Асосий мавзулар
18 феврал 2024

Туркистон мухторияти учун жонини фидо қилган журналист

Туркистон мухторияти молия вазири Соломон Абрамович Герцфельд 1918 йилнинг 18 февралида Қўқонда большевик жаллодлар тарафидан ўлдирилди.

Соломон Герцфельд умрининг охирги дақиқасига қадар ўз вазифасини бажарди. Ватан учун, мустақиллик учун жон фидо қилди, деган калимани унга қўллаш мумкин.

Жадид боболаримиз асарларида яҳудийларга қарши ноталар кўрингани бор гап. Лекин улуғ бобомиз Беҳбудий домла Туркистон мухторияти мажлисида сўзга чиқиб, «Давлат ишлари фақат бир миллат мансубларига берилмасдан, мамлакатда яшаган барча элат ва дин вакиллари тенг кўрилсин», деб айтди.

Бугун Тожикистонда фақат тожик, Туркманистонда фақат туркман, Қирғизистонда фақат қирғиз, Қозоғистонда фақат қозоқ, Ўзбекистонда фақат ўзбеклар учун ой ҳам, кун ҳам чиқаëтган пайтда Беҳбудий бобомиз гапи нақадар ўрнакли. Дарвоқе, Беҳбудийни Бухоро амири Олимхон Қаршида жадид бўлгани учун қатл қилдирган (Олимхонни улуғлагувчи баъзиларга эскартма).

Хуллас, Соломон Герцфельд 1917 йилнинг 27 ноябридан то 1918 йилнинг 18 февралигача Туркистон молия вазири бўлди. Унинг ўлими мухторият тор-мор қилинган кунга тўғри келди.

Масалан, мағлубиятдан икки кун олдин Туркистон ҳарбий вазири, профессионал ҳарбий Магди Чанишевни фитна билан четлаштириб, ўрнига ўзи вазир бўлган мулла Эргаш Қўқонни ташлаб қочиб кетгани тарихга муҳрланган.

Туркистон даъвоси учун жон фидо қилган аҳли китоб ким? Соломон Герцфельд, аввало, Туркистонда илк газеталардан бирини («Самарқанд» газетасини) чоп қилган ношир ва журналист, адвокат.

Унинг отаси Одессадаги яҳудий мактабида муаллим бўлган. Соломон Герцфельд ҳали 15 ëшидаëқ Одесса газеталарига хабарлар ëза бошлади. 1902 йилда Швейцариядаги Берн университетининг ҳуқуқшунослик бўлимида эркин тингловчи бўлди. Россияга қайтгач, Одесса юнкерлар ҳарбий билим юртига имтиҳон топширди.

Пировардида Соломон Герцфельд Самарқанддаги олтинчи Туркистон батальони ихтиëрига жўнатилди.

1904 йилдан “Самарқанд” газетасида «Альрои», «Ёш театр ишқибози» каби тахаллуслар билан хабарлар ëза бошлади.

1906 йилда маҳаллий чор ҳукумати “Самарқанд” газетасини ëпди ва унинг ношири ҳамда бош муҳаррири бўлган Соломон Герцфельдни қамоққа олди.

1907 йилнинг бошида Соломон Герцфельд хатти-ҳаракатлари “таркибида жиноят йўқлиги” боис қамоқдан озод қилинди.

Одессадаги Новороссийск университети ҳуқуқшунослик факультетининг 2-курсига қабул қилинди.

1908 йилнинг декабридан Соломон Герцфельд «Одесское слово» газетасини нашр қила бошлади.

1913 йилда университетни битирди ва ҳуқуқшунослик дипломи билан Самарқандга қайтди. Туркистонда кенг қамровли адвокатлик фаолиятини бошлади. Жуда кўп судларда ўз мижозларининг ғолиб чиқишини таъминлади.

Лекин уни адвокатлар коллегияси аъзолигига қабул қилишмади. Шунга қарамай, 1917 йилнинг май ойида коллегия аъзолигига эришди ва фаол сиëсатга шўнғиди.

Яҳудийлар қўмитасидан Самарқанд шаҳри думасига депутат бўлди. Ўлка мусулмонлар кенгаши Соломон Герцфельдни Умумроссия ташкилий қурултойига номзод қилиш бўйича тавсия ҳам берган.

Самарқанд шаҳри думасига сайланган Соломон 1917 йили Туркистон мухторияти молия вазири бўлди.

Молия вазири янги давлат эҳтиëжлари учун хайрия маблағларини йиғиши лозим эди.

Салафларининг эслашича, Соломон Герцфельд бу вазифани қойилмақом тарзда уддалай олган.

Қўқон мухторияти қизил жаллодлар тарафидан тор-мор қилинганида Соломон Герцфельд қамоққа олиниб, отиб ташланди. Темирйўлнинг Конибодом бекатига яқин жойда кўмилди.

1918 йилнинг 16 апрелида Соломон Герцфельднинг жасади яқинлари томонидан қазиб олиниб, Самарқанддаги яҳудийлар қабристонига дафн қилинган.

Соломон Герцфельднинг уч қизи ва икки ўғли бор эди. Улардан фақат биттаси узоқ умр кўриб, 1995 йилгача Москвада яшади. Қолган фарзандлари ëшлигида ўлиб кетди.

Акмал Ризаев,
тошкентлик блогер тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 ноябр 2021
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ ҳокимлиги биносида 43 ёшли депутат Феруза Бабашованинг депутатлик иши ва одоб-ахлоқи муҳокамаси бўлиши режалаштирилган йиғилиш депутатнинг ...
23 июл 2018
Тошкент шаҳри ИИББ наркотиклар тарқатиш иши бўйича айбланаётган тадбиркор Жаҳонгир Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. ИИББнинг ...
20 май 2022
«Менинг мактаб аро булдур муродим, хатимдек чиқса имлою саводим.» Демократ шоир Фурқат бу мисраларни ëзганида 9 ëшида эди. Фақат ...
23 март 2018
Швециянинг пойтахти Стокголмда 21 март куни қозоқ, турк, эрон, ўзбек, уйғур диаспораси вакиллари Наврўз байрамини нишонлашди. Наврўз тадбирига мезбонлик ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...