Асосий мавзулар
7 май 2023

7 май – Радио куни

7 май Радио куни сифатида нишонланишини ҳали совет даврлариданоқ билар эдим. Аммо 7 май оталар куни эканини Германияга ҳижрат қилгач билдим.

Раҳматли отам Ражаббой Бобожон бутун умрини радиога бағишлаган эди. Бугунги радио кунида отамни эслайман.

Отам (Аллоҳ раҳмат қилсин) Ражаббой Бобожон 40 йил мобайнида Ўзбекистон радиосининг Хоразмдаги махсус мухбири бўлиб ишлади.

Отамнинг иш майдони Хоразм вилоятининг бутун ҳудудлари эди. Зил-замбил «репортёр» магнитофони билан отам Питнакдан Дўсимбийгача, Моноқдан Овшаргача бўлган масофани пикап «Москвич»да кезиб репортажлар ҳозирлар эди.

Брежнев дастурхонига Хоразм қовунларини етказиб берадиган Матвафо ота ëки Никита Хрушчевнинг шахсий дўсти Искандар Дўсов отам ҳозирлайдиган репортажлар қаҳрамони эди.

Радиобошловчи Қодир Махсумов «Хоразмдаги мухбиримиз Ражаббой Бобожонов биз билан жонли алоқада, ассалому алайкум, Ражаббой оға», дейиши билан отам баланд овозда «валайкум ассалом, Қодиржон», деб репортажни бошлар эди.

Жонли алоқа Урганч куранти тагидаги алоқа бўлимидан махсус УКВ канал орқали амалга оширилар эди.

Отам уйдаги улкан магнитофондаги ош ейдиган лаган катталигидаги тасмаларни ацетон билан ëпиштириб монтаж қилар эди.

Респондентларнинг тасмалардаги овози эса текстга туширилиши лозим эди.

Менга зўрға бўйим етадиган улкан магнитофон тугмаларини босиб ўчириш каби зерикарли вазифа тушар эди.

Отам тасмадаги овозларни эшитиб, жумлама-жумла машинкада чиқиллатар эди.

Монтаж бўлган якуний маҳсулот эса зудлик билан Урганч аэропортига етказиларди.

Учувчилар тасмани Тошкент аэропортидаги махсус қутига ташлашар эди. Радио ходимлари эса бу тасмани олиб эфирга қўйишар эди.

rasm1143
Шуҳрат ва Ғайрат Бобожоновлар

Тошкентдан 1000 км узоқликдаги Хоразмдан ëзилган лавҳа икки соат ичида эфирга узатилар эди.

Мен бу касб билан шуғулланишни ҳеч қачон орзу қилмаган эдим.

Шоир, рассом, киночи бўлишни орзу қилардим. Рассом бўлиб эътироф қилиндим ҳам.

Аммо бундан 21 йил олдин, 1994 йилнинг 12 апрелида тележурналист бўлиб эфирга чиқдим.

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил телеканал TV ALC дастурини ўша куни Хоразм, Бухоро, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги миллионлаб одамлар кўрди.

Биз ТВ зона 4-тизими орқали Москва дастури бериладиган каналдан чиқиб, Москва дастурларини кутаëтган ўртоқларга «Жаноблар ва хонимлар», деб мурожаат қилдик.

Москванинг «Время» дастури ўрнига «Дигиржак» (Ғилдирак) деган махсус дастурни намойиш қилдик.

Ана шундан кейин рисқу насибам ота касби билан боғланди.

Мана, 16 йилдан ошибдики, радиожурналистика билан шуғулланаман. Ота касбида энди.

Шуҳрат Бобожон,
«Озодлик» радиоси журналисти

Тағин ўқинг
17 апрел 2023
1970 йилнинг бошида «Битлз»ни тарк этганидан сўнг Пол Маккартни (McCartney) ўзининг илк яккахон альбомини чиқарди. Бу вақтга келиб «Битлз» ...
10 январ 2017
Reina тунги клубини қонга белаган ва 39 кишини қатл қилган хужумчига қатл буйруғини берганликда гумонланган Илëс Мамашарипов қўлга олинди ...
9 апрел 2018
9 апрель куни фейсбук ижтимоий тармоғида пайдо бўлган, Ўзбекистон давлат байроғи фонида тўппончани мушукка тираб турган эркак фотоси мушуксеварлар ...
5 сентябр 2023
Салом қадрли мухлислар. Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятларидан келган. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...