Асосий мавзулар
17 январ 2018

16 январь – Талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун

1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди.

Исён бостирилгач, ётоқхона балконидаги талаба шиор билан

Шу куни мен одатдагидек ҳамкасбим Муҳаммад Бекжон билан бирга «Эрк» газетасини саҳифалаётган (вёрстка қилаётган) эдик… Газетанинг шу кунги сони мутлақо бошқа фотосуратлар ва материаллар билан босилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Расмий маълумотларга кўра, қўзғолонни тарқатиш чоғида икки талаба ҳалок бўлган, ўнлаб намойишчилар яраланган.

Бироқ ўша куни газетамиз фотографи Абдуғанининг авзойини, унинг юзидаги қўрқинчли титроқни кўрибоқ воқеа кўлами анча катта эканини тасаввур қилдим.

Гарчи талабаларнинг чиқишига нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилса-да, бу воқеага мамлакатда демократиянинг таназзули бошланган нуқта дея баҳо бериш мумкин.

Сиёсий фаолият ўчоғининг тугатилиши

16 январь намойишидан видеокадр.

16 январь воқеасигача Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси мамлакат ёшларининг сиёсий фаолиятини белгиловчи норасмий марказ вазифасини бажариб келаётган эди.

1988 йили бошланган норасмий ҳаракатлар – ўзбек тилига давлат мақомини бериш, мустақиллик учун намойишлар, парламент ва президент сайловларидаги оммавий фаолликни бунга мисол келтириш мумкин.

Қайта қуриш тўлқинида Болтиқбўйи мамлакатларида бошланган мустақиллик учун кураш тўлқини бу пайтда Тошкентга етиб келганди.

1987 йили ётоқхонада уч-тўрт ҳамфикр курсдош ғояси ўлароқ тузганимимиз «Ўзбекистон эркин ёшлари» ҳаракати тезгина бутун Талабалар шаҳарчаси бўйлаб кенгайди.

Уюшма низоми узоқ-яқин бошқа ўқув юртлари бўйлаб яшиндай тарқала бошлаганини кўпчилик сафдошларим бугун ҳам эслайди.

Кейинчалик бу ҳаракат мамлакатдаги демократик мухолифат – яъни «Бирлик» ва «Эрк»нинг асосий таянч кучига айланди.

Шу боис, талабаларнинг 1992 йилги исёни ҳукуматнинг улардан, кейин эса мамлакатдаги мухолифатдан биратўла қутулишига баҳона бўлиб хизмат қилди.

Воқеадан сўнг Тошкентдаги талабалар зудлик билан режадан ташқари таътилга чиқарилди, вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар эса автобусларга солиб пойтахтдан олиб кетилди.

Талабаларни пойтахтга қайтармаслик чоралари

17 январь куни вилоят талабалари автобусларда мажбурий таътилга жўнатилди

Айни воқеадан сўнг Каримов ҳукумати тузган комиссия вилоятлардаги талабаларнинг пойтахтга қайтмаслик чораларини кўра бошлади.

Тошкентга вилоятлардан келиб ўқиш квоталари кескин қисқартирилди.

Сиёсий фаолият ўчоғи саналган ТошДУ журналистика факультети Талабалар шаҳарчасидан анча узоқда жойлашган эски ҳуқуқшунослик кафедраси ўрнига кўчирилди, ҳуқуқшунослик кафедраси эса бутунлай тугатилди.

Вилоятларда илмий мутахассислар, профессор домлаларнинг йўқлиги, олий таълим сифатининг пасайиши каби муаммолар ҳеч кимни ўйлантирмади.

Талабалар шаҳарчасидаги олий ўқув юртлари ва ётоқхоналар атрофида баланд панжаралар пайдо бўлди.

Кейинги ўзгаришлар эса демократик қадриятлардан бирин-кетин юз ўгириш билан давом этди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 феврал 2016
Собиқ ҳарбий, истеъфодаги кекса подполковник, 77 ёшли Ботир Шерматович Тошмуҳаммедов 1976 йилдан буён мудофаа кучларига қарашли икки хонали уйида ...
27 июн 2018
Туркистонда биринчи жадид матбуот органи – “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида Исмоил Обидов муҳаррирлигида 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп ...
15 декабр 2015
Бугун Остерсунд туман суди Обид Назаровга суиқасдда айбланган тошкентлик ёлланма қотил Юрий Жуковскийни 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ...
18 феврал 2016
28 яшар рус таксичи қизнинг пулларини олиб, ўлдириб, кейин машинасига ўт қўйган 24 ёшли Сотволдиев 14 ярим йил қатъий ...
Блоглар
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...
9 июл 2018
(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси) Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. ...
3 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги учрашувида Вестминстер университетининг 3-курс талабасига туризм вазири ўринбосари бўлишни таклиф ...