Асосий мавзулар
29 май 2017

«Smile Lux»нинг найчали ичимликка эгалик учун кураши

Ўзбекистоннинг кенгайиб бораётган яхна ичимликлар бозори, ўнлаб ўзаро рақобатдош ширкатларнинг тобора шиддатли жанг майдонига айланмоқда.

Айни жараёнда «Smile Lux» МЧЖ ўз рақобатчиларини «патент уруши»га тортиб, улар бозордан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

«Smile Lux» МЧЖ Ўзбекистон ҳудудида «Smile» савдо белгиси остида яхна ичимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Гап «SmileLux» томонидан Интеллектуал мулк агентлигида патентланган фойдали моделни бошқа компаниялар ўз маҳсулотларида «ноқонуний ишлатаётгани» тўғрисидаги иддао тўғрисида бормоқда.

Бу фойдали модел тайёр ичимликларни қадоқлашга оид бўлиб, «Smile Lux» идишнинг ичида ичишни қулайлаштирадиган найча жойлаштиришни ўз ихтироси ҳисобламоқда.

Шу боис, бошқа рақобатчиларнинг ичига найча жойлаб чиқарилаётган маҳсулотларини ўз ихтиросининг ноқонуний ўзлаштирилиши, деб билиб, суд орқали бунга чек қўйишга ва бозорда монополист бўлишга интилмоқда, демоқда бошқа компаниялар.

Уларнинг таъкидлашича, «қадоғи ичида найча бўлган ичимликлар» аслида ўтган асрнинг 40-йилларида АҚШда ихтиро қилинган бўлиб, ҳозирги вақтда бу патент ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ихтиродир. Шундай экан, ҳар қандай ишлаб чиқарувчи ундан ўзи истаганича фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Найчаси бор ичимлик чиқариш Ўзбекистонда фақат «Smile Lux»нинг ҳуқуқими?

Сўнгги хабарларга кўра, яқинда Ўзбекистон Олий хўжалик суди «Smile Lux»нинг ўз «ихтиро»сини ҳимоя қилиш йўлидаги навбатдаги уринишида унинг тарафини олган ва Давлат интеллектуал мулк агентлигининг хулосасини рад этиб, мустақил экспертиза тайинлаган.

«Smile Lux» МЧЖ ўз рақобатчиси бўлмиш «New Pack» МЧЖни 0,5 литрли идишдаги ичига найча жойланган «YESS» номли яхна чой ичимлигини патент эгасидан рухсат олмаган ҳолда ноқонуний равишда ишлаб чиқараётганликда айбламоқда.

Интеллектуал мулк агентлиги эса мазкур суд иши юзасидан берган хулосасида бошқа компаниялар ҳам «ичида найчаси бор ичимлик» маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга экани, бу ҳеч кимнинг, жумладан, «Smile Lux» МЧЖнинг ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузмаслиги тўғрисида билдириб ўтган.

Олий хўжалик суди бу хулосани тан олмай, мустақил экспертиза тайинлаши эса, мазкур агентликнинг бутун фаолиятини «қонундан ташқари» деб билвосита тан олиш билан баробар, демоқда жавобгар томон.

Унинг фикрича, давлат органлари, жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги ҳам ўз вазифалари доирасида бошқа ҳар қандай ташкилотдан кўра кўпроқ ваколатларга эга ва бу ваколатлари доирасида қонунчилик асосларига таянган ҳолда мустақил хулоса бера олади.

«Суд мустақил ташкилот, лекин у субъектив ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган шахсий мулоҳазаларга эмас, аввало, амалдаги қонунчиликка риоя этиши керак», дейди жавобгар томон вакиллари.

Бу – «Smile Lux»нинг ўз рақобатчиларига қарши илк «жанги» эмас

Бир неча йил муқаддам «Smile Lux» ўзига тегишли патентдан ноқонуний фойдаланилиш даъвоси билан «Niagara Bottlers» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 4600 дона идишдаги ичимликни суд тартибида йўқ қилишга эришганди.

Бундан ташқари, «Smile Lux» даъвоси билан «VOLT EXPRESS» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси тўхтатиб қўйилганди.

Бу суд жараёнлари Ўзбекистонда ҳуқуқ эгасининг патентга бўлган ҳуқуқлари бузилиши ортидан шунча катта миқдордаги маҳсулот йўқ қилинишига оид илк ҳолат бўлганди.

Патент билан боғлиқ яна бир ҳолат бундан бир неча йиллар муқаддам «ARKTIKA BOTTLERS» МЧЖ фаолиятида ҳам кузатилганди. Бу компания машҳур «FunGO» савдо бренди учун турли йўналишларга оид патентни қонунийлаштирганди.

Аммо компания бу брендни ювиш воситалари тоифасида патентлашни ёддан чиқарган ва бундан «ROSE DIAMOND» МЧЖ ўз манфаати йўлида унумли фойдаланганди.

Ўшанда таҳлилчилар «ARKTIKA BOTTLERS»нинг бундай эътиборсизлиги қимматга тушишини, чунки «FunGO» бренди билан ювиш воситалари ишлаб чиқарилиши шу ном остидаги яхна ичимликка нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлишини таъкидлаганди.

Компанияларнинг бозорда интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланишга асосланган рақиблиги рақобатнинг олий формасидир.

Бу ҳуқуқлардан фойдаланишда ғирромликка йўл қўйилмаслиги, бозордаги рақобатнинг очиқ, ошкора ва қонуний бўлиши эса маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ижобий томонга қараб ўзгаришида муҳим роль ўйнайди.

Eltuz.сom

Тағин ўқинг
28 сентябр 2017
Андижон шаҳрида 26 сентябр куни кучишлатар тизим ходимлари ноқонуний валюта савдоси бўйича рейд ўтказди. «Ўша куни камида 40 та ...
29 май 2017
Ўзбек кино артисти ва қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга қўшиқ бағишлади. 49 яшар Дилфуза Исмоилова “Гап йўқ” ...
9 август 2016
8 август куни Eltuz.com cаҳифасига ўз филми ҳақидаги мақола юзасидан изоҳ қолдирган режиссер Зулфиқор Мусоқов, эфирга қайчилаб узатилган филми ...
26 март 2016
«Диёнат» газетаси табиатга оқилона муносабатда бўлиш мавзуидаги мақоласида Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган балиқларга қирон келтирганларнинг жинояти фош этилгани тўғрисида ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...