Асосий мавзулар
6 ноябр 2016

«Сайлов шукуҳи»нинг тақчиллиги

Ўзбекистон телеканаллари «шукуҳ» сўзини яхши кўради. «Истиқлол шукуҳи», «фаровонлик шукуҳи», «мустақиллик шукуҳи», «бахтиёрлик шукуҳи»… Хуллас, ҳамма шукуҳ бор. Фақат ЎзТВда октябрь ойида «сайлов шукуҳи»нинг залвори негадир сезилмади.

Демократик давлатларда фавқулодда ҳолатларда, жумладан, давлат рабари кутилмаганда ўлиб қолса, телеканалларга кун тегади. Давлат раҳбарлигига бўлажак номзодлар муҳокома қилинади, ким яхши, ким ёмон, ким президентликка лойиқ, ким нолойиқ, хуллас, бутун давлатнинг тақдири гўёки ТВда ҳал бўлади. Лекин бизнинг телеканалларимиз ўзгача, чунки халқимиз ўзгача, давлатимиз ўзгача…

Мен сизга сайлов нималигини ўргатаман

Аслида Ўзбекистонда бўлажак сайлов муносабати билан октябрь ойи бу тадбирга бағишланган таҳлилий кўрсатувлар, ток-шоуларга бой бўлишини кутишга умидимиз бор эди. Чунки демократик, ҳуқуқий давлат эканини иддао қилаётган мамлакат телеканалларидан буни кутишга ҳаққимиз ҳам бор эди.

Лекин ҳар доимгидек кутганларимиз сароб бўлиб чиқди. Сайловга оид кўрсатувлар бўлмади, дея олмаймиз. Бўлди, бўлганда ҳам роса бўлди. Аммо телеканаллардаги сайловолди фаоллигининг имитациясини кўрдик, десак янглишмаймиз. Партиялар фаолияти, нима иш қилаётгани, нима ишларни режалаштираётгани Ўзбекистон каби бошқа «демократик давлатлар»даги сиёсий кучларникидан кўп бўлса борки, асло кам эмаслигини телеканалларимиз баралла етказиб берди халқимизга.

Номзодларга келганда эса негадир тўхтаб қолдик. ХДП етакчиси Ҳотамжон Кетмонов ҳаммасидан зўр, агар ўтган йилги сайловда Ислом Каримов номзоди бўлмаганда, албатта, у ютиб чиқарди, деганга ўхшаш гаплар, «Адолат»нинг раиси Наримон Умаров ёки «Миллий тикланиш» раҳбари Сарвар Отамуродов ЎзЛиДеПнинг «доҳий»си Шавкат Мирзиёевдан кўра кўпроқ ишларга қодир, деганга ўхшаш таъкидларни эса ҳатто сайловолди кампаниясининг энг қизғин даврида ҳам кўрмайдиганга ўхшадик.

Бунинг ўрнига барча телеканалларда Марказий сайлов комиссияси иштирокида ўтказилган тадбирлар, сайлов округлари ва участкаларида яратилган шароитларга бағишланган кўрсатувларнинг кети узилмади.

Халқимизга Ўзбекистоннинг сайлов тизими демократик ва ҳаққоний экани, унда элимиз ўз иродасини намойиш этиши учун барча ҳуқуқий асослар мавжудлиги, фуқароларнинг сайлов маданияти юқори экани ТВда тинимсиз такрорланади. Лекин ҳар сафар сайлов олдидан Ўзбекистон халқига фақат сайловда овоз бериш, нималарга эътибор бериш, сайлов қонунчилигимизнинг мукаммалиги, ҳаққоний ва ошкора овоз бериш учун ҳуқуқий асослар яратилгани кабилар ҳақида оғиз кўпиртириб гапирилади.

Бироқ бирор кўрсатувда Кетмонов президентликка энг муносиб номзод, Мирзиёев қарийб ўн беш йилдан бери давлат тепасида ўтирибди, лекин унинг сўконғичлигидан, зўравонлигидан бошқа нарсани эшитганимиз йўқ, деганга ўхшаш гапларни учратмайсиз.

Эй номард, ўйин ўйнасанг ҳам ишонтириб ўйна, сал ўхшасин-да, дейдигани ҳам йўқ. Калласи нечта бундай гапирадиганнинг…

Октябрь ойида сайловга оид бериб борилган кўрсатувларда айнан шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик.

