Document UZ
30 ноябр 2017

ЎКУФ: ҳимоячими ёки назоратчи?

«Пахта кампанияси» меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Андрей Мрост томонидан ўтказилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси: меҳнаткашлар ташкилотими ёки ишчиларни назорат қилиш воситасими?» мавзуидаги тақдиқот хулосаларини эълон қилди.

Қуйида ушбу тадқиқотнинг асосий хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Кўп йиллар давомида ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонни пахта секторида катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдалангани учун танқид қилиб келди. 2014 йилгача минглаб, балки юз минглаб болалар мактабда ўқиш ўрнига пахта теришга жалб қилинди. Гарчи ҳукумат болалар меҳнатига чек қўйиш чораларини кўрган бўлса-да, катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш кенг кўламда давом этмоқда. Ўзбекистон ХМТ аъзосилигича қолмоқда ва Жаҳон банкидан инфратузилмаларни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳалар учун молиявий ва техникавий ёрдам олмоқда.

Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг манфаатлари гўёки Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси (ЎКУФ) томонидан ҳимоя қилинади ва олға сурилади. Уставида бу федерация ҳукумат ва иш берувчилардан мустақил ва демократик ташкилот экани ёзиб қўйилган. 2015 йилда ЎКУФ Касаба уюшмалар халқаро конфедерацияси (КУХК)нинг уюшган аъзоси мақомини қўлга киритди ва унга халқаро тан олинган меҳнат меъёрларини ҳаётга татбиқ этиш фаолиятидаги ўсишларни доимий равишда хабар қилиб туриш шарти қўйилди.

Мустақил кузатувчилар ҳар йили катталар теримчи сифатида пахтага янада кўпроқ мажбурий сафарбар этилаётгани ҳақида хабарлар тарқатаётганига қарамай, гарчи Ўзбекистонда катталар мажбурий меҳнатининг бошқа тури (масалан, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар ишдан бўш вақтларида шифохона ва мактабларни тозалашга текинга жалб этилади) гуллаб-яшнаётган бўлса-да, ЎКУФ ўз имкониятларидан умуман фойдаланмади, шунингдек, суиистеъмолликлар тўғрисида ХМТ ёки КУХКга маълум қилиш мажбуриятини бажармади. Бунинг ўрнига федерация Ўзбекистон ҳукумати ва иш берувчиларнинг қилғиликларини зўр бериб ҳимоя қилмоқда. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш ёки оддий аъзоларининг манфаатларини олға суриш учун бирор марта ишчиларнинг чиқишларини уюштирмади ва жамоавий музокараларда иштирок этмади. Аксинча, у ишчиларни ҳукумат томонидан кўрсатма берилган дастурларни бажаришга жалб этади ва ҳукумат томонидан иш ҳақи, иш соатлари, шарт-шароитлари ва ҳоказолар аниқ кўрсатиб берилган жамоавий шартномаларни тузади.

ЎКУХнинг демократик касаба уюшмалар сафидан жой олишга уринишлари ва халқаро меҳнат ташкилотларининг Ўзбекистонда меҳнаткашлар ҳуқуқлари бузилиши кўпайиб бораётганини тан олиш ёки бунинг учун етарли даражада чоралар кўришга ожизлигини ҳисобга олиб, гўёки меҳнаткашлар вакили (ЎКУФ)нинг фаолиятини жиддий ўрганиш ва бу ташкилотнинг ҳақиқий характери, тузилмаси ва амаллари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш муҳимдир.

Ўтказилган тадқиқотда ЎКУФ умум қабул қилинган ҳар қандай халқаро стандартлар бўйича меҳнаткашларнинг ташкилоти эмаслиги кўрсатиб ўтилади. Шунингдек, федерация демократик ёки ҳукумат ва бизнес ташкилотларидан мустақил эмасдир. У меҳнаткашлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячиси эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликдаги уч томонлама тизим доирасида дўстона шерик сифатида фаолият кўрсатади. ЎКУФ демократик касаба уюшмалар халқаро ҳамжамияти доирасига кирмаслиги шубҳасиздир, у инсон ҳуқуқлари соҳасида давом этаётган қонунбузилишларга алоқадор ва КУХК аъзолиги мезонларига тўғри келмайди.

Мустақил ва инклюзив бўлмаган етакчилик

ЎКУФ ўз аъзолари томонидан бошқарилмайди. Улар ҳатто музокараларда ҳам иштирок этмайди. Ташкилотнинг маҳаллий етакчиларидан энг олий лавозимдагиларича, асосан, ҳукумат ва бизнес вакиллари, жумладан, парламент аъзолари ва ўзи «музокаралар ўтказадиган» компаниялар директорлари кенгаши аъзолари ҳисобланади. Етакчилар касаба уюшмалар аъзолари томонидан эмас, балки ЎКУФ кенгаши ва унинг унчалик катта таъсирга эга бўлмаган президиуми томонидан сайланади. Бундай мажлисларда бир неча бор Ўзбекистон бош вазири иштирок этган, камида бир марта мажлис бош вазир ўринбосари раислигида ўтказилган. Федерация конгресслари оралиғида ЎКУФ устидан тўлиқ ҳокимиятга эга бўлган президиум аъзолари номлари ошкор этилмайди.

Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича шериги

ЎКУФ уставида (ЎКУФ уставида белгилаб қўйилганига қарамай, таржима қилинган версиясига киритилмаган ва федерация конгресси тасдиқламаган ўзгартиришда) ЎКУФ вазифалари сирасига Ўзбекистон президенти дастурларини амалга оширишга ёрдам бериш ҳам кириши айтилади. Бу ўзгартириш меҳнат шартномалари тузишда тезда долзарблик касб эта бошлади. ЎКУФнинг барча бўғиндаги раҳбарлари бу вазифани жуда очиқ қабул қилди: ЎКУФ ҳукумат томонидан ХМТ асосий конвенцияларининг сон-саноқсиз бузилишларига нафақат кўз юммоқда, балки аввало катталарнинг мажбурий меҳнати, бундан олдинроқ болалар меҳнатини ҳам ўз ичига оладиган дастурларни бажаришдаги иштироки сабабли ўзининг ички фаолиятида ҳам бу ҳуқуқларни ҳукумат номидан бузиб келмоқда. ЎКУФ ҳар йилги пахта теримига ишчиларни мажбурий ёллашнинг ишончли воситаси ҳисобланади. Маҳаллий касаба уюшмалар сайтлари, ЎКУФ аъзолари теримчиларни кўнгиллилар сифатида олқишлайди, баъзан энг яхши теримчиларга бериладиган мукофотларни таърифлайди. ЎКУФ мажбурий меҳнат кўнгилли «ҳашар» сифатида таърифланадиган ҳукумат майнавозчилигининг иштирокчиси ҳамдир. Ҳашар – Ўзбекистонда жамоа ўз қўшнилари ва қариндошларига хўжалик ишларида кўнгилли равишда ёрдам кўрсатишига асосланган халқ анъанасини ифодалайдиган атамадир. Ажабки, бу атама ҳукумат томонидан ўзининг мажбурий меҳнат дастурларини номлаш учун ўзлаштирилган ва энди у ЎКУФнинг касаба уюшмалар битимларида муҳим ўрин тутади.

Жамоавий шартномаларнинг иштирокчиси эмас

Ўзбекистонда минтақавий битимлар, касаба уюшмалар ва жамоавий меҳнат шартномалари бўйича уч томонлама тизим музокараларида ҳукумат, Савдо-саноат палатаси ва ЎКУФ иштирок этади. ЎКУФ етакчиларидан аксарияти зиммасидаги икки, баъзан уч томонлама мажбуриятларни ҳисобга олганда, иштирокчиларнинг баржарадиган мажбуриятларини фарқлаш қийин. Бу эса ЎКУФнинг ҳукумат томонидан меҳнаткашлар учун тақдим этиладиган иш ҳақи, иш соатлари ва шарт-шароитлари бўйича касаба уюшмаси битимларида акс этишини сезиш қийин эмас. Шунингдек, улар барча корхоналарда Ўзбекистон президенти дастурларини «маънавият хоналари» орқали тарғиб қилишга кўрсатмаларни ўз ичига олади. Келишилган шартномаларнинг аксарияти шаблон асосида тузилади, уларнинг мазмун-моҳияти бир-биридан фарқ қилмайди. Бу ҳолатда музокаралар учун ҳеч қандай имконият қолмайди.

Ёлғончи халқаро вакил

ЎКУФ ХКУКга қабул қилиш ҳақидаги аризасида баъзи ўринларда ўзининг ҳукумат дастурларидаги иштирокини яширган ҳамда ўзини демократик ва мустақил ташкилот сифатида таърифлаган. Қолаверса, ЎКУФ меҳнаткашларнинг аризаларини КУХК ва ХМТга тақдим этмаган. Амалда Меҳнат халқаро конференциясидаги тўғридан-тўғри саволларга жавоб берар экан, ЎКУФ Ўзбекистон ҳукуматини қатъий туриб ҳимоя қилди ҳамда мамлакатдаги болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш амалиётини инкор этди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 январ 2021
Тинч турурми бу кўҳна дунё, Тинч турурми доғули замон… А.Орипов. Коронавируснинг янги штампи дейиляпти. Бу қанақаси экан?! Янги штамп ...
17 апрел 2019
Рассом Кирпи Eltuz.com
8 август 2020
Британиянинг Hertfordshire Press нашриёти кенг ўқувчилар эътиборига ўзбек шоираси Хосият Рустамованинг “Рангин кўзёшлар” деб номланган шеърий тўпламини тақдим этди. ...
21 декабр 2018
Ўзбек маданияти, санъати ва адабиётининг таназзулини бошдан кечиряпмиз. Кенг тафаккурли, истеъдодли ижодкорлар ё ватанни тарк этишди, ё қамоққа олинди, ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...