Асосий мавзулар
25 май 2018

Гулнора Каримованинг ноқонуний пулларини Ўзбекистонга қайтаришга ҳали эрта

Марказий осиёлик бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли, келиб чиқиши коррупцион активларнинг мазкур мамлакат ҳукуматига шошилинч тарзда қайтарилиши кутилаётганидан хавотир билдирди.

Швейцария ҳукумати томонидан музлатилган ва мусодара қилинган маблағ 800 миллион швейцария франкига тенгдир.

Фаоллар Швейцария ҳукуматини мазкур маблағларнинг ўзбек халқи манфаатларига хизмат қилишига тўла ишонч пайдо бўлгандан кейингина уларни қайтаришга чақирмоқда.

Швейцария Ташқи ишлар федерал департаментига,
Швейцария Федерал ассамблеяси ташқи ишлар комиссиясига

2018 йил 23 май

2015 йилда “Қозоқгейт” можароси бўйича иккинчи траншнинг Қозоғистон ҳукуматига ўтказиб берилиши оқибатлари таҳлил этилмагунча Швейцария ҳукумати ўзбек халқидан ўғирланган пуллари Ўзбекистон ҳукуматига тўғридан-тўғри қайтариши мақбул эмас.

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ШВЕЙЦАРИЯ ҲУКУМАТИГА ОЧИҚ ХАТИ

Биз, ўзбек халқидан ўғирланган активларнинг шаффоф ва масъулиятли репатриацияси тарафдори бўлган фуқаролик жамиятининг қуйида имзо чеккан фаоллари, Швейцария ҳукуматини Гулнора Каримова томонидан ноқонуний қўлга киритилган активларни қайтариш ўзбек халқи манфаатларини ўйлаб амалга оширилишига қатъий чақирамиз.

Биз Швейцария ҳукуматини активларни қайтариш жараёнидан Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилишини рағбатлантириш мақсадида, аммо аванс сифатида эмас, балки амалда коррупцияга қарши механизмларни ўрнатиш, ҳақиқий одил судлов, шунингдек, ошкоралик ва ҳисобдорлик стандартларидаги муваффақиятлар учун мукофот тарзида фойдаланишга даъват этамиз. Акс ҳолда шошилинч репатриация мазкур активларнинг қайта ўғирланишига олиб келиши ҳамда Ўзбекистонда давлат коррупцияси ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу активларни ўзига қайтариш тўғрисидаги талаби жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йилги қарорига асосланади. Билишимизча, агар хорижий судда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясида баён этилган одил судлов тамойилларига риоя этилмаган бўлса, Швейцария қонунлари унинг қарорларини тан олишни тақиқлайди. Ўзбекистонда одил судлов соҳасида тўлақонли ижобий ўзгаришлар йўқлигини ҳисобга олиб, биз ҳозирча активларни ҳукумат қўлига топширишга асос кўрмаяпмиз.

Давлатда ҳамон юқори лавозимларда қолаётган юқори мартабали амалдорлар кўмагида ўғирланган активларнинг шошилинч тарзда ҳукумат ихтиёрига қайтарилиши 2015 йилда 48 миллион АҚШ доллари қийматидаги худди шундай активларнинг Қозоғистон ҳукуматига қайтарилиши билан боғлиқ хатоларнинг такрорланиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Пул ювилиши иши бўйича мусодара қилинган ўша активлар Қозоғистонга Жаҳон банки бошқарувидаги иккита лойиҳани молиялаштириш йўли билан қайтарилганди. Бизда ушбу маблағлар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда ва грантларни кўпинча юқори мансабдаги шахслар, жумладан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева назоратидаги ташкилотлар фойдасига ношаффоф тақсимлаш орқали сарфланаётгани тўғрисида маълумотлар бор.

Қиймати 48 миллион доллар бўлган Қозоғистон активларининг қайтарилишига оид бу тажриба, шунингдек, Гулнора Каримова томонидан ноқонуний қўлга киритилган активларнинг бевосита Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилиши тўғрисида кутилаётган қарор Швейцариянинг коррупция ва пул ювиш натижасида олинган даромадларни репатриация қилишда шаффофлик ва ҳисобдорлик бўйича олган мажбуриятларига зид келади.

Фикримизча, активларнинг қайтарилишига коррупцияга қарши глобал курашнинг ажралмас қисми сифатида қаралиши керак. Бу ўринда ноқонуний қўлга киритилган активларни нафақат мусодара қилиш шарт, балки келгусида коррупция иллатларига йўл қўйилмаслигига кафолат бўлиб хизмат қилиши учун уларни тегишлича репатриация қилиш ҳам лозим. Сўнгги вақтларда Швейцария ҳукуматининг репатриация борасида юритаётган сиёсати, фикримизча, Швейцариянинг коррупцияга қарши кураш борасидаги мажбуриятларига зиддир ва бу сиёсат унинг ўғирланган активларни қайтариш масалаларидаги етакчи давлат сифатидаги нуфузига путур етказади.

