Document UZ
7 декабр 2015

Ўзбек банкири Рустам Усмоновнинг «Тўхтатилган парвози»

Омадли бизнесмен ва Ўзбекистондаги илк хусусий банкни ташкил қилган Рустам Усмонов, ўша пайтларда ҳали Тошкентдаги энг олий кабинетларга кира оларди. У президент Каримов билан, ички ишлар вазири Алматов ва бошқа олиймақом мансабдорлар билан шахсан таниш эди.

Бироқ у барибир Ўзбекистондаги ҳукмдор элитага қўшилиб кета олмас, чунки унинг хамиртуриши бошқа жойдан олинганди. У етарли даражада худбин ҳам, ёлғончи ҳам эмасди, ҳаддан ташқари мустақил эди ва уни ўзларидан деб билишлари учун ўта очкўз ва виждонсиз ҳам эмасди.

Биз қисман чоп этишга аҳд қилган китобида у шундай ёзади: «мен, бизнинг замонамизда, ишлаш ва пул топа билишнинг камлик қилишини тушиниб етдим. Тағин ўз ишлаб топганингни мансабдорлар билан баҳам кўришга ҳам ўрганиш лозим экан. Бироқ мен бундай қилишни билмас ва истамасдим. Мен соддалик қилиб, ўз улушимнинг улкан бир қисмини солиқ сифатида давлатга берарканман, демак ҳукумат мени қолган барча ўлпонлардан ҳимоя қилиши лозим дея ўйлардим. Виждонан яшаш, халол пул топиш мумкин, айни пайтда шунчаки ҳаёт кечиришмас, миллионер бўлиш мумкин деб ўйлардим. Мен бу мақсадга етдим. Бироқ бу жуда, жуда қийин кечди».

Усмонов ўз рафиқаси ва тўнғич ўғли билан эгалик қилган Рустамбанк Низомий қапитали, 1995 йили 1,2 млн АҚШ долларини ташкил этди.

1998 йили, эллик ёшга тўлиши арафасида, миллионер Рустам Усмановни ҳибсга олишди ва уни иқтисодий жиноятларда айблаб 14 йилга озодликдан маҳрум қилишди. 2012 йили унинг муддати турма қоидасини бузди деган ўзбошимчалик билан уйдирилган айбловга кўра тағин беш йилга узайтирилди. Нимага ҳукумат бизнесмен Рустам Усмоновни чиқаришни истамаслиги бизга номаълум. Биз 18 йилдан буён панжара ортида қолаётган бу инсоннинг аччиқ қисматини эслашни истаймиз.

rasm578Рустам Усмонов
Тўхтатилган парвоз

Муқаддима ўрнида

ЮБИЛЕЙ

Бугун мен учун юбилей. Роппа-роса икки йил муқаддам Тошкентда тадбиркорларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан учрашуви бўлиб ўтганди. Мен унда учинчи бўлиб сўзга чиқишим керак эди. Бу эса ўз-ўзидан анча фахрли ҳисобланарди. Мен минбарга қараб йўл олганимда президент йиғилганларга қараб гап қотди:

  • Рустамжонни билсаларингиз керак. У Ўзбекистондаги биринчи хусусий банкнинг президенти. Бундан ташқари, ҳукуматимизнинг машҳур танқидчиси. Эшитайлик-чи, у нима дер экан…

Президентнинг хайрихоҳ оҳанги режаларимни чалкаштириб юборди. Дўстларимнинг маслаҳати билан мен президент ва унинг жамоасини мадҳ этувчи маъруза тайёрлагандим.

Ислом Каримов маърузамнинг мазмунини билмаслиги мумкин эмас эди, шунинг учун у қандай тайёрланган бўлса, шундай янграшини кутаётганди.
Ўз қудратига ишонган раҳбарнинг илтифотли оҳанги менга маънодор таъсир қилди. Маърузанинг дастлабки матнини бутунлай унутиб, дарҳол гапни танқиддан бошладим.

