Document UZ
21 май 2017

21 май – “ўзбеклар иши” аталмиш кремл фитнасини қоралаган Андрей Сахаров туғилган кун

1921 йилнинг 21 майида Андрей Сахаров Москвада туғилди. Водород бомбасини ихтиро қилган, интернет келажаги ҳақида гипотезани илгари сурган Сахаров провардида инсон ҳақ-ҳуқуқлари курашчисига айланди. Сахаров СССР парламенти минбаридан туриб “ўзбеклар иши” деган кремл фитнасини қоралаб чиққан эди.

Ўзбекистондан сайланган депутатлар, жумладан Ислом Каримов залда нафақат мум тишлашган, балки ўзбекларни ҳимоя қилган бу саркашни “Қоралаш маъракаси” бошида ҳам туришган эди.

Уйда чиқарилган савод. Водород бомбаси ва Нобел мукофоти

Жамоат арбоби ва диссидент сифатида фаолият юритган Андрей Сахаров (1921-1989) физик олим, водород бомбаси яратувчиси саналади.
Нобел мукофоти соҳиби (1975) А.Сахаров бошланғич таълимни уйда олди, физика ва математикани отасидан ўрганди. Еттинчи синфдан мактабга борди ва 1938 йилда уни аъло баҳолар билан якунлади.

Москва Университетининг физика факультетини битиргач, уни 1942 йили Мудофаа Вазирлиги ихтиёрига юбордилар.

Бўлғуси олим 1942 йилдан Ульяновскдаги патрон заводида ихтирочи-муҳандис лавозимида ишлай бошлайди ва илк ихтироларини қилади, 1944 йилда эса Фанлар Академиясининг физика институтига аспирантурага киради ва Нобел мукофоти лауреати академик И.Е.Тамм раҳбарлигида илмий изланишлар олиб боради.

1948 йилда эндигина номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган А.Сахаровни термоядро қуроли муаммолари билан шуғулланувчи тадқиқотчилар гуруҳига қўшадилар.

У 1950 йилдан бошлаб И.Е.Тамм билан ҳамкорликда бошқарилувчан термоядро реакцияси устида ишлайди. Ушбу тадқиқотларнинг натижалари И. В. Курчатов томонидан 1956 йилда Харуэллада (Буюк Британия) ўтказилган конференцияда баён қилинади.

А.Сахаров 1952 йилда ўта кучли магнит майдонлари ҳосил қилиш учун магнит кумуляцияси ғоясини, 1961 йилда импульсли бошқариладиган термоядро реакциясини ҳосил қилиш учун лазердан фойдаланиш ғоясини илгари суради.

А.Сахаров космологияга оид қатор асарларнинг («Оламнинг барион асимметрияси», «Оламнинг кўп босқичли моделлари», «Оламнинг космологик модели»), майдон назарияси ва элементар заррачаларга доир илмий ишларнинг муаллифига айланади. Бунинг оқибати ўлароқ, 1953 йилда уни мамлакат ФА ҳақиқий аъзоси этиб сайлайдилар.

Сахаров инсон ҳуқуқлари фаоли

Сахаровнинг сиëсий фаолияти 1956-1962 йилларда бошланди. Айнан ана шу даврда унинг ўз принципларига содиқлиги яққол намоён бўла бошлади.
Олимнинг асосий принципи илм-фаннинг инсониятга, тараққиётга хизмат қилиши зарурлиги билан боғлиқ эди. Ушбу принципга зид бўлган ҳар қандай ижтимоий воқеликни у қаттиқ қоралайди.

Шу йиллари у атмосферада ядро синовлари ўтказишга қарши нутқлар сўзлайди. У уч муҳитда (атмосфера, коинот ва океанда) ядро синовлари ўтказишни таъқиқлаш ҳақидаги Москва шартномасининг ташкилотчиларидан бирига айланади.

Олим 1966 йили Лисенко ва унинг мактабига қарши чиқади. 1966 йилда Сталин шахсига сиғинишнинг қайта тикланишига қарши тайёрланган жамоавий хатга ҳаммуаллифлик қилади.
А. Сахаров 1968 йилда «Прогресс, биргаликда тинч ҳаёт кечириш ва интеллектуал эркинлик ҳақидаги мулоҳазалар» номли эссесини ёзади.

Бунда социалистик ва капиталистик тузумларни ўзаро яқинлиштириш ва шунинг билан сайёрада тинчликни сақлаб қолиш заруриятини асослаб беради. Ғарбда бу китобнинг умумий тиражи 20 миллионга етади. Китоб нашр қилинган вақтдан бошлаб А.Сахаров «Арзамас-16» ёпиқ шаҳрида олиб борилаётган махфий тадқиқотлардан четлаштирилади.
Саҳоватли одам эди

1969 йилдан А.Сахаров физика институтидаги тадқиқотларини давом эттира бошлади. Ўша йили А.Сахаров ўзи йиққан маблағларини (139 минг сўм) Москвада онкологик марказ қурилишига ҳадя этади.

1970 йилда эса Инсон ҳуқуқлари Комитети тузишда иштирок этади. Кейинги йилларда А.Сахаров мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқларини ёқлаб чиқади.
У информация олиш ва тарқатиш ҳуқуқи, сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, ўз мамлакатини тарк этиш ва унга қайтиб келиш эркинлиги, мамлакат ичкарисида яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Айни пайтда қуролсизланиш муаммолари юзасидан маърузалар қилади ва «социалистик лагерда» ягона профессионал эксперт сифатида тан олинади.
Нобел берилганида уй қамоғида эди

1975 йилда А.Сахаров ўзининг «Мамлакат ва жаҳон ҳақида» номли китобини нашр эттиради. Ўша йили унга Нобел мукофоти берилади.