Швейцария ҳукумати ўз баёнотларидан бирида Бот жамғармаси модели бўйича репатриация сиёсатига амал қилмаслиги сабабини: “Жамғарма орқали реституция маъмурий жиҳатдан жуда оғир вазифа”, дея изоҳлади. Адолат ва коррупция қурбонлари манфаатлари йўлидаги реституция тушунчалари Швейцария ташқи сиёсат маҳкамасининг активлардан минимал маъмурий чиқимлар воситасида тежамкорлик билан имкон қадар тезроқ қутулишга интилиш режалари соясида қолаётганидан бизнинг ҳафсаламиз пир бўлди. Зеро, Бот жамғармаси ана шу эзгу мақсадлар йўлида анча муваффақиятли хизмат қилган эди.

Биз Швейцария ҳукуматини қуйидагиларга чақирамиз:

  • қайтарилган маблағлар яна ўғирланмаслиги, балки ўзбек халқи фаровонлигига ҳисса қўшишини кафолатлаш учун муайян шартлар қўйиш орқали активлар реституциясига масъулиятли ёндашувни қабул қилиш. Ўзбекистонга активларни қайтариш ҳақидаги ҳар қандай келишув Ўзбекистон ҳукуматини ислоҳотлар ўтказиш мажбуриятига содиқ қолишга, коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлигининг самарали механизмларини яратиш бўйича жиддий ва ўлчовли қадамлар қўйишга ундашга хизмат қилиши керак. Бу ислоҳотлар активларни қайтаришдан аввал амалга оширилиши керак, чунки жуда кўп бора ислоҳотлар ваъда қилинади, лекин ваъдалар ҳар доим ҳам бажарилавермайди;
  • Қозоғистонга 2015 йилда қайтарилган 48 миллион АҚШ долларининг сарфланишидаги қонунбузарликларни текширишни бошлаш;

  • Ушбу текширувлар тугамагунча Ўзбекистонга активларни қайтариш қарорини қабул қилмай туриш. Бу текширувлар натижаси ўғирланган активларни қайтариш соҳасидаги сиёсатни қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин. Швейцария ҳукумати Ўзбекистон шаффофлик ва ҳисобдорлик стандартлари борасида, фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолияти, жумладан, маблағлар сарфланишини мустақил мониторинг қилиш учун шарт-шароитлар нуқтаи назаридан ҳатто Қозоғистондан ҳам сезиларли даражада ортда қолаётганини тан олиши керак;

  • Ўзбекистонга активларни қайтариш масалаларига оид ўз сиёсатида глобал коррупцияга қарши курашга содиқликни ўзининг биринчи навбатдаги вазифаси қилиб белгилаш, коррупциядан келган даромаднинг ўзбек халқи ва мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли манфаатлари йўлида янада масъулият билан қайтарилишини таъминлаш учун кўпроқ эътибор, вақт ва ресурсларни жалб этиш.

МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР:

Ўзбекистон активлари:

2012 йилда Швейцария прокуратураси Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бенефициари бўлган Takilant, LTD, Swisdorn LTD ва бошқа оффшор компаниялар банк ҳисоб рақамларидаги активларнинг келиб чиқиши юзасидан жиноий суриштирув бошлаганди. Швейцария прокуратураси ўшанда Гулнора Каримованинг бир неча энг яқин шерикларига қарши пул ювиш айби билан жиноят иши қўзғатиб, Швейцария банклари ва бошқа жойлардаги ҳисоб рақамларида сақланаётган 800 миллион франк қийматидаги активларни музлатиб қўйганди. Тилга олинган 800 миллион швейцария франки миқдоридаги маблағ Ўзбекистонда ўз бизнесини юритиш учун телекоммуникация компаниялари Гулнора Каримовага берган пора эди. Швейцария прокуратураси томонидан ўтказилган суриштирувлар Гулнора Каримованинг бир вақтлар жуда кўламдор бўлган молиявий империяси таназзулига, унинг яқин шерикларига жиноят ишлари очилишига, Каримованинг қувғин ва жиноий таъқиб этилишига ва охир-оқибат 2017 йилда қамоқ жазосига ҳукм қилинишига олиб келди. Гулнора Каримова устидан суд одил судловнинг барча халқаро стандартлари бузилган ҳолда, ношаффоф ўтди. Биздаги маълумотларга кўра, илгари фуқаролик жамияти гуруҳлари томонидан билдирилган хавотирларга қарамай, Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги активларни имкон қадар тезроқ Ўзбекистон ҳукуматига қайтаришни режалаштирмоқда.

