ART-DURBIN
19 декабр 2016

Синган руҳ – синдирилган маданият

Ўзбек маданияти, санъати ва адабиётининг таназзулини бошдан кечираяпмиз.

Кенг тафаккурли, истеъдодли ижодкорлар ё ватанни тарк этишди, ё қамоққа олинди, ё оламдан ўтишди. Улар ўрнини маддоҳ, мукофот ва амалга ўч истеъдодсизлар эгаллади.

Булар сафида ёшларнинг кўплиги ачинарли. Қарийиб 30 йиллик Каримов даврида нафақат янги асарлар яратилмади, борлари ҳам йўқ қилинди ёки замонга мослаб бичилди.

Фақат бир рухий ҳаста кишининг қош-қовоғига асосланган жамиятда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди.

Бу салбий ҳолат нафақат меъморчилик, кино, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, адабиёт, театр санъати балки халқнинг умуммаданияти, зеҳниятига
ҳам таъсир қилди.

Театрми ëки кет ўйнатиш?

Одамлар ҳаваскорлик даражасидан ҳам паст даражадаги, истеъдодсиз хонанда-ю, актерлар иштирокидаги концерт, спектакль, киносифат маҳсулотларни санъат асари деб қабул қила бошлашди.

Киноактер Санъат Девонов ўтган йили оламдан ўтди

Саҳнани сийқаси чиққан, қайнона-келин жанжали-ю, уйланиш-уйлантириш, эр талаш муаммоларию, чимилдиқ сирлари даражасидаги тор маиший муаммолар эгаллади.

Золим, зулмкор қайнона образини, айниқса, актриса Саида Раметова ортиқча бўрттириб юборди.

Ушбу актриса ижросидаги ўзбек қайнонаси – маданиятсиз, жанжалкаш, бақироқ, кўзлари чақчайган, қариб қуйилмайдиган, ўзи гапириб – ўзи қийқириб куладиган бетайин бир аёл.

Яна бир санъат “арбоби” Зуҳра Солиева қандай қилиб актриса бўлиб қолганини худо билади. Унинг кулиши ноёб топилма эмиш.

Буларни комик актер дейлик. Лекин, комедиянинг ҳам ўз тош-торози бор, айтилмоқчи бўлган фикр, дарди бўлади! Комедия дегани бесабаб кулиш дегани эмас-ку!

Наҳотки ўзбекнинг ижтимоий мавзуга суяги йўқ, олам, дунёдаги жараёнлардан бехабар.

Ўзбек киносиинг соқолга қарши “жиҳоди”

Кинорежиссер Ҳилол Насимов фильмларидаги аёллар негадир адашган, довдир, гиёҳфуруш ва албатта террорист, – зулмкор тузум истибдоди сабаб мажбур ватандан кетганлар эса ватангадо.

Соқол қўйган эътиқодли одамлар, ҳижоб ўраган аёлларнинг ҳаммаси салбий қаҳрамон.

И. Каримов томонидан йўқ қилинган Баҳодир Жалолнинг «Рақснинг туғилиши» асари

Ўтган асрнинг 60-70 йилларидаги ўзбек фильмлари каби бугун ҳам давр мафкурасига хизмат қиладиган чўпчак томошалар яратиш авжига чиқди.

Мурод Ражабовнинг ғўлдираши ва Эркин Комиловнинг чайналишидан иборат бир қолипдаги, фикрсиз, дардсиз хонтахта фильмларини гапирмаса ҳам бўлади.

Саёзликнинг туби, чегараси йўқ. Дубляж санъати ҳам ўлди. Психологларга кўра инсоннинг овоз тембридан унинг ақлий, интелектуал имкониятлари билиниб турар экан.

Аввалги овозлар ўрнини тили хунук, ёқимсиз, ноқис кимсалар овози эгаллади. Буларга Барно Қодира, Ҳошим Арслонов ва бошқалар мисол.

Етти яшар қизчага ҳам, 70 яшар кампирга ҳам Барнохоним овоз берадилар. У кишининг эрлари дубляж режиссери бўлгани учун.

Дубляждагиларнинг кўпи хатто логопед дефектологга муолажасига муҳтож. Албатта Санжар Саъдуллаев, Моҳира Нурматова, Зулхумор Мўминова каби айрим ижодкорлар булардан мустасно.

Олим Ҳамидулла Акбаровнинг ажойиб гаплари бор: Паст даражаги асарларни санъат деб қабул қилганлар, ҳақиқий, асл санъатни фарқига бормайди, баҳолай олмайди, қабул қила олмайди.