Норвегиядаги Стортинг Нобел Қўмитаси 10 октябр 1975 йил тақдимномасида шундай дейилади: «Сахаров шуни қатъий ишонч билан эътироф этадики, инсон ҳуқуқларининг даҳлсизлигигина ҳақиқий ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик системасининг пойдевори бўлиб хизмат қилиши мумкин».

А.Сахаров эса ўз нутқида тинчлик, прогресс ва инсон ҳуқуқларининг чамбарчас боғлиқлигини уқтиради.

Интернет башоратчиси

1974 йилда Андрей Сахаров интернет келажаги ҳақида аниқ прогноз айтган эди.

“Келажакда, эҳтимол, 50 йил ўтгач, бутунжаҳон ахборот тизими (всемирная информационная система — ВИС) яратилишини тахмин қиламан.

Бу тизим ёрдамида қачондир, қаердадир нашр этилган ҳар қандай китоб ёки мақолани исталган вақтда топиб ўқиш, хоҳлаган маълумотни олиш мумкин бўлади.

Сўров юбориш учун бутунжаҳон ахборот тизимининг узатувчи ва қабул қилувчи алоҳида кичкина қурилмалари, ахборот оқимини бошқарувчи диспетчерлик пунктлари, симли ва лазерли линиялар, минглаб сунъий алоқа йўлдошларини ўз ичига жамлаган робитавий каналлар бўлади.

Бу тизимнинг қисман ишга туширилиши ҳам ҳар бир инсоннинг ҳаётига, бўш вақтига, ақлий ва бадиий ижодий камол топишига катта таъсирини кўрсатади.
Кўплаб замондошларимизнинг асосий ахборот манбаи бўлган телевизордан фарқли ўлароқ, БАТ ҳар кимга ахборотни танлашда энг юқори эркинликни тақдим қилади ва ҳар бир кишидан фаоллик талаб қилади”

Сахаров мўлжални кечроқ олган кўринади. Интернет 1990-йилларданоқ жамият ҳаётига кириб келди.

Сургун

1980 йилнинг 22 январида А.Сахаров Москвадан узоқдаги ëпиқ шаҳар Горькийга сургун қилинади.

Ўша йили СССР Олий Советининг Фармони билан А.Сахаров уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1955, 1956, 1962) унвонларидан, Министрлар Советининг қарори билан Давлат (1955) ва Ленин (1956) мукофотларидан маҳрум этилади. Бу кескин чоралар А.Сахаровнинг Афғонистонга Совет қўшинлари киритилиши муносабати билан қилинган танқидий чиқишларига жавоб эди.

Бироқ А.Сахаров Горькийда ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади. Унинг «Термоядро уруш хавфи» номли мақоласи, Л.Брежневга ёзган очиқ хати катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Горькийда А.Сахаров ўз оиласининг ДХК (КГБ)томонидан таъқиб қилинаётганига норозилик билдириб икки бора очлик эълон қилади ва ҳар сафар мажбуран овқатлантирилади.

1981-1982 йилларда ДХК унинг «Эсдаликлари» ва кундаликларини, кўпгина қўлёзмаларини йўқ қилиб юборади.

Музаффар қайтиш

1986 йилнинг декабрида А.Сахаров Горький сургунидан Москвага қайтарилади.

1987 йилнинг 14-5 феврал кунлари «Ядро қуролларисиз дунё ва қуролсизланиш учун» номи остида ўтказилган Халқаро Форумда сўзга чиқади ва қуролларни қисқартиришга доир ўз таклифларини айтади.

Бироқ тоталитар тузум ҳали-ҳануз эркин фикрлашга одат қилган кишиларни тинглашга одатланмаган эди. Тез орада академик устига мағзава ағдариш янгидан бошланади.

Бу мағзава ағдариш маъракаси Ўзбекистонда ҳам давом этди. Жумладан Ўзбекистондан сайланган депутатлар республика муаммаолари ҳақида гапириш ўрнига академик Сахаровни ҳақоратлаш билан банд бўлишди.

1989 йилнинг 14 декабрида Сахаров ўзининг Москвадаги уйида юрак ҳасталигидан вафот қилди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 ноябр 2016
Кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнат мониторингини амалга ошириб келаеётган Халқаро Меҳнат ташкилоти (ILO) кузатувчилари муаммолар анча ...
14 феврал 2017
Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва бошқа шаҳарларида, ўтган йили, таниқли қўшиқчилар ташкил қилиб келган “Севишганлар куни” номли концертлар тўхтатиб қўйилганди. ...
26 январ 2016
Ўзбекистон МХХ раиси 72 яшар генерал Рустам Иноятов 1995 йилдан бери республикани кучли назорат остида тутиб келади¸ Рассом Туз ...
12 декабр 2015
Янги рахбар: «Тралли валлини йиғиштириб ҳаммангиз ИШИДга қарши қўшиқ айтасизлар!» Рассом: Туз Eltuz.com
Блоглар
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...
8 май 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва ...
5 май 2017
Андижонда мактаб ёшидаги болалар ўртасида «довучча бизнеси» авж олди. Шаҳардаги мактабларнинг бирида ўқийдиган 7-синф ўқувчиси ...