Хусусан, «Менинг юртим» телеканалидаги «Менинг овозим» ток-шуосининг сайловга бағишланган сони шундай кечди. Унда фақат сайлов қонунчилиги тўғрисида минг марта айтилган гапларни қайтаришдан нарига ўтилмади.

Унда қатнашганлар ҳам негадир кўпроқ сайлов қонунчилиги билан қизиққанига нима дейсиз? Сайлов қонунчилигига қизиқар экансан, бу ҳақда маълумот оладиган манбалар камми?

Иштирокчиларнинг саволлари ҳам қизиқ. Биттаси чиқиб, «Партияга аъзо бўлсам менга нима беради, партиялар ўзига аъзо тадбиркорларга қандай кўмак кўрсатади», дейди.

Бирортаси нега партиялар сайлов олдидангина фаол бўлиб қолади, нега партиялар етакчилари (биттасидан бошқа!) фақат номзодликка муносиб номзод-у президентликка муносиб номзод эмас, деганга ўхшаш қайрилма савол бермади.
Бирам одобли, бирам андишалики булар, одамнинг кўнглини айнитадиган даража…

Кўрсатувда сайловда қатнашаётган номзодлар тўғрисида ҳам биров очиқ-ойдин фикр билдиргани йўқ.

Хуллас, бу каби кўрсатувларни томоша қилганлар Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг «энг ривожланган демократик давлатларникидан қолишмайдиган» жиҳатларини кўрди-ю, кимни сайласак халққа фойда бўлади, деган хулосага кела олмай армонда қолди.

Мақтанчоқлар конкурсига марҳамат

Эътибор қаратса арзийдиган бошқа кўрсатувларнинг аксарияти эса муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги вақтларда тинимсиз имзолаётган қарор ва фармонларнинг «оламшумул» аҳамиятига бағишланди.

Бу борада, айниқса, Қундуз амаки дея истеҳзо билан тилга олинадиган Қуддус Аъзамовнинг «Муносабат» кўрсатуви ҳар доимгидек олдинги сафда бўлди.

Масалан, унинг бир ток-шоуси ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунга бағишланди.

«Бу ҳақдаги қонун ёшларнинг ўзлари таклифига кўра ишлаб чиқилди, деб таъкидланди кўрсатувда. Ҳатто чекка жойлардаги ёшларнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олинди, дейилди.

Депутатлар, камолотчилар, турли масъул вазирликлар вакиллари бири қўйиб бири бу қонуннинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

Оммавий маданият, терроризм, экстремизм ҳақида гапирилди. Улардан ёшларни асраш ҳақида гап бўлди. Аслида шулар баҳонасида мавжуд режимни асрашга қаратилган истак ва тилаклар билдирилди.

Жойларда ёшларни қийнайдиган масалалар ўрганиляпти, деди «Камолот» вакиласи.

Ўзбекистонда ёшларга оид сиёсат устуворлиги эълон қилинганига қанча йиллар бўлди, нега ёшларимиз миллион-миллион бўлиб тирикчилик учун хорижга кетяпти, нега таълим сифати пасайгандан пасайяпти, ёшларга ҳақиқий эътибор қачон кучаяди, демади студияда ўтирган ҳайбаракаллачилардан бирортаси.

«Муносабат» кўрсатувининг биз кўришга муваффақ бўлган икки сони Шавкат Мирзиёев имзолаган тадбиркорликка оид фармон хусусида бўлди. Биринчисида Қундуз амаки ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми иштирокчиларини тўплаб машварат қилди.

Тўғриси, бу кўрсатув «Ким кўп мақтанади» конкурсига ўхшади. Бири спорт жиҳозлари ишлаб чиқариш билан мақтанса, бошқаси гўзаллик салони очгани, келинлар либослари ижарасини йўлга қўйгани, ўқув марказлари ташкил этгани, ҳозир қанчадир ёшни иш билан таъминлагани, қанча шогирди алоҳида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганини айтиб мақтанди.

Бошқаси ёғоч ўймакори экани, ишлари Париж, Лондон каби йирик шаҳарлар музейларида сақланаётганини айтса, ёш рассом қизча асарларига хорижликлар ҳам қизиқиш билдираётгани, Ўзбекистон вилоятларида кўргазмалар ташкил этиб, муваффақиятларга эришаётганини айтиб мақтанди.