«Мотамсаро» ҳайкалтарошлик ëки Амир Темур нега плаш кийди

Ҳайкалтарошликда марҳум президент Каримов бошлаб берган ғалати тенденция, пойтахтдан тортиб ҳар бир вилоят, туман, ҳокимликлар, қишлоқларнинг, хатто айрим корхоналарнинг ўрнатган ўз “Мотамсаро она”лари – алоҳида мавзу.

Мустақиллик майдонидаги улкан глобус нимани англатади? У ҳеч қандай озодлик тимсоли ҳам эмас – шунчаки бир шар.

“Бахтиёр она” ҳайкали ҳам ҳеч нарсани англатмайди. Ҳар бир миллат онаси ўз фарзандига меҳрибон, ҳамма ўз она тилида алла айтади. Фақат ўзбек эмас!

Янги фонтанлар қурилди. Лекин мозаикали бу фонтан улуғвор майдонни болалар боғчасига айлантирди. Бу ерга ўтмишдаги меъморлар билиб яхлит рангдаги гранитдан фонтанлар қурганлар.

Ҳайкалтарош Омон Азиз 25 йил ташқарида

Миллатнинг буюкларига қўйилган ҳайкалларда ҳам малакасизлик унсурларини кўрамиз. Тарихий шахсга реалроқ ёндашиш керак. Яъни кийим кечагидан тортиб, ҳаракатларигача.

Мана, Амир Темур ҳайкалини олайлик. У қўлини олдга чўзиб ишора қилмоқда. Мадраса кўрган ота-боболаримиз, мусулмон одам қўли билан ниқтамайди, кўрсатмайди, ишора қилмайди, – дейишарди.

Темур эса Исломий шариатни мустаҳкам тутган зотдир. Назаримизда у сипороқ, улуғворроқ бўлган.Тожни эса жангда эмас, ҳар куни эмас, балки қабул маросимларида кийган бўлиши мумкин.

Бошига дубулғанинг ўзи кийдирилса ўринли бўлар эди. Ундан кейин ҳилпираган плаш ҳам ҳам умуман ўринли эмас. Плашни асосан Европа халқи, рухонийлари, рицарлари, аскарлари ёпинган.

Бу ҳайкални яратишда кўпроқ Петербургдаги Пётр 1 ҳайкалидан кўчирма олинганга ўхшайди.

Мафкура жиҳатдан босқинчи ўтган бўлсада М.В.Фрунзенинг Тошкентдаги ҳайкали анча юқори савияда ишланган монументал асар эди. Кичик ҳажмда бўлса ҳам салобатли кўринарди.

Тарихий шахсларга ҳайкал яратишда кўпроқ изланиб, тарихчилар, музейчилар, этнографлар билан маслахатлашган маъқул. Шунингдек, отнинг анотомик тузилишлари, пропорция-нисбатларида ҳам бузилишлар бор…

Эгар-жабдуқлари ниҳоятда ғариб. Минатюра асарларидан ўрта аср жангчиларининг от ёпинчиқлари ниҳоятда гўзал ва хилма-хил бўлганини кўришимиз мумкин.

Ўз жаллодига ҳайкал қўядиган қавм

Яқинда марҳум диктаторга ҳайкал қўйишга даъватлар бошланди. Халқаро танлов эълон қилинди.

Тараққийпарвар кучларни жалб этган холда бу жараён зудлик билан тўхтатилиши лозим.

Чунки Каримов конституцияга хилоф тарзда узоқ йиллар ҳокимиятни эгаллагани, муҳолифатни қувғин қилгани, Талабалар шаҳарчасидаги ва Андижондаги қотилликлари билан танилган шахс.

Ушбу инсталляция муаллифи рассом Вячеслав Охуновга чиқиш визаси берилмаяпти

Унга ҳайкал қўйиш унинг жиноятларини оқлаш билан баробардир. Аксинча, ўз ҳурлиги, ҳаққини, адолатни талаб қилиб чиққан жафокаш Андижон халқига ҳайкал қўйиш керак.

Ёдгорлик воқеа содир бўлган жойда ўрнатилиши лозим.

Тўғрироғи бу “Андижон қирғини воқеасига” бағишланган халқаро танлов асосида амалга оширилса мантиқий ва адолатли иш бўлар эди.

Албатта, бундан ҳам илгари 2005 йилги 13 май воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилиши долзарб масала.

Тунука гумбаз, шишабанд, алюкабонд “меъморчилик”

Сўнгги йилларда бунёд этилган бинолар ҳам бир қолипдан чиққанга ўхшайди.

Меъморчиликда фақат алюкобонд билан қоплашлардан воз кечиб, жиддий лойиҳалар устида ишлаш керак.

