Асосий мавзулар
26 феврал 2018

Каламушларни ушланг!

Каламушлар кема чўкаётгани учун эмас, балки уларга қарши курашишга бел боғлагани учун қочиш ҳаракатига тушиб қолди.

Бир неча кун олдин Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқатилган ва бу хабарлар зўр бериб инкор этилаётган пайтда бир нашрнинг у мамлакатни тарк этиш чоғида ортига қайтарилгани ҳақидаги маълумоти кўпчиликнинг назаридан четда қолганди.

Ўша хабарга ишонилса, 22 февраль куни хорижга чиқиб кетишга отланган Рашид Қодиров Тошкент халқаро аэропортида чегара хизмати томонидан тўхтатиб қолинган. Унинг ўғли Алишер Қодиров аллақачон Ўзбекистондан қочиб улгурган.

Ниҳоят, Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди ва Р.Қодиров ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг «товламачилик» (165-модда), «ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» (205-модда) ва «пора олиш» (210-модда) моддалари бўйича айбланаётганини маълум қилди.

Шу ўринда собиқ бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодиров ҳақида қисқача маълумот бериш ўринли кўринади.

ОАВда тарқатилган маълумотларга кўра, А.Қодиров «Консул» хусусий адвокатлик идораси, консалтинг фирмалари, Bang&Olufsen, Choppard, Svarovski ва Montblanc каби люкс тоифадаги дўконлар хўжайинидир. Унинг адвокатлик идораси орқали прокуратура билан боғлиқ масалаларни «ҳал қилиш» нархи 250 минг доллардан 20 миллион долларгача бўлган.

Яъни бой тадбиркорлар учун аввалига прокуратура орқали «муаммо яратилган», Рашид Қодировнинг ўғли уларга қудратли отаси соясида «холисона хизмат кўрсатган».

Мазкур маълумотларни келтиришимизга сабаб шуки, Ўзбекистон бойлигини чорак асрдан кўпроқ вақт давомида талон-тарож қилганлар бу мулкларни ўз номига эмас, анъанага кўра, энг яқин инсонлари, оила аъзолари ёки уларга бўйсунувчи кимсалар номига ўтказиб қўйган.

МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов қудрати «соя»сида орттирилган бойликлар унинг яқинлари номига дунёнинг турли давлатларида сақланаётганига оид маълумотлар ҳақида яқинда «Элтуз» нашри эълон қилган маълумотлар ҳам сўзимизни исботлаб турибди.

Яқин ўтмишимизда халқнинг қонини сўриб, улкан бойлик орттирган амалдорларнинг бир қанчаси ҳозирча юртни тарк этиб улгургани йўқ.

Рашид Қодировнинг қамалиши эса уларнинг келажаги анча қоронғу эканига аниқ ишора бераётир. Унинг ўғли аллақачон юртдан чиқиб кетгани эса катта каламушларнинг четга чиқишига қандайдир тўсиқ қўйилган бўлса-да, каламушзодаларнинг ҳали қочиш имконияти борлигини кўрсатиб турибди.

Бу маълумотлар яқинда Шавкат Мирзиёевнинг кўча жаргонида «ичкарига олинган» деб айтилаётган МХХ амалдорлари «булбулдек сайраётгани» ҳақидаги гаплари ортидан юзага чиқяпти.

Демак, МХХ ёки Бош прокуратура ҳимоясида халқ бойлигини талон-тарож қилганлар ҳақида кўплаб маълумотлар тез орада юзага чиқади.

Айни шу хавфни ҳис қилаётган каламушлар бугун кемадан қочиш ҳаракатига тушиб қолганини ишонч билан айтишга асос бор.
Эндиги вазифа уларнинг қочиб кетишига йўл қўймасликдир. Улар ватан олдида, халқ олдида жавоб бериши керак.

Биз улар деяётган одамларимизнинг номлари эса кўпчиликка маълум. Каримов даврида ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб, халқимизнинг қонини ичганлар, юртимиз бойлигини ташмалаганлар ўз қилмишларига яраша жавоб бериши адолатли жамият қуриш йўлидаги муҳим қадам бўлиши лозим.

Уларнинг жавобгарликка тортилиши эса халқнинг ҳукуматга нисбатан ишончини ошириш билан бирга бугун мансаб курсисига ўтирган амалдорлар учун ҳам сабоқ бўлади.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 июн 2017
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг дипмиссия ходимлари ва рахбарлари билан биргаликда режалаган халқ билан тўғридан-тўғри мулоқоти кутилмоқда. Вазирлик сайтида ...
14 март 2022
Ўзбекистондаги жиноят олами қироли Бахти Ташкентский номи билан машҳур Бахтиёр Қудратуллаевнинг 28 яшар ўғли Ихтиёр Тошкентнинг қоқ марказида қимматбаҳо ...
25 ноябр 2021
“Нуроний” жамғармаси шаҳар кенгаши раиси Рустам Калоновнинг 23 ноябрь куни президент Мирзиёев билан фаоллар учрашуви чоғида “Маҳаллада дув-дув гап”, ...
21 феврал 2023
Автобуснинг бу галги сони «Муштум» сатирик журналининг 100-йиллигига бағишланади. Бу сонда Муштумдан олинган карикатуралар шунингдек, Мақсуд Шайхзода ва Меҳриноз ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...