Кундалик
18 октябр 2015

Турмадан хат

Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар! Мен бу воқеани сизларга айтмасам бир умр бўйнимда қарз бўлиб қолади. Шу сабабли узоқ ўйлаб айтишга қарор қилдим.

Бундан бир неча йиллар аввал ризқ-насибам қўшилган экан мен ҳам панжара ортини кўриб келиша мажбур бўлдим. «Қамоқхона» деган номни эшитсам лабимга учуқ тошар эди, тасаввуримда даҳшатли жойлар, ёмон одамлар гавдаланарди. Йўқ, у ерда ҳам сиз билан бизга ўхшаган одамлар бор экан. Фақат яшаш шароитлари бироз.., ҳа майли, мавзудан четлашмайлик, ҳозир гап у ердаги аянчли аҳвол ҳақида эмас. У ердаги шароитлар ҳақида бошқа пайт бафуржа баён қиларман.

Демак, мени бир қамоқхонадан бошқасига кўчиришди (нима эмиш у қамоқхона уйимга яқин бўлгани учун яқинларим кўп хабар олаётганмиш). Янги жойга боргач билдим, одам қамоқхонага ҳам ўрганиб қолар экан. Янги борган жойимга ҳеч кўника олмадим, бошқаларга ҳам қўшилиб кета олмадим. Биров билан мулоқот қилиб турмасангиз вақт ўтиши ҳам қийин бўлар экан. Қарасам бир четда ёши мендан каттароқ, оғир-вазмин инсон ҳам хаёл суриб ўтирган экан, салом бериб ёнига ўтирдим.

Ҳол-аҳвол сўрашдик, кейин танишдик (қаранг, ўзбекчиликда, аввал ҳол-аҳвол сўраб кейин танишасиз, бошқа миллат бўлса танимаган одамидан ҳол сўрармиди?).

Исми Озодлик экан. Хато эшитмадингиз, ўзим ҳам биринчи эшитганимда Озодбек деб эшитган эканман.
– Умрим қамоқда ўтаяпти – деди бечора, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бир чиқаришибди-ю яна қайта яна олиб кириб қамаб қўйишибди.
– Борган сари мени йўқловчи яқинларим ҳам кам қолмоқда – деди. Ташқаридаги вазиятни сўради, билганимча айтдим:
– Мустақилмиз – десам мийиғида кулиб:
– Ўзи Мустақиллик билан яқин қариндошмиз – деди.
Анча суҳбатлашдик, мен кўнглини кўтариш учун:
– Ҳақиқат бор, насиб қилса яқинда чиқиб кетасиз – десам, хўрсиниб
Ҳақиқат билан бирга қамалганмиз , яқинда «Сангород» (қамоқхона шифохонаси) да кўрдим, қаддини эгиб анча букиб қўйишибди, аммо синдира олишмабди – деди. Ўртага ноқулай жимлик чўкди, мен хижолатчиликдан чиқиш учун:
– Адолат бир куни қарор топади – дедим.
Озодлик менга бир қараб олгач секингина:
Адолат, Ҳақиқат билан битта жойда, уларнинг томири битта, қамоқда ҳам айрилгани йўқ – деди.
Озодликнинг бир жойига ҳайрон қолдим, сал кам авлиё экан. Менга қараб:
– Ука, сиз яқинда чиқиб кетасиз, битта илтимосим бор, мени унутмаган дўст-ёр, яқинларимга менинг номимдан салом айтиб қўйсангиз. Мен йўқолиб кетганим йўқ, бир куни қайтаман – деди. Кейин номма-ном ёдида қолган яқинларини санаб берди.

Мана, мени Озодлик айтгандек чиқариб юборишди, энди Озодлик айтган яқинларини излаб юрибман:
Эътиқод, Имон, Виждон, Диёнат, Қўрқмас, Мард, Матонат... – булар эсимда қолганлари, Яна бир қанчалари бор.
Агар мени эшитган бўлсангизлар ёнимга келинглар, яқинда Озодлик, Ҳақиқат, Адолат келади, биргалашиб кутиб олайлик, кейин уялишиб қолмайлик.
Мана, мен бўйнимдаги қарзни адо қилдим, нимани эшитган бўлсам етказдим, эшитганлар эшитмаганларга етказиб қўйсин. Кейин бехабар қолибмиз деб менга даъво қилиб юрманглар, вақт жуда оз қолди.

«Саломнома»ни баён қилувчи оғзидан оқизмай-томизмай оққа кўчирувчи
Акмал Набиев,
eltuz.com

Тағин ўқинг
30 январ 2017
Сўнгги вақтларда товуқ боқишни Ўзбекистонда миллий ҳаракат даражасига чиқаришга қаратилган интилишлар давом этмоқда. Қайси газетани варақламанг, албатта, товуқ боқиш ...
12 декабр 2023
Cанкт Петербургнинг «Красное Село» туманида уч нафар Ўзбекистонлик бола Ленин кўчасидаги «Мангу олов»ни ўчириб қўйишди, дея ёзмоқда Россия нашрлари. ...
15 октябр 2015
Шуҳрат Бобожон, Eltuz.com Салвадор Далининг бир асари бор. «Гражданлар урушини олдиндан ҳис қилиш» деган. Рассом дўстим Ҳакимжон Турдиев эса ...
13 июн 2019
Андижон шаҳри 2-туғруқхонаси фарроши 33 яшар Одинахон Эргашева 9 июнь куни ички ишлар ходимлари уни телефон ўғирлаганликда гумон қилиб, ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...