Асосий мавзулар
27 сентябр 2018

Стефан Дюдуанон: “Чўлпонни оттирганлар Ўзбекистонда ҳамон эъзоздалигидан ҳайратдаман”

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 26 сентябрь куни француз олими Стефан Дюдуанон (Stefan Dudouannon) иштирокида шоир Чўлпон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Абдулҳамид Чўлпонни оттиришда фаол иштирок қилган ўзбек ёзувчи ва шоирлари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон Ўзбекистонда ҳали ҳам эъзозда эканлигидан хайратдаман. Тасаввур ҳам қилолмайсиз, айни кунларда мен Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги меҳмонхонада истиқомат қиляпман”, – деди франциялик тарихчи олим Стефан Дюдуанон таниқли жадид шоирга бағишланган тадбирда.

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ташкиллаштирилган тадбирга йиғилганлар олимнинг бу очиқламасини гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

Чўлпоншунос олимнинг айтишича, хоинларнинг улуғланиши каби бундай ҳолатлар бошқа мамлакатларда, хусусан, Францияда ҳам кузатилган.

“Ҳақиқат ва озодлик учун тизимга қарши курашиб, таъқиб ва қатағонга учраган ҳамда, аксинча, тизимга мос равишда ижод қилиб, фаровон яшаган ижодкорлар ҳамма ерда, ҳамма вақт бўлган. Иккинчи тоифадагилар ҳар замон ва ҳар ерда биринчи тоифадагиларни қатағон қилишда фаол иштирок қилишган. Лекин вақт ўтиши билан халқлар ҳақиқатпарварларни улуғлаб, иккинчи тоифадагиларни ардоқлашни тўхтатишган” – деди Стефан Дюдуанон.

Олим Ўзбекистонда совет мафкураси тугатилганига чорак асрдан кўп вақт ўтганлигига қарамасдан, шу мафкурага хизмат қилиб, мамлакат озодлиги учун курашганларни қатағон қилганларга ҳануз эҳтиром кўрсатилаётгани унинг учун тушунарсиз эканлигини ҳам айтди.

Тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб берар экан, Стефан Дюдуанон французлар Чўлпонни жасорати учун севиб ўқишини таъкидлади.

“Чўлпон ҳақиқатпарвар бўлган. У ёлғондан жирканган. У бирорта мафкурага бўйсунмаган. Шунинг учун ҳам французлар Чўлпонни севиб ўқийди. Чунки жасорат ҳар қандай давлатда ҳам қадрланади”, – деди француз олими.

Аввалига тадбирни тақиқлашди…

Шоир Рауф Парфининг юбилейини тўхтатиш ортидан Чўлпон ижодига бағишланиб Франция элчихонаси билан ҳамкорликда 26 сентябрга режаланган тадбир ҳам бекор қилингани ҳақида «Элтуз» хабар берган эди.

Тадбир ташкилотчиси Анвар Назирнинг 21 сентябрь куни «Элтуз» мухбирига билдиришича, таниқли француз олими иштирокидаги тадбир Франция элчихонаси ва Алишер Навоий кутубхонаси маъмурияти билан аввалдан келишилган, кейин эса бекор қилинган.

Миллий кутубхона ортидан Ойбек уй музейи ҳам Чўлпон ва Рауф Парфи тадбирининг ўтказилишига қаршилик қилган эди.

Жумладан, кутубхона  буни жой бандлиги ва юқорининг розилигини олиш кераклиги, Ойбек уй музейи эса «контора»нинг қаршилиги билан изоҳлаган эди.

Бироқ тадбирга бир кун қолганида тадбир ташкилотчиси Анвар Назир ижтимоий тармоқда Навоий кутубхонасида ўтишига қайтадан келишилгани ҳақида хабар берди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 март 2018
Тошкентнинг Мирза Юсуф масжиди имоми Раҳматулло Сайфуддиновга 9 март куни «Озодлик» радиосини лаънатлаб, унга «жаноза ўқигани» ортидан Вазирлар Маҳкамасининг ...
18 январ 2018
Миллий хавфсизлик хизмати собиқ генерали Шуҳрат Ғуломов қамоқхоналардаги айрим сиёсий ва диний маҳкумларни йўқ қилиш гуруҳини тузган. Бу ҳақда ...
18 май 2016
Фарғона вилоятидаги боғчалардан бирининг боғча опалари бугун енгил тин олишди. Ахир бир ой қурт боқишни ўзи бўладими? Эрта тонгда ...
22 июн 2016
Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги саккизинчи оғир жазо маҳкамасида давом этаëтган суд жараëнида қотиллик ташкилотчиси дея кўрилган Собир Шукуров ва қатлни ...
Блоглар
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан ...
13 декабр 2018
Шу кунларда кўплаб нашрлар Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ҳукуматини моддий қўллаб-қувватлаш ниятида экани ҳақида ёзишди.   Жамиятдан ...
4 декабр 2018
Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган кенг кўламли ўқув машғулотлари ...