Қозоғистон активлари:

Яқинда 48 миллион АҚШ доллари қийматидаги активларнинг Қозоғистонга қайтарилиши “Қозоқгейт” номи билан машҳур бўлган можаро билан боғлиқ иккинчи траншдир. 115 миллион АҚШ доллари миқдоридаги биринчи транш уч мамлакат – Қозоғистон, Швейцария ва АҚШга, шунингдек, Жаҳон банкига ҳисобдор бўлган директорлар кенгаши томонидан бошқариладиган Бот жамғармаси орқали 2018 йилда репатриация қилинган эди. Бот жамғармаси тажрибаси ўғирланган активларни масъулият билан қайтаришнинг шаффофлик ва ҳисобдорлик стандарларига мос, жамғармадан қозоқ халқи манфаатларида йўлида фойдаланишда вазминлик ва томонлар манфаатларига хизмат қилишни таъминлайдиган модели сифатида юксак эътирофга сазовор бўлди.

48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги яқинда қайтарилган иккинчи транш шаффофлик ва ҳисобдорлик нуқтаи назаридан Бот жамғармаси моделига бутунлай зид келади. 48 миллион долларнинг келиб чиқиш манбаи 2011 йилда пул ювишда айбланган Қозоғистон фуқаросидан мусодара қилинган автивлардир. Швейцария ҳукумати унинг кимлигини очиқлагани йўқ. Ўшанда Швейцария бу пулларни Қозоғистон ҳукуматига қайтаришга рози бўлди ва бунинг учун Жаҳон банкидан уни Қозоғистонга бериш, шунингдек, унинг сарфланиши устидан назорат қилиш канали сифатида фойдаланишга қарор қилди. Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ва Жаҳон банки ўртасидаги бу ҳақдаги келишув 2012 йил 20 декабрда имзоланди. Ушбу маблағнинг 21,76 миллион АҚШ доллари “Ёшлар корпуси” номли дастур учун ажратилди. 2015 йилда Жаҳон банки ва маблағларни сарфлаш бўйича ижрочи агентлик сифатида танланган Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги ўртасида тегишли келишув имзоланди. Траншнинг 23,06 миллион АҚШ доллари миқдоридаги иккинчи қисми шу йили Инвестиция ва тараққиёт вазирлиги томонидан амалга ошириладиган энерготежамкорлик бўйича лойиҳа учун ажратилди.

Биздаги маълумотларга кўра, иккита лойиҳадан бири – “Ёшлар корпуси” дастури пул ювиш сифатида баҳолаш мумкин бўлган қатор қонунбузарликлар билан амалга оширилмоқда.

Жаҳон банки мазкур лойиҳалар учун маблағлар пул ювишда айбланган Қозоғистон фуқаросининг Швейцария ҳукумати томонидан музлатилган ва мусодара қилинган активлари эканини, бу фуқаро энг катта мансабдорлардан бири ва унинг шерикларидан бўлиши эҳтимоли юқорилигини Қозоғистон жамоатчилигига очиқламади. Бунинг ўрнига банк Қозоғистон жамоатчилигига ушбу пулларни гўёки Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентилиги томонидан давлат бюджетидан ажратилган грант ўлароқ тақдим этди. Шу тариқа Қозоғистон жамоатчилиги мазкур маблағларнинг келиб чиқиши борасида чалғитилди. Натижада қайтарилган активлар ушбу активларни ўғирлаш ва уларни ювишга алоқадор шахслар қўлига қайтиб келган бўлиши жудаям мумкин.

Иккинчидан, маблағларни сарфлашда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилди.

Мана бир неча мисол:

