Асосий мавзулар
8 март 2017

Рус разведкачисининг сирли ташрифига муносабатлар йўқ

Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Ўзбекистонга сирли ташрифи на маҳаллий матбуотда, на биз кузатишга муваффақ бўлган рус матбуотида атрофлича ёритилмади.

Рус махфий хизматларидан бирининг раҳбари Ўзбекистон раҳбари томонидан қабул қилингани тўғрисида умумий гаплардан нарига ўтилмаган маълумотлар тарқатилди, холос.

«Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимизнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади», деб ёзди, масалан, «Халқ сўзи» газетасида ЎзАга таяниб (01.03).

Хабарда «суҳбат чоғида экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани» билдирилади.

Шунингдек, С.Наришкиннинг «давлатларимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолагани» айтилади.

Бор гап шу. Албатта, бундай учрашувларда қандай конкрет масалалар кўтарилиши ҳақида маълумот олиш жуда қийин иш. Шунга қарамай, икки давлат муносабатлари ва халқаро майдондаги воқеалар ривожи асосида қандайдир мулоҳазаларни айтиш мумкин эди.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарга чиққан Россия президенти Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб, Туркманистон раҳбари билан телефонда суҳбатлашган бир пайтда нега Ўзбекистонга келмаганини тушуниш мумкин.

Яқин кунларда Ўзбекистон раҳбарининг Россияга ташрифи кутилаётгани бу саволга жавоб топиш имконини беради.

Лекин нега айни шу кунларда С.Наришкиннинг Тошкентга ташрифидан муддао нима? Балки Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам давом этаётган ҳокимият ўзгаришларига таъсир ўтказишдир?

Ёки ўзбек махфий хизмати атрофида кундан кунга урчиётган турли ваҳимали миш-мишларга доир бирорта маълумотни Ўзбекистон раҳбари билан баҳам кўриш, шу орқали унинг Россияга мойиллигини кучайтиришга уринишмикин бу сирли сафардан мақсад?

Сўнгги вақтларда Афғонистонда ўзбек генерали, мамлакатимизнинг жанубий чегараларидаги вазиятнинг барқарор бўлишида ўзига хос роль ўйнайдиган Абдурашид Дўстимнинг мавқеини сустлаштиришга қаратилган ҳаракатлар бормоқда.

Балки рус разведкачилари раҳбари бу борада Ўзбекистон учун муҳим бўлган бирор маълумот билан ўртоқлашгиси келгандир?
Рус Ташқи разведка хизмати директорининг Тошкентга сафари расмий эмас, амалий ташриф мақомига эгалигининг ўзи унинг расмиятчилик учун эмас, қандайдир жиддий масалалар юзасидан гаплашиш учун келганидан даракдир.

Нима бўлганда ҳам у Ўзбекистонга шунчалик келиб-кетмагани аниқ.

Юқорида айтилганидек, бу ҳақда аниқ маълумотларга эга бўлиш имконияти деярли йўқ. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаса, биз келтирган саволлар атрофида салгина мулоҳаза қилинса, кўпчиликни қизиқтирадиган гаплар айтилиши мумкин эди.

Афсуски, ҳозирги ўзбек матбуоти бу каби мулоҳазаларни ўз муштарийлари билан баҳам кўриш салоҳиятини йўқотган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 декабр 2018
2018 йил 31 декабрь куни Ўзбекистон, Канада, Швеция, Швейцария, Финляндия, Туркия ва Америкадан туриб 12 нафар ўзбек ватандоши президент ...
4 август 2023
МС: Ина дамни олиб, енгни чизғаб яна иша тушди. Пулинг бўса қанорда, дам оласан канарда. РТ: Қаерда дам олиш эмас, ...
8 апрел 2022
Мана, ғир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қонхўр рус босқинчиларининг ëш гўдаклар, қизларни зўрлаб ўлдиргани, аëллар, кексалар ...
18 май 2018
Президент Мирзиёевнинг умр йўлдоши Зироатхон Ҳошимованинг Вашингтондаги Оқ уйда тушган фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалди. Улардан бирида Ўзбекистоннинг биринчи хоними ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...