Document UZ
23 июл 2018

Йирик тадбиркорга оид жиноят ишидаги қинғирликлар

Тошкент шаҳри ИИББ наркотиклар тарқатиш иши бўйича айбланаётган тадбиркор Жаҳонгир Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

ИИББнинг баёнотига кўра, 2018 йил бошларида ҳибсга олинган Ж.Умаровнинг кабинетидан 10 грамм опий моддаси топилган. Ҳибсга олиш чоғида унинг танасида гематома ва тирналишлар бўлган.

Жаҳонгир Умаров “Интеграл Инвест” компанияси раҳбари бўлиб, Тошкентдаги йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг жиноят иши бизнесини тортиб олиш мақсадида сохталаштирилганини таъкидламоқда.

Интернетда жамоатчиликка тақдим этилган, тадбиркор ишига бевосита алоқадор бўлган аудиёзувлардан бирида, ҳуқуқ ҳимоячиларининг иддаоларида жон борлиги сезилади.

Аудиоёзувда Тошкент шаҳри ИИББ жиноят қидирув бошқармаси ўта махфий ишлар бўйича катта тезкор вакили Фатҳиддин Нуриддинов экани айтилаётган шахс ва Абдурашид исмли йигитнинг ўзаро суҳбати муҳрланган.

Маълум бўлишича, тезкор вакил Абдурашиднинг қамоққа тиқилган тадбиркорга қариндошлигини билмаган ва шунинг учун мавзу бўйича очиқ суҳбат бўлган.

Аудиёзувда гап Ж.Умаровни ушлаш жараёни яширин камерага олингани, жумладан, наркотиклар ҳам унга атайин ташлаб қўйилгани ҳам тасвирга тушгани ҳақида сўз юритилади.

Суҳбат мазмунидан тезкор вакилнинг яширин олинган видеотасвирлар борлиги тўғрисидаги хабарлардан ташвишга тушгани билинади. “(Қамоққа олиш жараёнида) у (Ж.Умаров) воқеани ёзиб оладиган шароитда эмас эди”, дейди тезкор вакил.

Қолаверса, аудиоёзувда тадбиркорни қамоққа тиқиш буюртма асосида бўлгани, бунинг учун Ф.Нуриддиновга тадбиркор қамоққа ўтирадиган ҳар бир ой учун 10 минг доллар ваъда қилинганига ишора бор.

Умуман, тадбиркор устидан ўтказилаётган суд жараёнидаги бошқа далиллар ва савол-жавоблардан ҳам “бу ерда нимадир тоза эмас”, деган хулосага келиш мумкин.

Хусусан, Ж.Умаров ва унинг меҳмонини ҳибсга олишда тезкор гуруҳга бошчилик қилган тезкор ходим Азим Маҳмудовнинг судда берган кўрсатмалари бунга мисол бўла олади.

Жумладан, унинг билдиришича, тезкор тадбир давомида опий моддаси қўшилгани айтилаётган чой идишларидан бармоқ излари, гумонланувчиларнинг қон, сийдик таҳлиллари, сўлакларидан намуна олинмаган.

Тадбирда экспертлар ҳам иштирок этмаган. Тезкор тадбир жараёнининг ўзи ҳам тасвирга олинмаган. “Шошиб қолдик”, деб изоҳлаган ўз ишига бундай масъулиятсизликни А.Маҳмудов.

Гарчи Тошкент шаҳри ИИББ Ж.Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилмагани ҳақида баёнот бераётган бўлса-да, айбланувчининг яқинлари шифохонадаги кўрик хулосалари-ю суд тиббий экспертиза хулосалари ҳам Умаровга қийноқ қўлланилганини тасдиқлаганини айтмоқда.

Бундан ташқари, инфаркт хуружи сабабли суд залидан шифохонага олиб кетилган Ж.Умаровда текширувлар чоғида С вирусли гепатит касаллиги аниқланган.

Бу касалликнинг юқтирилишини эса тадбиркорнинг яқинлари яна ўша катта тезкор ходим Фатҳиддин Нуриддиновдан гумон қилмоқда. Чунки у ўз кабинетида Ж.Умаровга уколь қилдирган ва орадан олти ой ўтиб тадбиркорда гепатитнинг хавфли кўриниши аниқланган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимларининг қийноқлар қўллаши тақиқланган. Шунингдек, судларга қийноқлар остида олинган далилларни қабул қилиш ҳам қонун йўли билан тақиқланган.

Шунга қарамай, тадбиркор Ж.Умаров билан содир бўлаётган воқеалар аслида ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимида ҳаммаси аввалгидек давом этаётганидан дарак бермоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2016
Кам таъминланмаган хонадон қолмаган Шибзон маҳалласи ҳақида ёзган «Қишлоқ ҳаёти» газетасини синчиклаб қайта ўқиган одам, ўз томорқасига тезак олиб ...
20 апрел 2017
18-19 апрел кунлари Тошкент шаҳар ҳокимларининг ярмидан кўпи алмашгани сабабларини таҳлил қилган Kun.uz нашри энг аввало буни аҳолидан тушаётган ...
22 апрел 2016
«Правда востока» газетаси Тошкентда миллий инновация тизими масаласида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этганини билдирди. Ана ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, кўча супураётган, тезак, қоғоз, ...
Блоглар
19 октябр 2018
Муҳаммад Бекжон эсдаликларидан иборат биринчи китобнинг сўнгги қисми 1999 йил 16 февраль портлашлари ёритилган мақолаларга ...
19 октябр 2018
Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ўзбек жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда. «Элтуз» нашри «Кўзқараш» рукни ...
17 октябр 2018
Москванинг Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатилган, 16 октябрь куни очилиши кутилган Ислом Каримов ҳайкали эртаси куни ...