ўйламанг.

Ғафур Ҳулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир каби улкан санъаткорларнинг анъаналарини давом эттириб, ватан мавзуида ўз гапларини айтаётган, шу туфайли ўқувчиларнинг меҳр-муҳаббатини қозонган шоирларимиз кўп.

Шеърият — бутун моҳияти билан бедорликка даъват. Шоирлик руҳан бедорлик, жамият, давр, халқ, энг аввало ватан олдидаги бедорлик. Шоир одам мудроқ ҳиссиётларга таяниб яшаши, маълум бир тоифа кишиларга ўхшаб ватан ва унинг қисмати билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг шарпаларинигина кўриб-кўрмасдан қаноат қилиши мумкин эмас.

Унинг мангу беором руҳи, ҳаловат билмас юраги қайси бир даражаларда бўлмасин, аниқлик маркази. Унда ватан тўғрисидаги муқаддас ҳақиқатлар акс этади. Унда чин эрк ва истиқбол тимсоли — ҳур ватан яшайди. Мана шунинг учун шоир қалбини биз олам ичидаги нурли ва таянч — олам — ростлик олами ўрнида қабул қиламиз. Лекин кўпгина ёш шоирларнинг шеърларида ватандан кўра унга “доир” асоси суст ҳис-туйғулар акс этаётганга ўхшайди. Ёки менга шундай туюлаётирми?

Бу саволга жавоб берган Муҳаммад Солиҳнинг Ориповни танқид қилгани 1981 йилда кўпларнинг таажжубини уйғотди:

«Ватан — мен учун мутлақо шахсий, ички тушунчадир. Бу ҳақда кўп гапириш, очиқ-яланғоч сўзлаш ахлоқсизликнинг бир кўринишига ўхшайди. Сиз ёшларни айтаяпсиз. Аслида, бу насдан-наслга ўтиб келаётган касаллик: баъзи ёш эмас шоирларимизнинг ижоди ўша касаллик “шарофати” билан яшаб келяпти. Бугунги кунда декларативликнинг ёмон эканлигини гапириб ўтиришнинг ўзи уят. Аммо, гапиришга тўғри келади. Балким, ўн йилдан кейин бу уят янада кучаяр, бироқ ўшанда ҳам гапиришга тўғри келмаса, деб қўрқади одам. Менимча, ўқувчини ҳаяжонга соладиган ҳар қандай яхши шеър ватан ҳақидаги шеър бўлиб қолаверади. Яъни, майсага бағишлаб “асоси суст” шеър ёзган одам Сиз айтган “мавзу”да ҳам дуруст нарса ёзиши гумон. Нимага шундай? Билмайман. Бир нарса дейиш қийин.

… Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.

Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол,
Маъюс эгилади терак учлари.
Барглар соясида ўйнайди беҳол
Уйқудаги қизнинг бедор тушлари…

Бу Абдулла Ориповнинг “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” шеъридан бир парча. Назаримда, уни ватан ҳақидаги юксак шеърият намуналари қаторига қўйса арзийди. Лекин афсуслар билан шуни тан олишга мажбурмиз-ки, ҳатто Абдулла Ориповдай катта шоир ижодидa ҳам гоҳо ўз иқтидори ва аввалги шижоатига номуносиб ҳолатлар кўриниб қоляпти: шоирнинг кейинги китобларидаги айрим мадҳия шеърлар унинг энг содиқ мухлислари даврасида ҳам парокандалик уйғотди¸ деган эди 1981 йилда Муҳаммад Солиҳ.

Абдулла Ориповнинг сўнгги шеърларида¸ умр ибтидосидаги Орипов айта олмаган дард тасвирини кўрамиз. Масалан, ўзбек расмий матбуотида нашр этилмаган мана бу мисраларни мутолаа қилсак.

Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,
Шу йўлда тобланди, ақл ва юрак.
Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,
Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрик айтиш нимага керак?

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

Энди сен боболар шавкатига боқ,
Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.
Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ.
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 июл 2016
Туркия аэропортида 28 июн кечаси уюштирилган бомбали ҳужум пайтида ҳалок бўлган наманганлик Аброржон Устабоев ва тошкентлик Мухиддинов Самад Муродовичлар ...
29 ноябр 2016
Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида аҳолининг кўзи қўшни мамлакатлар худудига ўтган магистрал газ қувурларига тушади. Ўзбекистон газининг аксарияти қўшни давлатлардан ташқари, ...
6 март 2017
Амакиси президент бўлган Ўзбекистондаги тузумнинг танқидчисига айлангани ортидан 2006 йил кузида руҳий касаллар шифохонасида банди этилган жиззахлик журналист Жамшид ...
25 июн 2016
23 май куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонасидан чиқиб озроқ яëв юриб, тошкентликлар орасида “ажралиш ҳайкали” дея ном чиқарган монумент олдига ...
Блоглар
28 июл 2017
Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...