ART-DURBIN
20 феврал 2017

Мирзиëев учун кўргазма ëки музей директори ишдан кетдими?

Ўзбек президентининг Москвага сафарига тўғри келадиган сирли кўргазма ортидаги гап-сўзлар

Россия матбуоти Нукусдаги Савицкий номидаги музей дурдоналаридан таркиб топган кўргазма апрель ойида Москвадаги Пушкин музейида очилиши ҳақида хабар тарқатди.
Ўзбек нашрлари ҳам бу хабарни карнай қилиб айнан такрорлади (ўзбек ватандошлари ўз юрти билан боғлиқ хабарларни дубликат тарзида олишга кўникиб бўлган).

Москвадаги Пушкин номидаги тасвирий санъат музейи директори Марина Лошак хоним Нукус музейига бориб, ўша жойнинг ўзида Россия пойтахтида кўргазма ўтказиш қарорига келган эди.

Жавобсиз саволлар

Дилшод Азимов, реставратор, айрим асарлар қалбакилаштирилган Савицкий музейини текшириш ташаббускорларидан бири

Қизиқ, дунëга танилган санъатшунос, визуал санъат билимдони, санъат арбобининг Нукусга ташрифи ўзбек ОАВлари диққатидан нега четда қолди? Нега бу ташрифда ўзбек санъат арбоблари иштирок этмади? Умуман, бу кўргазма атрофида жуда кўп саволлар туғилмоқда. Маълум бўлишича, МХХ тарафидан Ўзбекистондаги барча катта музейларда коллекцияларнинг сақланиши юзасидан кенг қамровли текширувлар давом этмоқда.

Биринчи президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова “қулатилиши” ортидан 2014 йилда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилган эди.

Тошкент шаҳри прокуратураси вакили Темур Нормуҳаммедовнинг «Элтуз» мухбирига эслатишича, 1999 йилдан 2014 йилга қадар музейнинг кўплаб нодир асарлари сотиб юборилиб, давлатга жуда катта миқдорда зарар келтирилган.

Ўғрига айланган қоровул ëки «Ы» операцияси

Нукус музейи. Фото: http://gruppa5.livejournal.com
http://gruppa5.livejournal.com

Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган. Шу тариқа Александр Николаевнинг “Бола сурати» («Рисунок мальчика”), «Мева кўтарган қиз» («Девушка с фруктами”), Оганес Татевосьяннинг “Чойхона”, “Бухоро”, “Денгиз”, Николай Караханнинг «Ҳовуз бўйидаги қизлар» (“Девушки у хауза”), Рихард-Карл Зоммернинг «Тоғ дарёси устидаги кўприк» (“Мост через горную реку”), “Кабобхона” картиналари пулланган.

Шунингдек, Усмонов музейнинг экспонатларни таъмирлаш лабораторияси мудири Бахтиёр Ботиров билан тил бириктириб, европалик рассомларнинг 25 га яқин асарини ҳам сотиб юборган. Қайд этилишича, суд Ботиров ва Мурановга 8 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини берган.

Бу воқеа ортидан маданият ва санъат мулозимлари назорат остига олинди. Узоқ йиллар Бадиий академия раиси бўлган, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири лавозимида ишлаган Турсунали Қўзиев мансабидан олиниб, устидан жиноят иши қўзғатилди. Қўзиев етказилган зарарни қоплаш шарти билан қамалмай қолди.

Савицкий номидаги Нукус санъат музейининг узоқ йиллик мудираси Мариника Бобоназарова ишдан кетказилди. Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов ва унинг хотини, Миллий галерея директори Камола Оқилова устидан узоқ ва жиддий тафтиш бошланди.

Бухоро музейида қадимий олтин тақинчоқлар қалбакисига алмаштирилгани борасида суриштирув кетмоқда. Хиванинг Ичан қалъа музей-қўриқхонасига қарашли Нуриллабой саройидаги талон-торож борасида бўлиб ўтган тўртта суд маҳкамасида музейлардан асар ўғирлаш тизимли тус олгани аниқланди.

Урганч суратлар галереясидан Андрей Крикис асарининг изсиз йўқолиши ва камида икки ҳайкалнинг қалбакисига алмаштирилиши юзасидан ўша пайтда музей раҳбари бўлган Бекпўлат Боғибеков ҳали жазога тортилмади.

Маълум бўлишича, шу кунларда республика музейларида тафтишлар якунланмаган. Ҳар ҳолда текширув якунлангани ҳақида расмий билдирув йўқ. Айни пайтда халқаро кўргазмалар уюштиришни режалаган кураторлар ўзбек музейларига мурожаат қилиб, музей хазинасидаги бирор асарни кўргазма учун сўраганида қатъий рад жавобини олмоқда. Чунки музейларда МХХ тарафидан тафтиш кетмоқда!

