Асосий мавзулар
25 июн 2018

Ўзбек фермери: Бу йил банкрот бўламан

Ўзбек фермерлари қоғозда мустақил субъектлар ҳисобланишса-да, амалда бутунлай ҳокимиятга қарамдирлар.

“Элтуз” Хоразм вилоятида боғдорчилик қилаётган фермер билан гаплашди. Суҳбатдан маълум бўлишича, уларнинг бугунги ҳолати совет колхозлариникидан жуда кам фарқ қилади.

Фермерлар қандай экин экишни танлаш ҳуқуқига эга эмас. Нархларни давлат белгилайди ва ер ижараси бўйича шартнома бўлишига қарамай, ўзи хоҳлаган вақтда фермер хўжалигининг ерини “қайта тақсимлаши” мумкин.

Ўзбекистонда фермерлар жуда ҳимоясиз шароитда қолмоқда ва улар ҳокимият томонидан буюрилган, ўзлари учун фойдасиз ишни бажаришга мажбурлар.

Масалан, фермерлар пилла қурти боқиш ва уни давлатга паст нархларда сотишга мажбур. Деҳқончиликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, фермерлар ойига 100 кг металлолом топшириши ёки унинг пулини нақд тўлаши шарт. Ери мева-сабзавот етиштиришга яроқсизлигига қарамай, боғбон фермерлар маҳаллий ҳокимият кўрсатмаси билан шундай экинларни экишга мажбурланади.

Хоразм вилояти, 2018 йил 27 май, боғдорчилик фермер хўжалиги раисидан интервью.

-Фермер хўжалигингиз қачондан бери фаолият юритади? Унинг қандай ташкил қилингани ва қонуний асослари ҳақида гапириб беринг!

– 2006 йилда колхоз тугатилиши муносабати билан аввалдан оилавий пудрат асосида ўз қарамоғимизда бўлган 1 гектар боғимизни туман ҳокими қарорига кўра 50 йиллик шартнома тузиб фермер хўжалиги қилиб беришди. Кўп пул сарфлаб, қуриган дарахтлар ўрнига янги кўчатлар экдик. Келгусида яхши фойда олишни кўзлаб ўз чўнтагимиздан аямай пул сарфлаганимиз туфайли икки йилгача сарфлаган харажатимизни қоплай олмадик. 2008 йилда фермер хўжаликларини оптималлаштириш туфайли еримиз бошқа фермер ҳисобига ўтиб кетди. Биз оилавий ишчи сифатида ўз еримизни хўжалик ҳисобида юритдик. 2014 йилда яна қайтадан оптималлаштириш ўтказилди. Фермер хўжалиги ерлари яна қўлдан қўлга ўтди.

– Қайта-қайта оптималлаштиришларнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Бизда ишсизлик кўп. Ерлар қайта тақсимланганда фермерликка номзодлардан пора олиш имкони туғилади. Пора беришда яширинча кимошди савдо бўлади. Ҳар гал ишсиз қолмаслик учун меҳнатимиз сингган боғимизни бир амаллаб сақлаб қолганмиз. 2015 йилда боғдорчилик фермерларининг барчасига пахта экишга буйруқ бўлди. Фермерлар “Пахтасаноат” ОАЖ билан шартнома тузишга мажбур қилинди. 70 туп катта ўрик дарахти, 200 туп ёш ўрик, 170 туп узум дарахтини ҳокимиятнинг босими остида ўз қўлларимиз билан чопиб ташладик. 2014-2015 йилларда пахта етиштирдик. 2016 йилда эса ҳокимиятнинг топшириғи билан полиз экинлари экдик. 2017 йилда эса ерлар яна қайтадан тақсимланиши натижасида ўз печат ва муҳримизга эга бўлиб ишни яна қайтадан бошладик. Ҳар гал йиғилишда ҳокимимиз “Буйруқни бажармасанг ёки йиғилишга келмасанг, ерингни тортиб оламан”, деб пўписа қилади. 2017 йил кузда ҳоким жаноблари фермерларга 1 га учун 1000 метр квадратдан саримсоқпиёз экишни буюрди. Ҳар бир фермерга 10 кг.дан экспортбоп саримсоқ уруғининг килосини 14 000 сўмдан мажбурий тарқатди. Бозор нархи эса 7 000 сўм эди. Саримсоқни қўлда экиш жуда азоб экан. 4 нафар ишчи ёллаб оила аъзоларимиз билан 1000 м.кв. ерга 60 кг саримсоқпиёз экдик. Экиб бўлишимиз билан яна 1000 м.кв. экасизлар, деган буйруқ келди. Бу пайт кунлар совий бошлаган, саримсоқ экиш мавсуми тугаган эди. Кетма-кет икки марта огоҳлантириш хати келди.

– Мабодо экмасангиз сизга қандай чора кўришлари мумкин?