Фақат гумбаз, устун ва нақш билан миллий услуб яратилмайди.

Режалаштириш, принцип, планировка, гармония деган тушунчалар бор.

Малакали меъморларимиз етарли, уларнинг ишига аралашмай, лойиҳалашни ўз усталарига қўйиб бериш керак.

Мутақиллик майдонидаги бичилган 20 қаватли Вазирлар Маҳкамаси биносини ўз аслига келтириш лозим.

Ўз вақтида бу жуда гўзал бино эди. Муаллифлар гуруҳи Давлат мукофотига сазовор бўлишган.

Унинг қурилишига 60-йилларда Бразилия парламентининг маъмурий биноси асос қилиб олинган эди.

Каримовдан боғ эмас доғ қолди

АмирТемур ҳиёбонидаги (чўлидаги) дарахтлар алоҳида масала…

Тошкент Давлат пединиститутининг ноёб архитектураси бузулди

Арча ўрмонга ярашади, шаҳарга эмас. Эсиз 150 йиллик азим чинорлар…

Назаримда аввалги бўстонни асл ҳолига келтирса бўлади. Тошкентда 1966 йил зилзиласидан кейин, собиқ шўролар мамлакатининг турли чеккаларидан катта дарахтлар улкан тувакларда келтириб экилган эди.

Ҳиёбон рўпарасида жуда беўхшов бино қад ростлади. Бу ҳеч кимга кераги йўқ анжуманлар саройи. Тошкентда кам эдими саройлар?

Эсиз шунча пуллар, исрофгарчилик. Кимни ҳайратга солмоқчимиз, яна ким бизнинг қудратга таҳсин ўқисин?! Тошкентда Иккинчи курантга эса на йиғлашни, на кулишни биламиз. Кераги йўқ қурилмалар.

Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Тарихий обидаларни сақлаб қолиш керак. Ҳар қандай ўзбошимча режалаштиришларни, бузишларни дарҳол тўхтатиш лозим.

Бу ишни узоқ йилларга мўлжаллаб, мутахасислар, меъморлар билан маслаҳатлашиб амалга ошириш лозим. Зеро, эски маҳаллалар, тарихий обидаларимиз шарқ меъморчилигининг ноёб дурдонаси. Бу кетишда яқин келажакда тарихимиздан асар ҳам қолмайди…

Шеърият хақида

Шеърият хақида гапирмадим. Чунки устоз Муҳаммад Солиҳ уларга баҳо бериб бўлди:

“Ёлғон айтиш тўғри сўзни айтишга қараганда хавфсизроқ. Аммо виждони бутун одам ёлғон гапириб қутулишдан кўра, тўғрисини айтиб тутилишни афзал кўради. Бу, албатта, телбалик эмас. Бу — унинг табиати. Ўша ўжар тоифага мансуб зотлар тарихда кўп учрайди. Уларнинг кўплигини кўриб, энг тушкун кимсанинг юрагида ҳам келажакка умид уйғонади: шундай одамлар яшаган экан, демак, бугун ҳам яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайди, деб ўйлайди у.

Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиргандилар, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан. Улар маънавият қасрининг устунлари, улар ўз юртларининг ҳақиқий гражданларидир…”.

Қўшимча қилишим мушкул. Шоирларимизнинг сўнгги чиқиши, ҳали ҳеч бир каромат кўрсатмаган янги президентга мадҳиябозликлари мени лол қолдирди.

Бир ижодкорнинг фарзанди сифатида уларнинг қилмишидан жуда уялиб кетдим…

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2016
Ўзбекистон телеканаллари сентябрь ойини йиғи-сиғи билан бошлаб, байрамона кайфиятда тугатди. Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан совет даврига хос ...
3 август 2016
«Аҳмадбой Чиназский» ники остида фейсбукда микроблог очган шахснинг таъкидлашича, катта молиявий фирибгарликда Аҳмадбой иккинчи даражали шахсдир. «3-4 йил аввал ...
13 сентябр 2016
Эрталабдан мачит остонасидан болаларни ҳайдаш бошланди. Имом ҳам собиқ президентни авлиё даражасига олиб чиқиб қўйди. Телевизор, радио ва газеталар ...
3 ноябр 2016
1991 йили Қарағандада оламдан ўтган рассом Роберт Граббе 1903 йилда Новороссийскдан Одессага қараб сузаëтган кема ичида туғилган эди. Фирибгару ...
Блоглар
17 июл 2017
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарларидан бирортаси президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар фаолияти танқидига қарши очиқ муносабат ...
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...