Рўзи Чориев, Ўрол Тансиқбоев, Чингиз Аҳмаров каби дарғалар бу қизчанинг асарларини кўрса, ўзлари яратган картиналардан уялиб қолмасмикин, деган андиша ҳам ўтди кўнгилдан…

Тадбиркорликка оид фармонга бағишланган бошқа кўрсатувда бир томондан тадбиркорлар, бошқа томондан улар фаолиятини назорат қилувчи органлар вакиллари иштирок этдики, унда баъзи қизиқ фактлар ўртага чиқди.

Гарчи кўрсатувда бу ёнма-ён ўтиришнинг ўзи ҳам мазкур фармон шарофати экани қайд этилган, тадбиркорликда янги давр бошланаётгани иддао қилинган бўлса-да, келтирилган фактлар тадбиркорларнинг аҳволи абгор эканидан дарак берди.

Кўрсатувда тадбиркорлик субъектларида ўтказилган 80 мингта текширувнинг 15 мингтасида назорат қилувчи органлар вакиллари қонунбузарликка йўл қўйгани таъкидланди.

Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов эса назорат қилувчи органнинг қарори юзасидан шикоят қилган бирорта тадбиркор шу пайтгача судда ютиб чиқмаганини билдирди.

Марказий банк департаменти директори ўринбосари валюта конвертациясига оид саволга жавоб беришдан қочишда эпчиллигини кўрсатди. Эркин конвертацияни йўлга қўйиш тўғрисида бирорта гап айтгани йўқ. Тадбиркорларга тегишли пул маблағлари тўғрисидаги саволга у тадбиркорлар мажбурий тўловларни тўлагандан сўнг ўз маблағларини эркин тасарруф қилишини айтди. Аслида бундай эмаслигини студияда ўтирганларнинг барчаси билиб турганди, лекин ҳеч қандай эътироз янграмади.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар тўғрисида, уларга адолатсизлик қилинаётгани ҳақида сўнгги вақтларда кўп гапиряпти. Бу эса амалдорларни шу пайтгача айтилмай келинаётган бир қанча фактларни ошкор этишга мажбурлаётган кўринади.
Хусусан, Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимов коррупциядан энг кўп жабр кўрадиган соҳа тадбиркорлик экани тўғрисидаги «сирни сотиб қўйди».

Тадбиркорлардан бирининг бу фармон қандай ижро этилиши борасидаги хавотирига жавобан у: «Бу фармон бежиз қабул қилинмаган, тадбиркорлар айтган муаммолар ўрганилади. Тадбиркорларни ҳимоя қилувчи ўзига хос механизм юзага келди. Бу судлар, прокуратура, бизнес омбудсманлардан иборат», дея юпатгандек бўлди.

Ноябрь ойи сайловолди кампаниясининг энг қизғин палласидир. Бу ойда сайловнинг қанчалик ошкора руҳда, тенг ҳуқуқлилик асосида ўтиши, президентликка асосий даъвогар Шавкат Мирзиёев кетма-кет имзолаётган фармон ва қарорлар ижросининг дастлабки натижалари ҳақида анчагина тасаввурга эга бўлиш имконияти пайдо бўлади.

Биз эса Ўзбекистон телеканалларидаги кўрсатувларни кузатишда давом этамиз…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 апрел 2018
Яқин танишимнинг қизи рус мактабида ўқийди. Ўзбек мактабларида таълим бериш сифати пастлиги боис фарзандини шу мактабга берган. Шундай бўлса-да, ...
16 декабр 2016
Конституцияда президент фақат икки марта сайланиш ҳуқуқига эга экани белгиланганига қарамай, Ўзбекистоннинг марҳум раҳбари 25 йил давомида лавозимидан кетмай, ...
11 апрел 2015
Қудрат Бобожон Улар, президент Каримов нафратлангани ва дангасалар дея атагани, уларни овлашган, лагерларга, кейинчалик қайтиш чиптаси эвазига меҳнатга мажбур ...
12 июн 2017
Аҳолини паррандачилик, чорвачиликка кенг жалб этиш, томорқаларда иссиқхоналар яратишга ундаш Ўзбекистонда эндигина ҳукмронликни қўлга олган Шавкат Мирзиёевнинг илк ташаббусларидан ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...