Мен давримиз руҳидан келиб чиқиб, бу учрашувга ижобий маъруза тайёрлагандим. Бироқ минбарга йўл олар эканман, маъруза қилишга ўйланиб қолдим. Менимча, биз бу ерга бошқа нарса, яъни энг оғриқли масалалар юзасидан фикр алмашишга йиғилганмиз. Шунинг учун агар фикрларим кескин чиқса, аввалдан мени маъзур тутишингизни сўрайман…

Бизнинг асаларичилик колхозимизда етиштирилаётган асалнинг сифати халқаро андазаларга мос келади. Яқинда Саудия Арабистонидан яхши харидорлар топдик. 1993 йилнинг бошидаёқ шартнома тузиб қўйгандик. Деярли бир йил ўтиб қолди, биз ҳали ҳам хориждаги харидорларимизга асал жўната олганимиз йўқ. Бюрократ-божхоначилар тўсқинлик қиляпти. Майли, агар асални экспорт қилиш имконияти йўқ экан, уни ўзимизда сотишга қарор қилдик. Аммо бу ерда ҳам бир талай муаммо, колхоз дарвозасидан чиқмасингдан ОБХСС ҳозиру нозир. Бор-йўғимизни шилиб олади. Уларга асал социалистик мулк эмас, балки жамоаники эканини тушунтирасан. Биз ўзимизни ўзимиз талон-тарож қилмаймиз-ку, бу мантиқсизлик-ку. Бироқ ҳеч қандай тушунтириш ёрдам бермайди. Илгари бюрократлар билан курашишдан чарчасанг, газетага ёзиш мумкин эди. Мақола чиққандан кейин нафас олиш енгиллашарди. Энди буни ҳам қилиш мумкин эмас…

Шу жойда президент сўзимни бўлди:

  • Нега босишмайди, ким йўл қўймаяпти?

Республикада оммавий ахборот воситалари устидан кескин назорат тизими борлигини президентдан бошқа ҳамма биларди. Ҳар ҳолда, у ҳар доим Ўзбекистонда ҳеч қандай цензура йўқлигини айтиб келарди. У ўзининг сон-саноқсиз чиқишларида Конституция ва матбуот тўғрисидаги қонун ҳаммага ўз фикрини айтиш имкониятини бериши, ҳеч кимнинг Ўзбекистон қонунларини бузишга ҳаққи йўқлигини такрорлашдан чарчамасди.

Энди мен цензуранинг рухсатисиз республика газеталарида бир қатор ҳам гап чоп этиб бўлмаслигини ҳамманинг олдида қандай айтсам экан.
Мен соддадил одам ролини ўйнадим.

  • Журналистлар бу одамнинг номи цензор эканини гапиряпти…

Хавотирларим асосли эди, буни президентнинг ўзи ҳам тасдиқлади:

  • Бегижон Раҳмонович! Илтимос, бу масалани ҳал қилинг. Ўзбекистонда ҳеч қандай цензура йўқ.
    Президент Республика давлат назорати раиси ўринбосарига топшириқ бериб, хотиржам бўлди ва яна гапларимни диққат билан эшитишга тайёрланди. Мен ҳокимиятнинг юқори органлари вакиллари билан муносабатда «одоб» доирасидан чиқаётганимни англаб қолдим. Энди тугатиш керак. Бироқ агар президентнинг луқмасидан кейин жойимга ўтирсам, йиғилганлар кўз олдида қўрқоққа чиқиб қоламан.

Мен ҳеч нарса бўлмагандек гапимни давом эттирдим. Ғарблик ҳамкорларнинг «Рустамбанк»ка катта кредитлар беришга тайёрлиги, хорижий валютани конвертация қилиш зарурати, товарлар сотиб олиш ва кейин уларни экспорт қилиш ҳақида гапирдим. Доимий қатағонлар, давлат фойдасига мусодара қилиш таҳдиди, буйруқлар асосида бошқаришга асосланган иқтисодиёт эмас, фақат очиқ бозор иқтисодиётигина яшашга ҳақли эканини далиллашга уриндим. Президентга мурожаат қилиб, гўё очиқ эшикка томон интилдим:

Йўлимизни очиб беринг – биз республикамизни буюк мамлакатга айлантирамиз. Тадбиркорлардан амалий ишлар кутишяпти ва талаб қилишяпти. Аммо тўсиқлар қўйиб, қонунларни бузишга ундашяпти. Ҳеч кимга шикоят қила олмаймиз. Газеталарда танқид берилмайди, президентга жўнатган хатларимиз эса етиб бормайди. Сизнинг қабулингизга кириш эса Ойга чиқишдан ҳам қийин. Кимдан ҳимоя, кўмак излашимиз керак.
Каримов менинг вақтим тугаганини билдириб қўймоқчи бўлиб ўрнидан турди. Мен минбарни тарк этиб, зал томон йўналдим. У қўли билан мени тўхтатди:

  • Бугундан бошлаб менинг эшикларим сиз учун ҳар доим очиқ.

Президентнинг эътибори ва мени тушунганидан жуда руҳланган ҳолда гўё қанот боғлаб жойимга қайтдим.

