Асосий мавзулар
24 август 2018

Telia Гулноранинг касофатига қолди

Швециянинг Telia трансмиллий коммуникация компанияси собиқ бошқарувчилари Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулноранинг касофатидан суд олдида жавоб беришга мажбур бўлмоқда.

Улар Гулнора Каримовага камида 350 миллион доллар пора берганликда айбланиб, Стокгольм суди олдида жавоб берадиган бўляпти.

Собиқ TeliaSonera компанияси Ўзбекистон мобиль алоқа бозорида Ucell бренди остида фаолият юритган.  

Компаниянинг 2003-2007 йиллардаги молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари, 2007-2013 йилларда бош менежери бўлган Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича бош маслаҳатчиси Ули Туима судланувчилар курсисидан жой олади.

Улар Ucell фаолияти учун зарур бўлган лицензия олиш ва алоҳида ҳимояда бўлиш учун Гулнора Каримовага йирик миқдорда пора беришда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, Гулнора Каримованинг ўзи судланувчилар рўйхатида йўқ. Унинг Швеция компаниясидан пора олган асосий шахс экани деярли исботини топиб бўлган. Шунинг учун муҳими унинг судда қатнашиши эмас, балки бу жиноят эканини била туриб унга пора берган Telia собиқ раҳбарларининг судга тортилишидир.

Таъкидлаш керакки, акцияларининг 37 фоиздан ошиғи швед ҳукуматига қарашли Telia компанияси АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача эришилган келишувда Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага 331 миллион доллар пора берганига иқрор бўлган ва 2017 йил сентябрда қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлашга кўнган.

Мавжуд хабарларга ишонилса, ҳозирча мазкур иш юзасидан швед судида кўрсатма берадиган гувоҳлар рўйхатида Ўзбекистондан фақат Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари лавозимида ишлаган Шавкат Умрзоқов номи киритилган.

Гулнора Каримова томонидан орттирилган бу ноқонуний пуллар можароси Швейцарияда ҳам давом этмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Швейцария томони айни пайтда мусодара қилинган бу маблағларни Ўзбекистонга топшириш жараёни устида ишламоқда.

Аммо Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир қатор фаоллари Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида сақланаётган пулларини шунчаки расмий Тошкентга топшириб юборишга шошилмасликка чақиряпти.

Уларнинг фикрича, бу маблағлар Ўзбекистонга мамлакат раҳбарияти ваъда қилаётган ислоҳотларнинг ижобий амалий натижаларига қараб, бўлиб-бўлиб қайтарилиши лозим.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2017
17 январга ўтар кечаси Машарипов билан бирга қирғиз миллатига мансуб бир эркак ва уч аëл ҳам қўлга олинган. Шу ...
27 октябр 2023
Элтузга етиб келган видеода Андижон вилоят руҳий касалликлар шифохонасидаги холат акс этган. Воқеа 17 октябр куни соат 19:50 да рўй берган. Видеода беморлар саф ...
14 феврал 2022
Интернет технологиялари ҳаётимизни тез ўзгартирмоқда: қаерда бўлмасин, улар бизга ахборот олиш, маълумот алмашиш ва мулоқотга кириш имкониятларини кенгайтирмоқда. Шу ...
2 октябр 2015
Хазорасп туман хокими Қурбонов Ўктамбой Қўчқорович республиканинг бутунлигига шак келтириб ва фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини бир туман миқëсида тўхтатиб қўйган. ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...