– Прокурор шуғулланади. Ҳоким республика пезидентининг вакили. Ҳокимнинг буйруғидан бўйин товлаш давлатга қарши, сиёсатга қарши чиқиш, деб баҳоланиши мумкин. Жарима солиши ёки еримизни тортиб олиб қўйишлари мумкин.

– Майли, суҳбатда давом этинг! Кейин нима бўлди?

– Туман деҳқон бозорида саримсоқ қолмабди. Урганч бозоридан зўрға топиб, яна 60 кг уруғлик келтирдик. Ишчи ёллаб 1000 м.кв. намсиз қурғоқ ерга мажбуран экдик. Экмагунимизча устимиздан қаттиқ назорат қилиб туришди.

– Шу билан қутулдингизми?

– Қаёқда? Экиб бўлишимиз билан яна 1000 м. кв. экасизлар, деган буйруқ келди. Кунлар совиб кетгани ва ерлар музлай бошлагани сабабли буйруқни бажаришнинг иложи бўлмади.

– Шартнома тузилганми?

– Ҳеч қандай шартнома тузилмади. “Агрофирма билан шартнома тузинглар, кузда саримсоқни шу фирма сиздан сотиб олади”, деган оғзаки гап айтилди, бироқ ҳали шартнома тузган фермерни мен билмайман. Бундай гаплар ҳар йили айтилади. Фермер ташкил топган 2006 йилдан бери бирон марта шартнома асосида маҳсулот тошириб кўрмаганмиз. Маҳсулотни ўзларимиз бозорга сотиб, банкка нақд пул топширамиз. Ҳеч ким шартнома тузгани агрофирмага бормайди. Чунки, ишонмаймиз, оғзимиз куйган. Ҳар йили агрофирма билан шартнома тузган йирик фермерларнинг маҳсулотлари кузда чириб кетяпти.

– Саримсоқнинг ривожи яхшими? Ҳосилдан умидвормисиз?

– Ҳокимиятдан мақтаб берилган уруғнинг бир донаси ҳам униб чиқмади. Фақат меники эмас, бошқаларники ҳам униб чиқмабди. Жами 2000 м.кв. майдоннинг 700 м.кв. ерида экин бор. Кузда униб чиққани баҳорда шўр босиб қуриб қолди. Минг марта айтдим “менинг ерим шўр, саримсоққа мос эмас”, деб. Арзимга қулоқ солишмади.

-Яна қандай экинлар экканингизни ўлчамлари билан айтиб бера оласизми?

-Бу йил баҳорда 1000 м. кв.га пиёз экишга буйруқ келди. Бозордан 60 000 сўмга пиёз уруғи сотиб олиб эккан эдим, сувсизликдан униб чиқмади. Шунга қон босимим кўтарилиб турганда “1000 метрга аччиқ қалампир экасизлар”, деган топшириқ бериб, роса аччиғимни чиқаришди. Яхшиям бу топшириқ бизнинг зиммамиздан олиниб, катта фермерларга юклатилибди. Йўқса, униб чиқмаслигини кўра била туриб ҳам эктиришарди. Хўп, мана экилган экинларимиз тақсимоти: 2000 м.кв. саримсоқ, 1000 м.кв. (кўкармаган) пиёз, 1000 м.кв. ошқовоқ (ярми кўкарган), 1000 м.кв. картошка, 2000 м.кв. мол лавлаги, 3000 м.кв. маккажўхори (мол ўти). Йўналишимиз боғдорчилик бўлгани учун баҳорда экинлар оралатиб 320 туп олма, 60 туп олча кўчати экдим. 90% барг чиқарди.

– Шу кунгача бўлган чиқимларингизни ҳисоблаб бера оласизми?

– Мен ҳисоб-китоб юритмайман. Эсимда қолганларини айтиб бера қолай. Булар менинг шахсий чўнтагимдан, оила бюджетидан чиқарилган чиқимлар: Суғориш учун насос харажати 100 минг сўм, ер суришга 500 минг, суриш учун ёқилғи 300 минг, ер текислашга худди шу миқдорда 500 минг + 300 минг, саримсоқ экиш учун ёлланма ишчиларга 500 минг, минерал ўғит 600 минг, маҳаллий ўғит 100 минг, олма ва олча кўчати баҳоси 700 минг, картошка уруғи 50 кг.ми 100 минг, пиёз уруғи 60 минг, 100 кг. Макка уруғи 300 минг, саримсоқ уруғи 1 млн.300 минг сўм харажат қилинди. Оиламиз билан қилган меҳнатимизни пулга ҳисобламаяпман.

– Оилангизда неча киши маош олади?

– Икки кишига ойлик ёзилади. Бироқ ойлик олмаймиз.

– Нима учун?