Ўша дақиқаларда ярим йилдан сўнг ўғлим турмага ўтиришини ҳатто тасаввур ҳам қилмагандим. Айнан тадбир бўлган кундан роппа-роса бир йил ўтиб мени ҳам ҳибс этишди. Мен ўғлим ўтирган ўша ертўлага тушдим. Буларнинг барчаси ҳали олдинда эди.

Ҳозирча эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мажлислар залининг барча бурчакларидан таниш ва нотанишлар менга хайрихоҳлик билан қарар, ўтирганлар қўлимни сиқиб қўярди. Кимдир чин кўнгилдан, эзгу ниятда, яна кимдир ҳасаддан, конъюктура нуқтаи назаридан, ҳар эҳтимолга қарши шундай қиларди. Мен бу куннинг қаҳрамони эдим. Мендан кейин бошқа тадбиркорлар ҳам сўзга чиқди. Учрашув президентнинг узундан-узун маърузаси билан якунланди. У ўз сўзида республика бизнесменларига олтин тоғлар ваъда қилди.

1994 йил бошида бу учрашув республика телевидениесида икки марта кўрсатилди. Мен жуда машҳур бўлиб кетдим, деса ҳам бўларди. Тўғри, видеоёзувда менинг цензура тўғрисидаги сўзларим кесиб ташланганди.

Шундай қилиб, мен олий мақомдаги амалдорларнинг иккиюзламачилигига биринчи бор тўқнаш келдим. Менинг ўша пайтдаги соддалигим, катта сиёсат масалаларига ёш боладек чин кўнгилдан қарашларим бугун агар ачинишга бўлмаса, ғурурланишга лойиқ.
Аммо ўшанда, 1994 йилнинг бошларида, сиёсий иккиюзламачиликнинг менга берган ўгитига унчалик эътибор қаратмагандим.

1994 йилнинг январи республика ҳукуматининг Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни тубдан чуқурлаштиришга қаратилган қатор қарорлари билан эсда қолди. Уларнинг энг асосийси Президентнинг 1994 йил 21 январда қабул қилинган «Республикада хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги фармони бўлди. Уни мамлакат тақдиридаги туб бурилиш деса ҳам бўларди. ОБХСС тугатилди, Божхона қўмитаси ҳам тугатилиб, Солиқ қўмитасига қўшиб юборилди. Фармон ҳокимият органларининг тадбиркорларнинг ички ишларига аралашишини тақиқларди. Хуллас, мен президент билан учрашувда кўтарган масалалар ҳал қилинди. Ҳар ҳолда, эълон қилинган фармон ва ҳукумат қарорлари бўйича уларнинг ечимини баҳоласа, шундай таассурот уйғонарди.

1994 йил февралда Тошкентда Халқаро иқтисодий форум бўлиб ўтди. Мен ҳам унда иштирок этишга таклифнома олдим. Учрашув вақтида президент мени узоқдан кўриб қолиб, олдимга келди. (Мен унинг олдига яқинлаша олмасдим. Қўриқчиларнинг кўплиги бундай имкониятни бермасди). Қўл олиб кўришар экан, қисқа қилиб сўради: «Энди кўнглингиз тўлдими?». Бу республикада иқтисодий ислоҳотларга оид сўнгги қарорларни қабул қилишда менинг фикрим ҳам инобатга олинганига кинояли ишора эди.

Кечқурун давлат раҳбарининг менга бўлган эътибори ҳақида фахр билан гапирдим. Хотиним секингина гап қистирди: «Шоҳга яқин юрмаслик керак. Шоҳнинг қаҳрига учраш мумкин. Шоҳдан узоқ кетиб ҳам бўлмайди – унинг марҳаматисиз қолиш мумкин. Шоҳнинг яқинидан кетиб, атрофидагиларнинг нафратига дучор бўлиш ҳеч гап эмас. Шоҳ худди совуқ ҳаводаги гулханга ўхшайди. Яқин келсанг – куясан. Узоқ кетсанг – совқотасан».

Хотинимнинг айтганлари башорат бўлиб чиқди. 1994 йилнинг 24 декабри ҳаётимда туб бурилиш санаси бўлди. Бунга ўзим ҳам айбдорман.

Ҳамма бир гапни гапирарди: «Президент сенга бойлик орттириш имконини берди. Сени шунчалик юксакка кўтардики, яқин орада ҳеч ким сенга тега олмайди. Дон Кихотникидек қилиқларингни бас қил. Халқ саодати, мустақил давлат манфаатлари тўғрисидаги гапларнинг ҳаммаси пуч. Барча замонларда доҳийлар ва сиёсатчилар ўзларининг бебошлиги ва қонунга бўйсунмаслигини шундай сўзлар билан пардалаб келган. Президент сендан миннатдорлик билдиришингни кутяпти. Унинг тизимини танқид қилиб, унга ёрдам беряпман, деб ўйлама. Аксинча, унга ва атрофдагиларга халақит беряпсан. Улар халқ саодати йўлида курашиш учун ҳокимиятга келмаган. Уларнинг ҳам оиласи, болалари бор. Аҳмоқ бўлма, имкон борида бойлик йиғиб қол. Сени юксалтирганлар билан бўлишишни ҳам унутма. Сен Ўзбекистон халқига эмас, ўз хўжайинларингга хизмат қилишинг керак».

Мен бу гапларга ишонмадим. Зеро, ҳаётга бошқача қарардим. Бу қарашларим бугун ҳам ўзгаргани йўқ. Сўнгги кунларимгача ўзгармай қолишига умид қиламан.

Мен халқ саодати учун курашчи эмасман. Оддий одамман. Оддий инсоний хислатлар – виждон, ғурур, ор-номус менга бегона эмас. Мени камситишса, ҳимояланаман. Бу кураш эмас, балки ўз-ўзини сақлаб қолиш, ҳимоя қилиш ҳисси. Мен кимгадир қарши, нима учундир курашмаганман. Мен ҳимояландим. Агар фаолиятим кимгадир халқ саодати учун курашиш бўлиб туюлган бўлса, бунда менинг айбим ҳам, хизматим ҳам йўқ.

Ҳар ким мавҳум «халқ саодати» учун эмас, ўзини, оиласини, яқинларини, дўстларини ҳимоя қилиш учун курашиши керак. Кўпчилик бундай қила олмайди. Улар бир бурда оқ нон, лавозим, ўткинчи бойлик учун ўз-ўзининг умрбод қулига айланганлардир. Буларнинг барчаси учун аксарият одамлар ўзининг инсоний «мен»ини, кўпинча ўзида борлигини ҳам англамайдиган ғурурини сотишга ҳам тайёр.
Аллоҳ одамни ярата туриб: «Ўзгаларга зулм қилма, ўзингга зулм қилишларига ҳам йўл қўйма», деган. Мен бу қоидани муқаддас биламан. Ҳеч кимга зулм қилмайман, менга ҳам зулм қилишларига йўл қўймасликка уринаман.

Мухолифларим бош чайқаб: «Сенга ачинамиз. Сени синдиришади. Чангалзор қоидалари бешафқат», дейишарди. На илож, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Аммо менинг ҳаётим – бу менинг ҳаётим. Бунинг учун мен фақат ўзим, ўз яқинларим ва дўстларим олдида жавоб бераман. Бошқа ҳеч ким олдида эмас.

Ёзишга қарор қилган китобимда йўл қўйган хатоларим ҳақида имкон қадар рўйирост, ҳеч нарсани яширмасдан баён этишга ҳаракат қиламан. Балки кимгадир асқатиб қолар.

Қуйида баён қилинган барча воқеалар ҳаққонийдир. Мен ёзувчи эмасман, бор фактларга «бадиий иштибоҳлар» қўшиш учун худо менга истеъдод бермаган. Шунинг учун ҳамма нарса тўғрисида қандай бўлса шундайлигича ҳикоя қилишга тўғри келди…

Тағин ўқинг
28 сентябр 2016
Ўзбек халқининг буюк шоири Рауф Парфи 1943 йилнинг 27 сентябрида туғилган эди. Ушбу сана муносабати билан унинг яқин дўстларидан ...
22 апрел 2016
Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра Ўзбекистон мусулмонлар диний эътиқодлари учун таъқиб ва босимларга учраётган авторитар мамлакатлардан бири саналади. ...
1 май 2015
Ўзбекистонда махсус хизмат ходимлари аёлларни рўмолини ечишга мажбур қилишмоқда. расм муаллифи: Шуҳрат Бобожон
23 март 2016
Унинг бошқаруви даврида, Сингапур иқтисодий қашшоқ ва қолоқ мамлакатдан дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айланди. Ли Куан Ю авторитар ...
Блоглар
16 декабр 2017
Бундан 31 йил олдин Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди. АҚШ конгреси кутубхонасига ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга ...
12 декабр 2017
«Ижтимоий фикр» барака топсин, яна раҳбарга ёқадиган, ақлини таниганларнинг истеҳзосига сабаб бўладиган навбатдаги сўрови натижасини ...