Cатира
3 май 2018

3 май — Халқаро матбуот эркинлиги куни

2018 йил Халқаро матбуот эркинлиги куни 25-бор нишонланмокда. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 3 май – Халқаро матбуот кунига бағишланган баёноти тарқатилди.

Бу йилги байрамнинг глобал мавзуси – «Ҳокимиятни назорат остига олиш: адолатли суд ва қонун устиворлиги» – ОАВ ва сиёсий жараёнларнинг шаффофлиги, суд тизимининг мустақиллиги ва медиявий саводлилиги, шунингдек давлат органларининг жамоатчилик вакиллари олдида ҳисоботдорлиги масалаларига бағишланди.

1997 йил 3 майдан буён ҳар йили матбуот эркинлигига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ЮНЕСКО тарафидан мукофотлар билан тақдирланишади.

БМТ резолюциясига эркин Африка матбуоти ривожига бағишланган Виндҳук декларацияси асос қилиб олинган.

rasm1290
Қудрат Бобожон, 2004 йил, 3 май, Тошкент.

Ўзбекистонда «Эркин сўз»

1988 йили «Эркин сўз» газетасини, тўғрироғи, норасмий Ўзбекистон Эркин ёшлари уюшмаси хабарномасини чиқаришга муваффақ бўлганимни эслайман. Бунгача биз уюшмамиз фаоллари билан Ўзбекистон мустақиллиги ва демократия тарғиб қилинган турли варақа ва чақириқлар кўпайтириб тарқатардик.

Журфак талабаси бўлароқ, нима учун варақа ва брошюралар чиқариш мумкин бўлган ускунада газета қилиш мумкин эмас, деган хаёл менга тинчлик бермасди.

Рассом дўстим Қуронбой Матмуродов билан кечаси (кундузи ўқиш) ишга киришдик. Биз мўлжалдагидан икки ҳисса (масштабини 50 фоиз кичрайтириш имконини ҳисобга олиб) катта ватман қоғозга бўлажак газета матни, сарлавҳалари ва расмларни жойлаб ёпиштиришимиз керак эди.

Қуронбой қўлбола тайёрланган махсус туш ва скалпелини олиб ишга киришди, мен эса ёзув машинкасида колонка матнларини тера бошладим.

Мақсад тўрт саҳифага долзарб ва қисқа мақолаларни ихчам шаклда жойлаш эди. Адолат нуқтаи назаридан айтишим керак, ўша йили газетамиз билан параллел Фахриддин Худойқулов бош-қош бўлган «Бирлик» ҳаракатининг хабарномаси ҳам чиқа бошлади.

«Эркин сўз»ни сотишдан тушган пулга тўртта мегафон сотиб олдик. Тарқатиладиган материаллар, уюшма низоми ва яна анча варақалар, жумладан, алоҳида нашр тарзида «Ку-Ку-88» (Яъни Қудрат ва Қуронбой) имзоси билан сатирик карикатуралар кўпайтирилди.

Ҳатто айрим хизматчиларимизга озроқ қалам ҳақи бериб, қолганига иккита хона ва битта мажлислар залини доимий ижарага олиш қувватига эга бўлдик.

Тугатилаёзган цензура

Норасмий нашр фаолияти узоққа бормади. Уни давлат рўйҳатидан ўтказиш масаласи бошни қотирди.

1989 йили мен “Эркин сўз” газетасини қайддан ўтказиш учун Давлат матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломовнинг қабулига кирдим.

У кишининг асосий эътирози аввалига газетанинг номига бўлди. «Нима дегани эркин сўз, нима эркин эмас сўз ҳам бор эканми?» дея мени калака қила бошлади.

Лекин у пайтлар ҳар ҳолда ошкоралик – мен ҳам тап тортмай, газетани унинг рухсатисиз ҳам чиқариб келганимиз ва шундай давом эттиришдан бошқа чорамиз йўқлигини айтдим.

Ҳукуматнинг бош цензори ўша пайтда тутақиб, менга тағин ғазабини сочишдан нарига ўтмади. Бу пайтда цензура идораси тутатилиш арафасида эди.

rasm1291
«Муносабат» газетасининг нишона сони

«Муносабат» газетаси

1990 йилнинг ноябрида Фахриддин Худойқулов раҳбарлигида «Муносабат» газетасининг нишона сони босилди. Газета қайта қуриш йилларида қўлга киритилган ютуқ, ҳусусий мулк яратилиши натижасида барпо қилинган «Ўсарфильм» қошида таъсис этилди.

Бироқ биз яна ҳам долғалироқ янги ўзгаришларни кутардик.

1991 йилнинг 13 апрель куни Совет Иттифоқида цензура тугатилиб, матбуот тўғрисида қонун қабул қилинди.

“Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир, цензурага йўл қўйилмайди”, деган икки жумла бизни эркинликнинг янги уфқлари сари қанотлантирди. Ўшанда мен ҳам Фахриддин акага ҳамроҳ бўлиб Москвага бордим.

rasm1295
Фахриддин Худойқулов

Москва шамоли

Москвада қарийб бир ҳафта қолиб кетдик. Сафаримиз анча сермаҳсул бўлди, Фахриддин ака 200 минг рус ва 200 минг ўзбек тилларида чиқадиган бутуниттифоқ газетани рўйхатдан ўтказишга эришди, 007 рақамли чўғдай қип-қизил гувоҳномани олганимизда хурсандчилигимиз чексиз эди.

Орадан уч ой ўтиб, ноябрь ойида бу газетанинг нишона сони чиқди. Ёзувчилар уюшмаси биносидаги офисимизга ўрнатилган учта компьютерда кечалари билан уйга бормасдан газетани макет қилар эдик.

Бироқ тағин бахтиёрлигимиз узоққа бормади. Газетанинг бор-йўғи учта сони чиқди.

Референдум арафасида газета тайёрлаб ўтирган пайтимиз офисимизни бир гуруҳ ментлар келиб босди. Ҳаммаёқ ваҳима.

Қизиқ ҳол ҳеч эсимдан чиқмайди. Милиция қуршовида ўтирган кишанбанд Фахриддин акага яқинлашмоқчи бўлдим. У киши кулимсираб, «Э, бу бола бизда ишламайди», дегандай шаъма қилди, мен нима қилишим кераклигини тахминан тушундим. «Муштум»да ишлаган Фахриддин акада юмор ҳисси анча кучли эди.

Эртаси куни Фахриддин акани қўйиб юборишди. Чимкентда «Муносабат»нинг янги сони чиқиши керак эди. Босмахонага мен борадиган бўлдим.

Газетани юклашга ажратилган «Камаз»да менга тошкентлик олифта йигитлар ҳамроҳ бўлди. Улар икки юз минг тираж газетани кўриб капалаклари учиб кетди.

«Бундан кўра ерёнғоқ юклаганимиз яхши эди», дея тихирлик қила бошлашди, лекин ўртага қўйилган яримта ароқ ишни ҳал қилди. «Камаз» тезгина газета тахлами билан лиқ тўлди.

Биз босмахонани тарк этдик. Чимкент-Тошкент шоссеси бўйлаб бораркан, газета ортилган «Камаз» юкхонасидан бир тахлам газета ажралиб, йўлга сочилганини эслайман.

Машина йўл чеккасида тўхтаганида беш юзтача газета саҳифалари шамолда учаркан, уларни йиғиштириб олишдан мантиқ ҳам йўқ эди…

Газеталарни келтириб Ёзувчилар уюшмасидан ижара олинган омборга жойладик. Бироқ газетани тарқатишга улгурмай, тираж сақланган омборга ўт қўйилди. Таҳририятга қарши иш очилди.

Шу билан газета фаолияти тўхтади. Бироқ газета атрофидаги муаммолар яна анча давом этди. Бунинг кўп тафсилотлари Фахриддин аканинг хотираларида бор.

Кейин мен журналистиканинг босма тури билан хайрлашгунимга қадар анча вақт Муҳаммад Бекжон ва бошқа кўп ҳур фикрли ҳамкасбларим билан «Эрк» газетасида бир муддат ҳамкорлик қилдим.

Кейин аллақачон Кремлдан мустақил ҳукумат цензураси бу газета фаолиятини ҳам тўхтатди.

Сўз эркинлиги узра дам оқ, дам қора булутлар алмашаётган суронли даврлар эди бу.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 феврал 2016
Eltuzга мактуб йўллаган жиззахлик талаба 10-15-феврал кунлари Педагогика ва Политехника институтларида якунига етаётган имтиҳонлар жараёни ҳақидаги кузатувларини шундай баён ...
16 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова 12 декабр куни ўз таваллуд кунида президент Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ яратгани ...
27 июн 2017
«Яна отаси бой иккичиларнинг омади кулди», дейди рассом Туз бакалавриат ва магистратура босқичига қабулнинг 20 июн куни чиқарилган янги ...
5 январ 2017
Зилзиладан кейин вайрон бўлган Тошкент ўз ижодий имкониятини реализация қилиш учун ер қидирган совет меъморлари учун янги имкониятлар очди. ...
Блоглар
19 октябр 2018
Муҳаммад Бекжон эсдаликларидан иборат биринчи китобнинг сўнгги қисми 1999 йил 16 февраль портлашлари ёритилган мақолаларга ...
19 октябр 2018
Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ўзбек жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда. «Элтуз» нашри «Кўзқараш» рукни ...
17 октябр 2018
Москванинг Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатилган, 16 октябрь куни очилиши кутилган Ислом Каримов ҳайкали эртаси куни ...