– Ёзилган ойлик маошининг 49%и қўлга тегади, 51% турли солиқлар учун ушлаб қолинади. Ўша 49%ни ҳам олмаймиз. Банкдаги ҳисоб рақамимизда туради. Чунки ҳисобимизда пул турмаса, турли тўловларга инкасса қўйилганда қарз бўлиб қолсак, фоизи билан тўлашимиз керак бўлади.

– Масалан қандай тўловлар?

– Ер солиғи, даромад солиғи, сувдан фойдаланганлик учун бадал, Пенсия жамғармаси, “Қишлоқхўжаликкимё” ОАЖдан олган минерал ўғитнинг тўлови ва ҳоказо.

– Солиқларга қанча тўланади?

– Ўтган йили ҳосилдан гектарига 5 млн. сўм топширишни талаб қилишган эди. Шу пул ҳисобимизда туради. Шундан солиқларга ушлаб қолинади. Ер солиғи ойига 50 000 сўм. Қолганларини билмайман. Ҳисобчим билади.

– Бундан ташқари, норасмий пул ундиришлар бўлганми?

– Доим бўлган. Наврўз байрамида гектарига 30 000 сўм, Маҳалла посбони назорат пунктини таъмирлашга 30 000 сўм, Ички ишлар участка нозирининг шахсий турар жойини таъмирлашга 30 000 сўм, Тошкентда бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси учун 100 000 сўм пул ундиришди. Ҳеч қандай квитанция беришмади. Кузда 10 туп лимон кўчатини 320 000 сўмга оласизлар, деган топшириқ келган эди. Биз иссиқхонамиз йўқ, қишда қуриб қолади, деган баҳонада олмадик. Кейин мактаб директорларига мажбуран тарқатишди. Айтишларича, қуриган кўчатни 32 000 сўмдан пуллашибди. Мактабда ўқувчилар совқотиб ўтиришди, лимонни қаерда ўстиришади.

– Сиз касаба уюшма аъзосимисиз?

– Ўзлари аъзо қилиб қўйишган бўлса керак. Ойлик маошимиздан касаба уюшмасига 1 % аъзолик бадали ушлаб қолишади. Фақат шуни биламан. Касаба уюшмасининг қанақа ташкилот эканидан хабарим йўқ.

– Сиз мажбурий меҳнат ҳақидаги қонунлар билан танишмисиз?

– Бу йил Президентимизнинг ўқитувчи, врач ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик тўрисидаги фармонини эшитдим. Шундан бери улар далага, кўча супуришга чиқарилмади. Фақат шуни биламан. Бошқа қонунлардан хабарим йўқ.

– Қандай муаммоларингиз бор?

– Фермерларда эркинлик йўқ. Қайси экинни қачон, қанча экишни ҳокимият белгилаб беради. Ёқилғи, минерал ўғит, уруғлик каби нарсаларни ўзлари хоҳлаган нархда бизга мажбуран беришади. Биз етиштирган маҳсулотни эса паст баҳода ярмаркаларда сотишга буйруқ беришади. Бу йил мен аниқ банкрот бўламан. Еримнинг 25 % қисмидагина экин униб чиққан. 75%и бўш ётибди. Такрор экишга харажатим ҳам йўқ, кечикиб ҳам кетяпман. Экканим билан сув йўқ, барибир униб чиқмайди ёки қуриб қолади. Бу йил кузда ҳосилдан қанча нақд пул топширишимни билмайман. Ўтган йил 5 млн. қилиб белгилашган эди. Бу йил ундан кам бўлмаса керак. Банкдаги ҳисобимда ўтган йилдан қолган 450 минг сўм қарзим бор экан. Бу қарз қаердан пайдо бўлганини сўраб бир неча бор мурожаат қилдим. Саволимга ҳалигача аниқ жавоб ололганим йўқ.

Суҳбат 2018 йил 27 майда фермер хўжалигининг полизида (боғида) олиб борилди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 апрел 2018
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк» демократик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Бундан ...
1 май 2015
Ислом Каримов Ўзбекистонга 1989 йилдан раҳбарликни бошлаган. 24 йил аввал. Жуда ҳам қадимдан. Бу вақт ичида у анча қартайиб ...
23 май 2015
Ўзим ҳақимда маълумот Нодемократик режим Мурожаат ҳуқуқи Демократик тузум ва сиёсий қарашлар Жаноб Бош Котиб! Мен Формонов Азамжон Турғунович ...
19 март 2018
Президент келиши олдидан йўлни тозалашга олиб чиқилган самарқандлик ўқитувчи, 23 ёшли Диана Еникеева 14 март куни «КамАЗ» машинаси тагида ...
Блоглар
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...
9 июл 2018
(фермер хўжалиги ишчисининг ҳикояси) Хоразмлик Ҳасанбой фермер хўжалигида ишлайди. Умри далада ўтган, деса ҳам бўлади. ...
3 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги учрашувида Вестминстер университетининг 3-курс талабасига туризм вазири ўринбосари бўлишни таклиф ...