Дайжест
17 январ 2017

Далаларда танклар пахта теради

Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни байрами халқ орасида тантана қилинмаган бўлса-да, расмий доиралар томонидан анча дабдабали кутиб олинди. Мамлакат нашрларда ана шу юзаки дабдабаларнинг инъикосини кўриш мумкин бўлди.

Янги йил мавзуси эскириши билан барча нашрлар бутун диққат-эътиборини Ватан ҳимоячилари мавзусига қаратди. Уларда «қудратли ва шавкатли» армиямиз ҳақида бири-биридан нуқс олган мақолалар чоп этилди.

Аммо мамлакат президентининг байрам табригини ҳижжалаб ўқиб, сал мулоҳаза қилинса, аслида армиямиз унчалик ҳам мақтанадиган даражада эмаслиги, ҳал этилиши керак бўлган масалалар жуда кўплиги аниқ кўринади.

Аввало, президентнинг бу галги табриги аввалги йиллардагидан кўра ҳажман анча йирик, залворли ва айтиш мумкинки, дастурий бўлгани эътиборлидир. Бу табрик орқали давлат раҳбари армия тараққиётининг янги йўналишларини белгилаб берди, дейиш мумкин.

Эътиборни тортадиган биринчи жиҳат шуки, президент миллий хавфсизлик соҳаси қонун талаблари асосида бошқарилмаётганини билвосита тан олган ва буни «…ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарадорлигини ошириш устувор вазифаларимиз қаторига киради», деб юмшоқроқ ифодалаган.

Албатта, бу ўринда гап Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги манзили томон ҳам йўналганини англаш қийин эмас. Зеро, сўнгги вақтларда бу идораларнинг ўзини қонундан устун қўйиб, жиғилдонни Ватан манфаати билан адаштириб қўяётганини ўз тақдирида тинимсиз синовдан ўтказиб келаётир.

Давлат раҳбари оғиз кўпиртириб мақталган миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш ҳам кўнгилдагидек эмаслигини айтган. Бу борада 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқиш биринчи галдаги вазифа этиб белгилангани бунинг исботи сифатида кўринади.

Табрикда Қуролли кучлар академиясини янгидан ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани қўшинлар учун қўмондонлар тайёрлаш сифати талабга жавоб бермаслигига ишорадир.

Президент қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга янгича ёндашувни ишлаб чиқиш аҳамиятга эгалигини ҳам билдирган.

Албатта, ҳар йили кузда минглаб аскарлар пахта йиғим-теримига жалб этиладиган мамлакатда қўшинлар тайёргарлиги масаласи долзарб эканлигини сир тутиб бўлмайди.

Балки бу ёндашув аскарлардан бевосита белгиланган мақсадлар йўлида (по назначению дейди ўрислар) фойдаланишни назарда тутар?!

Далаларда танклар пахта теради, дея ёзганди тинчликни куйлаган шоир бир вақтлар. Афсуски, ҳақиқатан ҳам танклар, тўғрироғи, аскарлар пахта терадиган даврда яшаяпмиз.

Тинчлик замони бўлгани учун эмас, ҳамма ўз ишини қилмай, фуқаролар кимларнингдир манфаати йўлида бошқа ишларга жалб этилаётгани учун шундай бўляпти.

Президентнинг дастурий каби кўринадиган табригида айтилган сўзлар қўшинларнинг ишончли ватан ҳимоячилари бўлишига қаратилган, деган некбин мулоҳазаларга чорлаётгандек…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 ноябр 2016
«Халқ сўзи» газетаси (19.11) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокида мамлакатда Муносиб меҳнат ...
23 декабр 2020
Ўтган пайшанба, 17 декабрь куни Telegram канали орқали Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг қатор “лохмач”ларини учратган жойда жазолаш ҳақида ...
23 декабр 2016
Фарғона вилоят ҳокимининг туманларда ўтказаётган мажлисларда чироқ ўчиб қолиб, мажлис аҳли лампа чироқ, қўл фонарларини ёқишга мажбур бўлишмоқда. Туманларнинг ...
10 март 2017
Илгари Ислом Каримовнинг беш тамойилидан бошқа нарсани кўрмайдиганлар энди янги президентнинг янги стратегиясини дастуриламал қилиб олди. Ҳар икки гапнинг ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...