Асосий мавзулар
21 сентябр 2018

Бодроқ каби урчиган порахўрлик

Сўнгги кунлардаги хабарларни ўқиб, Ўзбекистонда ҳокимият идораларидаги порахўрликка қарши кескин кураш бошланганга ўхшайди, деган хаёлга бориш ҳеч гап эмас.

Бундай мулоҳазага ундайдиган мисоллар ҳам кўпайиб кетди охирги кунларда. Ҳазилми ахир, куни-кеча Бойсун тумани ҳокимининг ўринбосари 100 доллар билан ушланганди. Бунга йўлдош бўлиб Андижон шаҳри ҳокимлиги амалдори 16 минг “кўки” билан қўлга тушди.

Ҳозирча амалда эканлигигида порахўрликда айбланиб ушланганлар орасида энг йирик амалдор Самарқанд вилоятининг эндиликда собиқ ҳокими Туроб Жўраев бўлиб турибди.

Унинг қамоққа олингани анча шов-шув бўлди. Лекин бу иш жараёни қандай бораётгани ҳақида сўнгги вақтларда бирорта янги хабар чиққани йўқ.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳрининг янги ҳокими (в.б) Жаҳонгир Ортиқхўжаев “менинг командамга пора керак эмас” қабилида гапирган эди.

Пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов кутилмаганда 400 минг доллар пора билан қўлга тушиб қолди.

Тўғри, унинг Жаҳонгир Ортиқжўжаев командасига қанчалик алоқадорлиги ҳозирча номаълум. Алоқадорлигидан кўра алоқадор эмаслиги кўпроқ ҳақиқатга ўхшайди.
Лекин унда бу амалдор кимнинг командасидан экан? Мана шу саволга жавоб топилса, кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўларди.

Юқорида Андижон шаҳри ҳокимлиги амалдори пора билан ушланганини эслатдик. Лекин бор-йўғи ҳокимликнинг катта мутахассиси лавозимида ишлаган шахс бу пора олиш занжирида ҳал қилувчи роль ўйнаш даражасида эмаслигини сал ақлини ишлатган одам билиб олиши қийин эмас.

Бу ўринда арқоннинг бир учини сал тепароқдан излаган мантиқлироқ бўлади назаримизда.

Айтганча, Андижоннинг ҳокими кенг интернет ва бошқа жамоатчиликларга сўконғичлиги боис отнинг қашқасидек таниқли бўлиб қолган шахс.

Баъзи манбаларда унинг яқин-яқинларгача Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган қудратли Ботир Парпиевга алоқадорлиги сўнгги вақтларда бот-бот тилга олинмоқда.

Сўконғичлиги боис ҳатто маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам бу одатини тарк қилмаётган Андижон ҳокими ҳақида аввал ҳам ёзгандек.

Унинг ортида қудратли кучлар турмаганида бу оғзи шалоқ ҳоким бот-бот одамларни сўкавермасди, деган мулоҳазага ҳам боргандик.

Ортида турганлар энди маълум бўляпти. Қолаверса, Ботир Парпиев тўдасига алоқадор амалдор бошқараётган жойларда порахўрлик бўлмаслигига кафолат берадиган мардни топиш қийин.

Андижон ҳокимлиги бош мутахассисининг пора олиш чоғида ушлангани ҳақида хабар берган интернет нашрларидан бири “ДХХ қозонда борини кўрсатяпти”, деганга ўхшаш қочирим қилди.

Айтиш мумкинки, бу “қозон”да ҳали кўп нарса бор. Ҳокимият қароқчилиги авжида чиққан йилларда бу “қозон”га нималар солинмади дейсиз.

ДХХ тимсолидаги чўмичга ҳали кўп нарсалар илиниб чиқмаётир. Чиққанидами, қиёмат қойиб бўларди Ўзбекистонда!

Чунки коррупцияга қарши шунча гап-сўзларга, баъзан реал саъй-ҳаракатларга қарамай, бу порахўрлик ботқоғини ҳали қуритишга жуда кўп куч сарфлашга тўғри келади.

Бунинг учун эса улкан сиёсий ирода керак. Ҳокимият тизимидаги амалдорларнинг пора билан қўлга олинаётгани ҳақидаги бодроқдек чиқаётган хабарлар бу сиёсий ирода аста-секин бўй кўрсатаётганига ишонтира олса эди…

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2018
Бу санада Ўзбекистонда ҳақиқий маънода мустақил куни нишонланиши керак, чунки бундан 28 йил бурун, 1990 йили республика парламенти Мустақиллик ...
9 феврал 2017
Президент Мирзиёев кунда-кунора турли учрашувлар ўтказмоқда. Телевидение бу учрашувларни қўлдан келганча қирқиб, монтаж қилиб, амаллаб эфирга узатяпти. Аммо босма ...
8 октябр 2018
Украина ҳукуматининг исталмаган шахслари рўйхатига кирган 43 яшар Артёмий Лебедев Тошкент ҳокимлигидан катта буюртма олди. Россия ишғол қилган Қрим ...
17 апрел 2018
Фарғона вилоятидан олган маълумотлари асосида 17 апрель куни «Xabar.uz» сайти томларнинг шиферларини жигаррангга бўяётган ўқитувчилар суратини эълон қилди. Сайтнинг ...
Блоглар
4 декабр 2018
Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган кенг кўламли ўқув машғулотлари ...
3 декабр 2018
Мана бу расмларда кўриб турганингиз Суриянинг Идлиб ёхуд Ҳалаб шаҳарларидаги биноларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Навойи ...
3 декабр 2018
“Ўз газингни ўзгага бериб, таппи ёққан ўзбегим”, дея совет даврини ёмонлаган халқимиз ўзининг замонавий тарихида ...