Асосий мавзулар
17 январ 2018

16 январь – Талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун

1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди.

Исён бостирилгач, ётоқхона балконидаги талаба шиор билан

Шу куни мен одатдагидек ҳамкасбим Муҳаммад Бекжон билан бирга «Эрк» газетасини саҳифалаётган (вёрстка қилаётган) эдик… Газетанинг шу кунги сони мутлақо бошқа фотосуратлар ва материаллар билан босилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Расмий маълумотларга кўра, қўзғолонни тарқатиш чоғида икки талаба ҳалок бўлган, ўнлаб намойишчилар яраланган.

Бироқ ўша куни газетамиз фотографи Абдуғанининг авзойини, унинг юзидаги қўрқинчли титроқни кўрибоқ воқеа кўлами анча катта эканини тасаввур қилдим.

Гарчи талабаларнинг чиқишига нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилса-да, бу воқеага мамлакатда демократиянинг таназзули бошланган нуқта дея баҳо бериш мумкин.

Сиёсий фаолият ўчоғининг тугатилиши

16 январь намойишидан видеокадр.

16 январь воқеасигача Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси мамлакат ёшларининг сиёсий фаолиятини белгиловчи норасмий марказ вазифасини бажариб келаётган эди.

1988 йили бошланган норасмий ҳаракатлар – ўзбек тилига давлат мақомини бериш, мустақиллик учун намойишлар, парламент ва президент сайловларидаги оммавий фаолликни бунга мисол келтириш мумкин.

Қайта қуриш тўлқинида Болтиқбўйи мамлакатларида бошланган мустақиллик учун кураш тўлқини бу пайтда Тошкентга етиб келганди.

1987 йили ётоқхонада уч-тўрт ҳамфикр курсдош ғояси ўлароқ тузганимимиз «Ўзбекистон эркин ёшлари» ҳаракати тезгина бутун Талабалар шаҳарчаси бўйлаб кенгайди.

Уюшма низоми узоқ-яқин бошқа ўқув юртлари бўйлаб яшиндай тарқала бошлаганини кўпчилик сафдошларим бугун ҳам эслайди.

Кейинчалик бу ҳаракат мамлакатдаги демократик мухолифат – яъни «Бирлик» ва «Эрк»нинг асосий таянч кучига айланди.

Шу боис, талабаларнинг 1992 йилги исёни ҳукуматнинг улардан, кейин эса мамлакатдаги мухолифатдан биратўла қутулишига баҳона бўлиб хизмат қилди.

Воқеадан сўнг Тошкентдаги талабалар зудлик билан режадан ташқари таътилга чиқарилди, вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар эса автобусларга солиб пойтахтдан олиб кетилди.

Талабаларни пойтахтга қайтармаслик чоралари

17 январь куни вилоят талабалари автобусларда мажбурий таътилга жўнатилди

Айни воқеадан сўнг Каримов ҳукумати тузган комиссия вилоятлардаги талабаларнинг пойтахтга қайтмаслик чораларини кўра бошлади.

Тошкентга вилоятлардан келиб ўқиш квоталари кескин қисқартирилди.

Сиёсий фаолият ўчоғи саналган ТошДУ журналистика факультети Талабалар шаҳарчасидан анча узоқда жойлашган эски ҳуқуқшунослик кафедраси ўрнига кўчирилди, ҳуқуқшунослик кафедраси эса бутунлай тугатилди.

Вилоятларда илмий мутахассислар, профессор домлаларнинг йўқлиги, олий таълим сифатининг пасайиши каби муаммолар ҳеч кимни ўйлантирмади.

Талабалар шаҳарчасидаги олий ўқув юртлари ва ётоқхоналар атрофида баланд панжаралар пайдо бўлди.

Кейинги ўзгаришлар эса демократик қадриятлардан бирин-кетин юз ўгириш билан давом этди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 октябр 2016
9 октябр куни Тошкент вақти билан соат 12.20 да Бухоро вилоятининг Олот туманида Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар ушланган ...
23 март 2017
Президентнинг топшириғига лаббай деб жавоб бераётган партиялар депутатлари шу кунларда туманма-туман чопиб юрибди. Бу партияларнинг нашрлари ҳам мазкур сафарлар ...
21 феврал 2017
Бугун Ўзбекистонда барча банклар «халқ манфаати»ни ўйлаб қолган. Уларнинг вакиллари уйма-уй юриб, одамларга кредит тарқатиш билан овора. Янги президентнинг ...
2 июн 2016
«Аввал бизга уч нафар номзод кўрсатилади, дейишганди», – дейди Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги сайловда иштирок этган маҳаллаларда яшовчи мўйсафид. ...
Блоглар
24 сентябр 2018
Бугун 75 йиллик юбилейи баҳона Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда, ...
24 сентябр 2018
Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумига оид турли ОАВларда эълон қилинаётган хабарлар мамлакатда мажбурий меҳнат ...
21 сентябр 2018
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси маъмурияти Рауф Парфининг 25 сентябрга мўлжалланган юбилейини тўхтатиш ортидан ...