Асосий мавзулар
24 январ 2017

«Чапани» ишга киришди

«Ҳуррият» газетаси (18.01.) янги президентнинг сўнгги вақтлардаги чиқишларидан илҳомланиб, «Чапани чапдан турганда» (рукннинг номи) нималарни айтиб юбориши мумкинлигини ҳукуматга кўрсатиб қўймоқчига ўхшайди.

Шу рукн остида фельетонсимон мақолалар эълон қилмоқ шижоатида йўлга тушган бош муҳаррирга пахта қўйиш ниятида (яхши маънода) бўлганлар навбатга ёзилишини сўраймиз…

Энди биз зўрга пахта қўялар пешма-пеш ҳамма зиналару босқичларда бири бирига жой бермай, бир-бирининг устидан босиб, деҳқон етиштириб берган пахтани экспортга юборишнинг ўрнига катталарнинг (….)га босишга ўрганмаган журналистларнинг мақоласини кутамиз, деган иддао кўрингандек бўлди бу рукн ортида.

Яъниким, газета халқнинг дарди очиқ ёзилган муаммоли мақолаларни кутамиз, демоқчи бўлгандек ишора берди.

Ҳозирча газета истеҳзони шўролар даврида бир вазир машҳур Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асарини тушунмай: «Мен ўқиб тушунмаган китобни ўқувчилар тушунармиди», деб мактаб кутубхоналари учун сотиб олинадиган китоблар рўйхатидан ўчириб ташлаганини эслаб ўтади.

Кейин эса бу йил газетанинг обуна (мажбурий обуна бўлиниши шарт бўлган газеталар) рўйхатидан ўчириб ташланганини илинтирган муаллиф бош муҳаррирга маслаҳат беради.

Тўғридан тўғри кўрсатмайди, аммо жамиятдаги муаммоларни ур, ўшанда ҳурмат топасан, обуна ҳам жойига тушади, деб бош муҳаррир тимсолидаги дўстига мурожаат этади.

Гап орасида муаллиф газ муаммосини қистириб ўтади. Сирдарёда газ йўқлигини айтар экан, бош муҳаррирга қарата: «Сенга ўхшаган хонада ўтириб мақола ёзадиган дўстларимга кўзимга чалинган ана шундай нуқсонлар ҳақида ёзиб, ҳаётда нималар бўлаётганини етказиб туришни дилимга туйиб қўйдим», дейди.

Мақолада бош муҳаррирнинг юқоридаги гапларга жавоби ҳам эълон қилинган. У муаллифга «мужик»ча мурожаат этар экан, бўлар-бўлмас гапларни эмас, асосли гапларга таяниш, яъниким ишни эҳтиёткорлик билан бошлаш заруратини эслатади.

«…осмонга тош отиб ўйнама, биттаси бўлмаса, бошқаси қайтиб келиб, бошингни ёради», деб мулоҳаза қилади бош муҳаррир афтидан шу пайтгача тутиб келган йўли тажрибасидан келиб чиқиб.

Сўнг у нафақат ўз дардини, республикадаги аксарият газеталарнинг муаммосини дастурхон қилади: «…биргина обунадан тушадиган тушумга қараб қолганмиз. … қалами найзадай журналистларни ижодий сафарларга жўнатишга қуриб етмайди… Кимнингдир қўлига қарам бўлса, ёзгани ҳам шунга яраша бўлади. Буни биласан, «Еган оғиз уялар».

Мана шу икки-уч қатор гапда бугунги ўзбек журналистикасининг ёзуғи битилган. Бунинг учун «Ҳуррият»ни мақтасак, эркин журналистиканинг устидан кулган бўламиз.

Лекин янги президентнинг ғайрат-шижоатидан, сўнгги вақтларда халқимизга улашаётган ишончидан келиб чиқилса, ўзбек журналистикаси ҳам бу жараёнга қўшилишга уринишидан балки қувониш керакдир, деган ўйга ҳам боришингиз мумкин.

Шунга қарамай, бир нарсани эсдан чиқармайлик: ҳукумат чизиб берган доирада ўйнаш (журналистика маъносида) «оқ теракми, кўк терак» ўйнаш эмас. Чунки болаларнинг бу ўйинида озми-кўпми адолат бор.

«Ҳуррият»нинг чапаниси айтадиган гаплар ҳам ҳар доим халқнинг кўнглидаги айтмишлар бўлса, бош муҳаррир «обунадан тушадиган тушумга қараб қолганман, журналистларимни ижодий сафарларга жўнатишга қурбим етмайди», деб ёзғиришига ҳожат қолмайди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 май 2017
21 май куни президент Мирзиёев Риёд шаҳридаги учрашувида Ўзбекистонда халқаро илмий тадқиқотлар маркази тузиш бўйича меморандумни имзолади. Саудия Арабистонида ...
3 июл 2020
Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми? Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий ...
3 август 2018
Тошкентда Йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирлари йўлда рўмолли ҳайдовчи аёлларни тўхтатиб, уларга чора кўраётгани ҳақида хабар тарқалди. Рассом Туз Ўзбекистондаги ...
22 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўткан сонда) «Холли қабристонни ўйчан қиёфада тарк этди. Бир чеким носни тил тагига ташлаб, ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...