Асосий мавзулар
24 сентябр 2018

Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлатлар рўйхатидан ўчирилди

Совет даврида болаларни мактаб партасидан пахта даласига қувиш одатий ҳол саналарди. Қайта қуриш йилларида сал сусайган бу анъана Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қайта авж олди. Фото: Темур Карпов

Фақат сўнгги йилларга келибгина халқаро ташкилотлар ва демократик ҳамжамиятни тамсил қилувчи ҳукуматлар саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, болалар меҳнатига чек қўйишга эришилди.

Шунинг учун АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан ўчиргани нафақат расмий Тошкентнинг, балки мазкур халқаро ташкилотларнинг ҳам ютуғидир, дейиш мумкин.

Айни пайтда АҚШнинг бу рўйхатидан 76 та мамлакатда ишлаб чиқариладиган 148 та маҳсулот ўрин олган.

Ўзбек пахтасининг ушбу рўйхатдан ўчирилиши АҚШ Меҳнат вазирлигининг болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакли бўйича хулосалар жамланган 17-йиллик ҳисоботида Ўзбекистонга ижобий баҳо берилгани натижаси бўлди.

Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнатидан фойдаланишни сезиларли равишда қисқартиргани қайд этилган.

Пахта терими вақтида болалар меҳнатидан фойдаланиши сабабли Ўзбекистон ҳукумати доимий равишда халқаро танқид нишонига айланиб келди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ўтказилган мустақил мониторингларда, улар тайёрлаган ҳисоботларда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш жуда катта кўлам касб этиши жуда кўп бора таъкидланган.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида халқаро майдонда ўзбек пахтаси бойкот қилинди, болалар меҳнати мавзуси ўзбек расмийларининг энг оғриқли нуқталаридан бирига айлантирилди.

Оқибатда ҳукумат болалар меҳнатига қарши амалда курашишга, бунинг учун сиёсий ирода кўрсатишга мажбур бўлди.

Мамлакатда болалар меҳнатига чек қўйилишига Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳам катта ҳисса қўшди.

Ташкилот қатор йиллар давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни кўнгилли фаоллар иштирокида бевосита Ўзбекистоннинг ўзида мониторинг қилиб келди.

Шу асосда йиллик мустақил ҳисоботлар тайёрлаб, ОАВда эълон қилди, тегишли халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар эътиборига ҳавола этди.

“Бу мониторингдан кўзлаган асосий мақсадимиз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини тугатишга ҳисса қўшиш эди. Биз бу мақсадимизнинг бир қисмига эришганимиздан мамнунмиз”, дейди форум раҳбари Умида Ниёзова “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнати деярли бартараф қилинган бўлса-да, ҳали мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами катталигича қолмоқда.

Афсуски, мамлакатда жорий йилги пахта мавсумида ҳам мажбурий меҳнат аломатлари кўзга ташланмоқда.

Лекин бу энди алоҳида мақола мавзуси.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 октябр 2022
Олмаотадаги туманлараро тергов суди 7 октябрь куни Ўзбекистонда сепаратизмда гумонланган қорақалпоғистонлик Зиуар Мирманбетовани ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.Бундан олдин ...
5 август 2018
1997 йили мени ҳайратга солган воқеа биринчи ракетка устасининг отаси ва мураббийи Штеффи Графнинг солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун ...
25 январ 2023
Йил бошида Германияда компаниялар фаолияти ва уларнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда атроф-муҳит учун оқибатлари билан боғлиқ янги қонун кучга кирди. ...
9 декабр 2019
Мажбурий меҳнат бюросининг Пастдарғом тумани бўлими бошлиғи Илҳом Ҳамдамовнинг 7 декабрь куни ўз вазифасидан озод этилишини мамлакатдаги ҳокимият таназзулининг ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...