Кўзқараш
12 ноябр 2015

Эгилмаган, букилмаган, синмаган!

Паҳлавон Содиқ
Би би си

1999 йил кузида Олий Судда Тошкент портлашлари юзасидан суд мажлисларидан бирига Мурод Жўраевни қўлларида кишан билан гувоҳ сифатида олиб келишди.

Мен Мурод акани, то судья исми-шарифини эълон қилмагунича танимадим. Охирги марта уни 1994 йилда Туркияда кўрган эдим. Озиб-тўзиб кетган, фақат қулоқлари қолган эди, холос. Концлагердаги маҳбусларга ўхшар эди. Ҳақиқатда ҳам концлагер номини олган Жаслиқдаги қамоқхонадан олиб келинганди, адашмасам.

Судья исм-шарифини тасдиқлагандан кейин ундан: «Муҳаммад Солиҳни танийсизми?» деб сўради. Мурод ака «танийман», деганидан кейин «қандай одам?» деб савол берди. Мен ҳозир томоша бошланса керак, Мурод акани Солиҳни ёмонлаш учун олиб келишган, деб турган эдим, Мурод Жўраев вазмин, ҳорғин бир овозда «Мен таниган Муҳаммад Солиҳ миллатпарвар, ватанпарвар ва демократ одам» деб жавоб берди.

У «демократ» сўзига алоҳида урғу берди. Чунки Муҳаммад Солиҳ террорчи сифатида айбланаётган эди. Ва «мени тўғри тушунинглар, мен 1994 йилдан бери қамоқдаман, ундан кейин ҳеч ким билан кўришмадим» деб қўшимча қилди. Судья гапни узатиб ўтирмади ва «олиб чиқиб кетилсин» деди.

Мурод Жўраевнинг гувоҳлигидан ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади. Қайтага буни залда ўтирганларга кўрсатишга ҳаракат қилди. Мен суд жараёнларини кўп кўрган ва қамоқхоналардаги аҳволни яхши билсам ҳам, Мурод аканинг ҳолати менга ёмон таъсир қилди.

Кўзимга ёш келди. Бошқалар кўриб қолмасин, дея тез-тез юриб, суд залидан чиқиб кетдим. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим. Мурод ака ундан кейин ҳам қарийб 16 йил ўтирди. Эҳтимол, ана шу сўзлари учун ўтирди.

«Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди», деган мужмал гап бор. Буни Абдулла Орипов «Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди, аммо эгилиб, букилганда қобирғалари синиб кетади» деб янада мужмаллаштирган. (Шоир буни 1987йилда Наврўзни ёмонлаб қўйиб, кейин замон ўзгаргач, яна уни яхшилаш учун айтганди).

Аммо мен ҳақиқатнинг эгилиб, букилиб, ўзбекча айтганда, қуллуқ қилиб, чой ташиб юришини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳақиқат эгилмайди ҳам, букилмайди ҳам, синмайди ҳам. Зотан, эгилиб, букилса, албатта синади. Бунга Мурод аканинг шунча йиллик қийноқ ва исканжалардан сўнг, Васила опага суяниб бўлса ҳам, қаддини тик тутиб тургани мисол.

Аммо халқимизда бундан мантиқлироқ бошқа бир гап бор экан. Буни 2013 йилда қамоқдан чиққан Мамадали Маҳмудовни кўргани борганимда кашф қилдим. Мамадали акани Жиззахнинг чекка бир қишлоғидан яқин қариндошлари-ўзлари тенги бир аёл киши кўргани келди. Ва сўрашаркан, биринчи айтган гапи «ўша ерларнинг шўр тузини ялаб келдингизми?» деган гап бўлди.

Менга бу сўрашиш жуда қизиқ, айни пайтда жуда ҳам ўринли туюлди. Халқимиз қанчалик доно! Чунки 17 йил қамоқда ўтириб келган одамдан «яхши келдингизми?» деб сўраш ғалати. Аммо «шўр тузларни ялаб келдингизми?» деган гап жуда мантиқли эди.

Мурод ака ҳам 21 йил давомида не-не қамоқхоналарнинг шўр ва заҳарли тузларини ялаб келди. Оиласига қовушгани рост бўлсин!. Оллоҳ қамоқда ўтган умрини ҳам қўшиб берсин! Бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам тез орада озодликка қовушсин!

Тағин ўқинг
1 май 2015
Ислом Каримов Ўзбекистонга 1989 йилдан раҳбарликни бошлаган. 24 йил аввал. Жуда ҳам қадимдан. Бу вақт ичида у анча қартайиб ...
24 март 2016
Халқ (тўғрироғи, халққа масъуллар) бутун хаёли байрам билан бўлиб, ғам-ташвишини унутди гўё. «Ҳуррият» газетаси ҳам шу шодиёнларга қанот бағишлаш ...
23 ноябр 2020
 “Элтуз” Ўзбекистондаги энг машҳур эротик блогер, Асалхоний тахаллуси билан танилган 30 ёшли Асал Хўжаева билан суҳбатлашди. Суҳбатдош интим блогерлик ва жинсий хизмат ...
23 апрел 2021
Термизлик блогер Отабек Сатторийнинг адвокати Умид Давлатовнинг айтишича, 2021 йил 19 мартда журналистларга интервью бераётган вақтида унга нисбатан шантаж қилишга ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...