Москванинг коллекцияга тикилган назари

Пушкин номидаги Санъат музейи директори Пушкина Марина Лошак в Нукусда
Пушкин номидаги Санъат музейи директори Пушкина Марина Лошак в Нукусда Фото: naesmi.uz

Шу ўринда савол. Қандай қилиб Ўзбекистондаги энг қиммат асарлар жамламасининг Москвага сафар қилишига изн олинди? Бу жамламанинг фото инвентаризацияси ҳунуз йўқлиги бу саволни яна ҳам долзарблаштиради. Гулнора Каримованинг инқирозидан олдин “музей асарларини кўргазма баҳонасида четга олиб чиқиб сотиб юбориш” анъанаси овоза бўлган эди.

Масалан, Москвадаги рассомлар уйида ишлайдиган мунаққид «Элтуз» мухбирига музейдаги расмларни кўргазма орқали сотиш схемасини гапириб берди: Москвада марҳум Раҳим Аҳмедовнинг шахсий кўргазмаси ташкил этилган, унга Ўзбекистон музейларидан ҳам бир қанча шоҳ асарлар Гулнора Каримованинг оғзаки буйруғига кўра расмий изнсиз олиб борилган. Давлат музейи хазинасидаги «Она ўйлари» асари шу тариқа Москвада пайдо бўлган.

Бу асарни Москвада хусусий коллекционерларга сотиш режаланган. Ўзбекистон музейига оид бу асарни 58 минг АҚШ долларига сотишга келишилган. Ўша пайтда тирик бўлган Аҳмедовга яқинлари орқали босим ўтказилиб, музей учун нусха чизишга кўндирилган. Бироқ кўргазма зали бошлиғи бундан хабар топгач, катта жанжал рўй берган. Москвадаги кўргазмага асосий, музей фондидан олинган ишлар зудлик билан Тошкентга қайтариб жўнатилган. Олинган аванс эвазига рўйхатда бўлмаган ишлар берилиб, жанжал бости-бости қилинган.

Тансиқбоев ва Уфимцев асарлари кўргазмалари ҳам шу каби хуфëна тарзда ва «Гулнора Каримова топшириқ берди» ниқоби остида сотиб келинган. Бундай схемада ташкил қилинган бир-икки кўргазмага Ўзбекистоннинг давлат музейларидан олиб чиқиб кетилган баъзи санъат дурдоналари билан боғлиқ жиноятлар боис маданият ва спорт ишлари собиқ вазири Рустам Қурбонов ишдан олинди. Бу схема асосида Ангрендаги Уфимцев галереясидан Кашина, Тансиқбоев, Лабас, Аҳмаров асарлари сирли тарзда ғойиб бўлган, дейди мунаққид.

Кафолатни ким беради?

Бу воқеалар фонида гапирадиган бўлсак, Нукус музейидаги дурдоналар Москвада алмаштирилмаслиги ëки безбетларча пулланмаслиги учун кафолатни ким берди? Агар коллекцияга бир гап бўлса, ким жавоб беради? Шу кунларда думи тугилаëтган маданият ва спорт ишлари вазирими?

Нукус музейида расмлар қалбакилаштирилгани ва алмаштириб қўйилгани ҳақидаги ҳеч ким рад этмаган иддаолар фонида бу савол жиддийлик касб этади. 4 апрель куни Ўзбекистон президентининг Москвага расмий сафари ҳақидаги хабар кўп нарсага ойдинлик киритди. Мирзиëев ўз раҳнамоси, йўл кўрсатувчи сиëсий падари Владимир Путин олдига сажда учун борар экан, сафарнинг энг майда деталлари ҳам муҳокама қилинганига шубҳа йўқ. Мирзиëев сафари учун пешкаш бўлиши кутилаëтган Ўзбекистоннинг ноëб коллекциясини бир имзо билан четга чиқаришга изн берган мулозим барча масъулиятни зиммасига ола оладими?

Бу орада асарларнинг сақланиши ва сафардан қайтмаган асарлар борасидаги шов-шувли жиноятларнинг чигили ечилмаганини яна таъкидлаш лозим. Виктор Уфимцевнинг музейдан гумдон бўлиб, Москвадан дараги чиққан асарлари қайтарилмаган, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива музейларидаги ўғирликлар борасида хулоса қилинмаган пайтда бу жамламанинг шубҳали сафари ўринлими? Боз устига, маданият ва спорт ишлари собиқ вазири, Ўзбекистон рассомлар уюшмасини тугатиб, ўрнига Бадиий академия ташкил қилиш ташаббусчиси Турсунали Қўзиев жиддий жазога тортилгани йўқ.

Академия раиси Акмал Нуриддинов ва Миллий галерея мудираси Камола Оқилова ўз лавозимида қолмоқда. Самарқанддаги тарих музейидан ғойиб бўлган қимматбаҳо ранг-тасвир коллекцияси борасида ҳам мулозимлар оғзига қатиқ увитиб сукут сақламоқда.

Ўзбекистон адабиëти музейидан йўқолиб, МХХ генераллари уйидан чиққан қадимий қўлëзмалар, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаëтган Усмон мусҳафининг йиртиб олиниб, сотиб юборилган 9 варағи борасида ҳам жамоатчиликка маълумот берилгани йўқ.

Буларнинг ҳаммаси мамлакат мулозимлари мазкур масалаларга панжа орасидан қараяпти, дейишга асос бўлади. Мулозимлар учун санъат ва маданият ўгай ва камбағал қариндош каби қадрсиз. Ўзбекистон янги раҳбарининг Москвага сафарини самарали қилиб кўрсатиш учун ноëб коллекцияни ўрнидан силжитиш жуда катта авантюрадир. Бу миллат санъати, маданияти ва бадиий меросига малакасиз, жоҳилларча муносабатнинг энг аянчли намунасидир.

Мақола адоғида яна бир писанда. Ўзбекистон ватандошлари ўзларининг бошкенти бўлмиш Тошкентда Нукусдаги Савицкий музейининг тўлақонли коллекциясини кўриш шарафига ҳануз муяссар бўлмади. Ўзбек мулозимлари ўз пойтахти учун раво кўрмаган коллекцияни рус оғаларига илинибди.

Нима ҳам дердик. Ҳеч бўлмаганда Россиядаги ўзбек меҳнат мухожирлари бу кўргазмани томоша қилиб, миллат маданий мероси кўламини ҳис этар, деган умид кўксимизни илитади.


P.S. Мақола ëзилиб бўлган пайтда Нукус музейига яқин манбадан маълумот келди. Москва музейи раҳбари Марина Лошакнинг Нукисга ташрифидан сўнг Савицкий номли музей директори Мақсет Қарлибоев ишдан бўшаш ҳақида ариза ëзган. Истеъфо қабул қилинган. Бу маълумот ҳануз расмий тасдиғини топмади. Лекин бу тахлит янгиликларни ўзбек жамоатчилигига етказиш энг сўнгги навбатга қўйилиши билан боғлиқ тутумни биламиз. Ҳар холда бу ҳабар Москвадаги кўргазмадан кейин айтилса керак. Қарлибоев нега ишдан бўшашучун ариза ëзди? Буни ортида қандай сабаблар бор? Биз фақат таҳмин қилишимиз мумкин холос. Бу борада икки мулоҳаза бор. Биринчиси Қарлибоев коллекцияни чет элга олиб чиқилишига қарши бўлган. Лекин дарҳол айтамиз¸ бу заиф таҳмин. Маҳаллий мулозимнинг ўз ташаббуси билан бир нарсага қарши бўлиши ишонарсиз. Иккинчи сал ишонарлироқ версияга кўра тажрибали мунаққид Марина Лошак балки Нукус музейининг мавжуд фаолиятиини танқид қилган. Танқид учун сабаблар жуда кўп. Боз устига республикадаги Мирзиëев фазоси мулозниг танқид қилиниши ортидан бу вазирликни ажратиш¸ “ўзбекмузей” каби муҳим ташкилотни йўқ қилиш ҳақида 15 февраль фармонидаги сиëҳ ҳали қуригани йўқ.

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 феврал 2016
“Иззатини билган бирор балиқ бундай газетага ўрашларини истамасди” деган чикаголик журналист Майк Ройконинг сўзлари бугунги ўзбек газеталари ҳақида айтилгандай, ...
24 ноябр 2016
23 ноябр куни Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган адабий мусиқий кечада сўз берилган ҳофиз гапиришга қўрқишини билдирди. Мусиқий кеча ...
25 ноябр 2016
Eltuz.com учун чизган навбатдаги карикатурасида рассом Туз Шавкат Мирзиёевни Каримов қабридан эстафета таёқчасини олиб кетаётган тарзда акс эттиради. «Каримовнинг ...
11 апрел 2017
Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилинаётгани ҳақидаги ура-урачиликнинг янги тўлқини кўпчиган шу кунларда «XXI аср» газетаси яна бир мавзуни кўтарганки, соҳадаги ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...