  • Жаҳон банки номидан “Ёшлар корпуси” лойиҳаси учун масъул ходим бўлган ходим Алия Бижанованинг ўзи “Ёшлар корпуси” лойиҳасидан грант олган (грант № 140840014775) Таълим соҳасида Қозоғистон тадқиқотчилар жамиятининг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланиши маълум бўлди. Бижанова бир вақтнинг ўзида иккита, бир томондан маблағ ажратувчи тузилма, иккинчи томондан бу маблағни олувчи ташкилот вакили ролини ўйнагани кўринади. Бундан ташқари, ушбу нотижорат ташкилотнинг раҳбари ҳисобланадиган Аида Сагинтаева Қозоғистоннинг ҳозирги бош вазири Бахитжон Сагинтаевнинг жиянидир. Хабарларга кўра, Алия Бижанова, шунингдек, “Ёшлар корпуси” лойиҳасидан грант олган бошқа ННТларнинг ҳаммуассиси ёки эгаси ҳамдир.
  • “Ёшлар корпуси” лойиҳасининг 92 фоиз маблағини тақсимлашга масъул бўлган мувофиқлаштирувчи агентликнинг ўзи аслида учта ташкилотдан ташкил топган давлатга қарашли консорциум ҳисобланади. Консорциумга Қозоғистон ёшлари конгресси, юзта ташкилотни бирлаштирувчи GONGO (давлат томонидан тузилган ва назорат қилинадиган ташкилот) раҳбарлик қилади. Ёшлар конгрессининг раиси эса президентнинг қизи Дариға Назарбоевадир. Дариға Назарбоеванинг Қозоғистон ёшлари конгресси етакчиси сифатидаги нуфузи туфайли унинг ўзи ёки агентлари мувофиқлаштирувчи агентлик томонидан маблағнинг тақсимланишига таъсир этиши эҳтимоли жуда юқори. Юқори лавозимли давлат мулозимининг патронажлик қилаётгани “Ёшлар корпуси” лойиҳасидан тарғибот сафсаталарини ва давлат ватанпарварлигини сингдириш учун сиёсий мақсадларда фойдаланилаётганини тахмин қилишга асос яратади. Шу тариқа Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ўзи истамаган ҳолда совет комсомоли услубида яратилган ва фаолият кўрсатаётган ташкилотга кўмак бериш иштирокчисига айланиб қолиши мумкин.

  • “Ёшлар корпуси” лойиҳасидан грант олган айрим ташкилотлар ўзлари рўйхатдан ўтган манзилларда мавжуд эмаслиги тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

  • Ўғирлангани учун Швейцария ҳукумати томонидан мусодара қилинган ва Қозоғистондаги лойиҳалар учун ажратилган активларнинг Жаҳон банки томонидан қандай бошқарилаётгани кўрсатувчи бошқа шу каби муаммолар ҳам қайд этилган. Бироқ бу маблағлар аслида қандай ишлатилаётганини Швейцария ҳукуматининг ўзи текширгани янада яхшироқдир.

    Умида Ниёзова, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми, Берлин
    Надежда Отаева, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси, Le Mans, Франция
    Ёдгор Обид, Халқаро ПЕН клуб аъзоси, собиқ виждон тутқуни, ўзбек сиёсий эмигранти, Австрия
    Дилобар Эркинзода, ўзбек сиёсий эмигранти, Швеция
    Улуғбек Ҳайдаров, ўзбек сиёсий эмигранти, ўзбек сиёсий эмигранти, Канада
    Алишер Таксанов, узбекский политэмигрант, Швейцария
    Алишер Обидов, ўзбек сиёсий эмигранти, Норвегия
    Розлана Таукина, Тенг ҳуқуқли журналистлар федерацияси, Қозоғистон
    Ирина Савостина, “Авлодлар” республика ҳаракати, Қозоғистон
    Даметкен Аленова, “Бирлик” инсон ҳуқуқлари мустақил бирлашмаси, Қозоғистон

    Тағин ўқинг
    27 апрел 2017
    Нотаниш аёлларнинг уйига бостириб келиб жанжал кўтариши ортидан Президент порталига мурожаат этган хоразмлик Шукуржон Мадраҳимова 27 апрел куни Вилоят ...
    2 май 2016
    «Народное слово» газетасининг «Жаҳон» ахборот агентлигига асосланиб ёзишича, БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистонда ...
    29 март 2018
    Россиянинг Кемеровосидаги “Қиш олчаси” (Зимняя Вишня) савдо-истироҳат марказида юз берган фожеа Қозоғистоннинг Оқтўбасида автобусда 52 нафар ўзбек тиклайин ёниб ...
    27 сентябр 2017
    Ахмаджон Одилов 27 сентябр куни эрталаб, соат 5.30 да 92 ёшида оламдан ўтди. Жанозаси Ғурумсаройда соат 4 да бўлиши ...
    Блоглар
    16 август 2018
    Дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтириб чиққан 64 ёшли журналист Муҳаммад Бекжон «Алвидо, Жаслиқ!» китобининг ...
    3 август 2018
    Бир пайтлар нефтбазадан бензин, солярка олиб чиқиб сотар эдик. Яширинча олиб чиқар эдик, ишчиларига пул ...
    2 август 2018
    Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров ...