Асосий мавзулар
19 апрел 2020

19 апрель – шоир ва олим Баҳодир Содиқов туғилган кун

Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилди.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган.

Баҳодирнинг илк ижод намунаси 1976 йил 7 февралида Шовот тумани газетасида чоп этилган эди.

Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

rasm1179
Баҳодир ҳаётининг сўнгги даврини тасаввуф илмини ўрганишга бағишлаган

Унинг шеърларидаги “озодликнинг денгизи” ичра “қуллик қоясига сачраган” тўлқин мисоли ёрқин руҳ бугун ҳам мустақил фикр, ўзгача ғоялар, инсон эрки қатағон этилган Ўзбекистонда долзарб оҳанг касб этади.

Хуршид Давроннинг эътирофига кўра, “Баҳодир Содиқов 80-йилларда ўзбек адабиётшунослиги майдонида пайдо бўлган салоҳияти баланд, зукко олим бўлган”.

Унинг ҳам мумтоз, ҳам замонавий адабиёт йўналишида ёзган мақолалари ўша даврда жуда катта қизиқиш уйғотган, адабий жамоатчилик ёш олимнинг келажагига катта умид билан қараган.

Баҳодир Содиқов мумтоз адабиётни чуқур билишга интилган, бу соҳадаги мавжуд муаммолар, хусусан, мумтоз адабиёт намуналарини нашр этишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида ҳозиржавоблик билан муносабат билдиришдан қочмайдиган, ўз фикрини дадил ҳимоя қила оладиган мунаққид эди.

Шоирнинг фожиали ва сирли ўлими

1980 йилда у 21 ëшида фожиали ҳалок бўлди. У сувга оқиб кетган. Тўғрироғи, бир болани сувдан қутқариб, кейин ўзи дарёга ғарқ бўлган…

«Унинг фожиали ўлимида ўз жонини қурбон қилиш эвазига ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишдек камдан-кам инсон журъат эта оладиган буюк инсоний жасорат намоён бўлганини асло хотирамиздан чиқармаслигимиз керак”, дея ëзди Хуршид Даврон.

Афсуски, ёш олимнинг фожиали ўлими адабиётимизни зукко билимдондан, бизни покиза қалб эгаси бўлган инсондан жудо этди.

Унинг шеърлари гўё унинг ўлимини башорат қилгандай янграйди:

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда…

Баҳодир ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди.

Вафотидан сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» альманахларида босилди.

Баҳодир Содиқов шеърларидан

Дардларингни дарёга,
Сирларингни самога,
Тўкма, сочма, севгилим,
Сирларингни сев, гулим.
Дардинг билан дилбарсан,
Сирлар билан суюкли.

Дарёларнинг денгизи,
Самоларнинг юлдузи.
Сенга бўлса, мен ўзим
Борман ахир, кундузим.

Дарёлардан дилбарсан,
Самолардан суюкли.
Суйдириблар суймасанг,
Куйдириблар куймасанг,
Энг бахтиёр туйғу бўл!

Тоғсиз, чўлсиз оҳу бўл!
Куймагандан дилбарсан,
Суймагандан суюкли.

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда,
Фалакларим юракда.
Фалаклардан юракда.
Фалаклардан дилбарсан,
Юрагимдан суюкли.


Эса бошлар ишонч шамоли,
Ва кўпирар кураш тўлқини.
Ҳам озодлик денгизи узра,
Кўринади бахтлар ёлқини.

Ҳали кўпдир қуллик қояси,
Озодликнинг денгизи ичра.
Эй, шамоллар, довулдек эсинг,
Ва сен, тўлқин, қояга сачра!

Шамол ҳамда тўлқин, бирлаш ва
Қояларнинг қирғоғин кемир,
Эй сен, денгиз, қуллик оролин,
Қаҳр ила қаърингга симир!

Шунда қоя ўсмоғи учун,
Хунта бўлиб отилмас вулқон.
Замондошим озодлик учун,
Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

1980 йил.
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан гавжум бўлади. Гўёки ҳукумат ...
13 август 2023
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 12-13 август кунлари қовун сайли бўлиб ўтди. Хоразм вилояти қовун ва тарвуз экспорти бўйича 1-ўринда бормоқда. 2021 йилнинг дастлабки ...
21 ноябр 2023
Ўзбекистон Х фактор шоусини ўтказадиган дунëдаги 58 давлатдан бири бўлди. Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз 19 ноябр куни 12 нафар ...
15 феврал 2019
Бугунга қадар «Элтуз» таҳририяти ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳақидаги силсила мақолаларига бирор расмий изоҳ ола олгани йўқ. Шунга қарамай, таҳририят ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...