Асосий мавзулар
21 декабр 2017

Иноятов пуллари изидан: Венадаги кўп миллионли қаср

18 декабрь куни Open Source Investigations (OSI) гуруҳи Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов оиласига тегишли кўчмас мулкларга оид мақолани чоп этди.

Иноятовлар мулки Вена ўрмонларига туташ энг хушманзара ҳудудда жойлашган. Фото: ОSI

OSI – воқеаларни чуқур суриштиришни таъминлаш мақсадида журналистлар, тадқиқотчилар, фактлар ҳамда маълумотлар тўпловчи фаоллар ва экспертларни ўзига жамлаган гуруҳдир.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси Рустам Иноятов бутун дунё бўйлаб кўчмас мулкларга эга ва бизнес империяни яратиш учун ўз мансабидан фойдаланмоқда, дея ёзади ОSI cуриштирув гуруҳи.

Мақолага кўра, Рустам Иноятов оиласи Венада муҳташам виллага эга. Мулк Шариф Иноятов ва Бахтиёр Эргашев ташкил қилган Benif Handels GmbH ширкати номига харид қилинган. Benif Handels GmbH 2011 йили тугатилгач, Иноятовлар оиласи ҳашаматли қасрни 2,5 миллионга сотишган.

OSI гуруҳи келтирган ҳужжат

Австрияга Ўзбекистон сармояси

2005 йилнинг 23 ноябрида Австрияда Benif Handels GmbH ширкати рўйхатга олинган. Ширкат уч нафар ўзбек ватандоши – Шариф Иноятов, Бахтиёр Эргашев ва Шавкат Мингалиев томонидан таъсис қилинган.

43 яшар Шариф Рустамович Иноятов Ўзбекистонда қудратга эга Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг ўғлидир. Бахтиёр Эргашев (1959 й. туғ.) Рустам Иноятовнинг поччаси бўлади. Эргашев Иноятовнинг кенжа синглисига уйланган. Шавкат Мингалиев эса Шариф Иноятовнинг эски дўсти ва иш ҳамкоридир.

Рустам Иноятов ва унинг қариндошларига ширкатнинг 60 фоиз Мингалиевларга эса 40 фоиз акцияси тегишли. Шавкат Мингалиевнинг хотини Фарида Мингалиева ширкат бошқаруви директоридир.

Иноятовлар оиласининг 2,5 миллион евро турадиган қасри

Benif Handels GmbH офиси Венада Sieveringer Strasse да жойлашган эди. Бироқ офис манзили – Bergzeile 3, 1170 Viennaга, Иноятовларга тегишли ҳашаматли қасрга расмийлаштирилганди. 2011 йили Benif Handels GmbH тугатилиши арафасида Шариф Иноятов ва Бахтиёр Эргашев мулкни 2,5 миллионга сотишади.

Иморат Венадаги энг эксклюзив ва нуфузли турар жой ҳудудидан, Вена ўрмонига яқин Херналс мавзесининг ғарбий қисмидан ўрин олган.

Иноятовга тегишли 2,5 миллион евро турадиган қаср. Фото: OSI

Бу мармар колонналар, тилла безаклар, ёпиқ бассейн ва фусункор кўринишдаги бир бино.

600 квадрат метрли уй 9 хона ва 2 қаватдан иборат. Фасади мармар колонналар билан ажратилган, зинапоя итальян мармаридан ишланган, меҳмонхона полига тилла билан ишлов берилган. Иккинчи қаватдан Венанинг панорама манзараси кўринади.

Қасрнинг катта ҳашаматли бассейн, сауна ва жакузини жамлаган спа-маркази бор. Мулк ичидан катта хусусий боғ ва гараж ҳам ўрин олган.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмас…

Ўзбекистонда Рустам Иноятовнинг Benif гуруҳи эгаси экани сир тутилади. Халқаро хавфсизлик кучлари (ISAF) миссияси пайти Иноятовнинг Benif нинг бош директори бўлган поччаси Бахтиёр Эргашев Афғонистонга нефть, газ ва қурилиш материаллари экспортини монополиялаштирган. Benif, шунингдек, қурилиш ва пластик карталар ишлаб чиқариш соҳасининг йирик пудратчиси ҳам саналади.

Бироқ ҳар қандай бошқа олигархлар каби Рустам Иноятов ҳам ўз сармоясининг катта қисмини чет элга ётқизган. OSI гуруҳи Иноятов оиласининг бутун дунё бўйлаб мулк ва ширкатларга эгалик қилаётгани ҳақида далиллар борлигини ёзади.

Венадаги 2,5 миллион евро турадиган Benif Handels қасри эса бор-йўғи бунга улар келтирган битта мисолдир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2019
Президент Мирзиёевнинг 21 январ куни Берлинга расмий ташрифи чоғида «Озодлик» журналисти Шуҳрат Бобожоннинг «Озодлик радиосидан сизга саломлар», деган репликаси ...
15 апрел 2018
Негадир бугун ишонгим келди шу одамнинг гапларига. Айниқса, кўча тозалаётиб юк машинаси остида ўлган ўқитувчи Диана ҳақида «Худди мени ...
10 август 2016
Мустақиллик куни арафасида арчаларнинг бўялиши ҳақидаги навбатдаги расмни eltuz.comга рассом Адолат йўллади. Бунда қуёшда сарғайиб қуриган арчани бўяётган фаррош ...
17 апрел 2018
Фарғона вилоятидан олган маълумотлари асосида 17 апрель куни «Xabar.uz» сайти томларнинг шиферларини жигаррангга бўяётган ўқитувчилар суратини эълон қилди. Сайтнинг ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...