Асосий мавзулар
14 июл 2017

Фермерлар ва ҳукумат манфаатлари ғалла устида тўқнашмоқда

Ошкоралик ва шаффофликни ўзига шиор қилиб олган Ўзбекистон ҳукумати буғдой ўрим-йиғими мавсумида юз бераётган қонунбузарликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган хабарларга муносабат билдиришдан ўзини олиб қочмоқда.

Хусусан, сўнгги кунларда мустақил ОАВда Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ҳокимнинг фермерларга тегишли режадан ташқари буғдойни мажбуран ўриб олишга қаратилган ҳатти-ҳаракати ортидан деҳқонлар ерга сув қўйиб юбораётгани ҳақида хабар тарқатилди.

Фермерлар бу ҳаракати билан шартнома асосида ўзларига тегишли ҳосилнинг сув текин нархда давлатга топшириб юборилишининг олдини олмоқда. Чунки сув босган далага комбайн кира олмайди.

Мамлакатнинг деярли барча вилоятларидан режани бажарганига қарамай, маҳаллий ҳокимларнинг фермерларни ғалла топширишга мажбурлаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди.

Бу ҳам етмагандек, баъзи ҳудудларда деҳқончиликка алоқаси бўлмаган ташкилотлардан буғдой режасини тўлдириш учун пул йиғилаётгани айтилмоқда.

Хусусан, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида тиббиёт ходимларидан туман буғдой режасини бажариш учун юз минг сўмдан пул йиғиш ҳақида топшириқ берилган.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида эса лалми ерларда узум етиштирадиган фермерларга ғалла топшириш пунктларига 300 килограммдан буғдой топшириш мажбурияти юкланган.

Бундан ташқари, кўпгина вилоятларда режани бажарган фермерларга ортиқча ғаллани ўриб-йиғиб олиш учун комбайнлар беришга чеклов белгиланган. Яъни фермерлар режадан ортиқча ғаллани ўзи ва ишчилари учун ўриб олиш имкониятидан маҳрум этилган.

Ҳокимият ортиқча буғдойни ўриб олиш учун комбайнлар беришдан бош тортмоқда. Ҳатто хусусий комбайнларнинг фермерларга тегишли буғдойни ўриб беришига тўсқинлик қилиняпти.

Эътиборлиси шундаки, президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият органларидан очиқлик ва ошкораликни талаб қилаётгани ортидан ОАВда эълон қилинаётган бу маълумотларга расмийларнинг муносабатини кутиш мантиқли бўлар эди.

Лекин шу вақтгача на Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, на меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган Касаба уюшмалари федерацияси бу ҳақда бирор баёнот билан чиқди.

Республика фермерлар кенгаши ҳам, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бош мақсади деб биладиган партиялар ҳам жим.

Ҳатто Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги «Чўнбоғиш Қутбиддин» фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Ражабов ишчиларга тарқатиш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олганидан сўнг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганидан сўнг ҳам расмийлар чурқ этгани йўқ.

Маълумотларга қараганда, бу йил фермерларнинг аксарияти давлат режасини бажаришга етарли даражада буғдой етиштирган.

Лекин маҳаллий ҳокимлар давлат режаси ортиғи билан бажарилаётганини кўрсатиш ниятида илғор фермерларнинг ўз эҳтиёжи учун қолиши керак бўлган ҳосилига ҳам кўз олайтирмоқда.

Бунинг ортида эса туманнинг кўрсаткичларини ошириб кўрсатиш, шу орқали президентнинг ғазабидан қутулиб қолиш нияти ётибди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, одатда мустақил ОАВларнинг хабарларини ёлғонга чиқариш мақсадида фойдаланиладиган «қўлга ўргатилган» журналистлар ҳам мана шу масалага келганида пайтавасини чайнаб, жим ўтиришдан нарига ўта олмаяпти.

Бир қадар эркинлигини кўрсатишга уринаётган маҳаллий интернет сайтлари ҳам буғдой ўрими мавсумидаги бу ғирромликларни кўрмасликка олмоқда.

Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, ҳукумат аслида бўлаётган барча воқеалардан хабардор. Лекин у янги президентнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида юритаётган сиёсати ҳозирданоқ ўз самарасини бераётганини кўрсатиш мақсадида мавжуд камчиликларга кўз юмиш йўлини тутмоқда.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 апрел 2024
10-апрель куни Бўрижар каналининг Тошкент шаҳри Чилонзор туманидан ўтган қисмида уч киши, жумладан 5 ёшли бола ва унинг онаси ...
27 апрел 2021
«Eltuz» kanalining qadrli muxlislari. Agar sizda mavzuga oid muhim xabarlar bo‘lsa, kechgan voqealar haqida gapirmoqchi bo‘lsangiz, «Eltuz»ning telegramdagi +49 ...
16 май 2022
Ассалому алайкум Туз оға, сизга Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан мурожаат қиляпмиз. Ҳеч кимга сир эмас, уч-тўрт кундан кейин маҳалла ...
16 май 2020
Ўзбекистондаги, Қозоғистондаги, Болтиқбўйидаги рус тилли зиёлилар ва фуқаролар қанчалар ақлли, асосли аргумент келтирмасин, қанчалик дўстона муносабатларга ва бағрикенгликка урғу ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...