Элак
31 март 2018

ДХХ раҳбари мухолифатнинг мамлакатга қайтишидан чўчимоқда

Олий Мажлис Сенати 29 март куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тўғрисида»ги қонунни тасдиқлади.

Мазкур қонунга кўра, ДХХга “давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориш¸” ваколати берилди. Шунингдек, илгариги МХХ ваколатлари ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев сенаторлар олдидаги ўз чиқишида қонун юзасидан фикрларини билдирди.

“Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд. Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар ҳудудида меҳнат қилаётган фуқаролари кўп ҳолларда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушаётгани хавфли ҳолатлардан бири. Хорижий давлатлардан кириб келаётган инсвестицияларнинг барчасини ҳам фойдали, деб бўлмайди. Буларнинг ҳеч бири эътиборимиздан четда қолмаслиги керак», деди Ихтиёр Абдуллаев.

Сиёсий таъқиблар боис мамлакатни тарк этган собиқ дипломат Алишер Таксанов ўз фэйсбук саҳифасида изоҳ беришича, Ихтиёр Абдуллаев баёноти ҳорижда яшаётган мухолифатчиларга қаратилган.

«Мухолифатга давлат душмани дея қараш давом этаркан, у ҳолда бу ерда демократиянинг ҳидиям бўлмайди. Бу Ислом Каримов давридагидек полиция давлати бўлади. Бу тағин чақувлар, қийноқлар, фальсификация, фитна, рейдерлик, концлагер ва дор деганидир», дейди Таксанов.

Таксановга кўра, мухолифат давлат тизимининг ажралмас қисмидир. Токи ҳокимият ва ҳокимият институтлари мавжуд экан, мухолифат ҳам бўлади. Бироқ бугун Ўзбекистон ҳукумати тепасида ҳамон илгари раҳбар пайтида ишлаган одамлар ўтирибди ва улар ўзгаришларга қодир эмас.

Қисқа муддатли илиқликдан кейинги «қаҳратон»

Ихтиёр Абдуллаев ўз нутқида қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилгани туфайли кириб келаётган одамлар кўпайгани, улар билан диний экстремистик руҳдаги адабиётларнинг кириб келаётганини таъкидлади.

«Эътиқод эркинлигини айримлар нотўғри тушуниб, турли оқимларга киришга ҳаракат қилаётганида намоён бўлмоқда”, деди у.

Мухолифат мавжуд ҳукуматнинг ажралмас қисми бўлиши кераклигини айтаркан, Алишер Таксанов мамлакатда мухолифатга чек қўйилиши унинг радикаллашувга асос бўлишини урғулади.

«Агар одамларда ўзбошимчалик, зўровонлик ва қатағонларга қарши туришнинг легал шакллари қолмаса, у ҳолда ҳукумат яширин ёки исёнкор мухолифатни олади. Устига устак, улар эндиликда дин ва сиёсий шовинизм байроқлари остида бўлишади».

Таксановнинг фикрича, давлат мамлакатда конструктив мухолифатни рағбатлантириши керак, бунинг учун эса ноҳукумат ташкилотларни легаллаштириш, матбуот ва интернетга эркинлик берилиши лозим.

«Қизиқ, нимага асосланиб ДХХ бундай хулосага келди, биз мамлакатда нобарқарорлик келтириб чиқаришни истаймизми? Ёки шунчаки, Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларни бошқаришимизга йўл қўймаслик, хайрихоҳларни бездириш учун бизни «бузғунчилар» ва «фитначилар» сифатида кўришни истшаяптими?…

Бу гўё қисқа муддатли ҳаво ўзгаришидан сўнг тағин «қаҳратон» зарба бераётганига ўхшайди», дейди Таксанов.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 сентябр 2015
Ўзи мустақилликдан кейин туғилган, мажбурликдан Россияга ишлаш учун келган ёш юртдошимиз «СССР даврида ҳаммаси яхши эди» деди ярим алам ...
4 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Наманган, Хоразм, Бухоро, Тошкент ва ...
27 январ 2023
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни рафиқаси билан бирга давлат ташрифи юзасидан Бишкек шаҳрига келди. Қайд этилишича, икки ...
29 март 2021
Ëрқиной ҳақидаги ҳикояни ëзганимдан сўнг менга АҚШда яшайдиган Қўйли деган 58 ёшли киши телеграмдан чиқди. “Оғо, манинг ҳаëтимни китоб ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...