Блоглар
7 март 2017

Қизи бор андижонликлар “идеал” йигитларга совчи қўймоқда

Андижон шаҳрида яшовчи Ҳ. жуда келишган, кўркам йигит. Махалладошлари уни машҳур футболчи Криштиану Роналдуга ўхшатишади. Қўшниларининг айтишича, Ҳ. ақлли, одобли бўлиб ўсган. Чекмайди-ичмайди, кўча-кўйда бемаврид юрмайди. Институтнинг 3-курсида ўқийди.

Онасининг айтишича, кейинги пайтларда уларникига бир неча бор махалладаги қизи бор оилалардан “совчилар” киришмоқда.

Ўғли борнинг нози бор

-Ўғлим 22 га кирди, – дейди Ҳ.нинг онаси.У оилани ҳар томонлама таъминлай оладиган бўлганида уйланишни ният қилган. Аммо махалладагилар қўйишмаяпти. Шу пайтгача хали бирон бир хонадон эшигини қоқиб борганим йўқ. Ўзлари келишяпти(кулади). Худога шукр, қиз истаб кавушим йиртилмайдиган кўринади.

Лапашанг куëвлардан чарчаш

Андижонда кейинги пайтларда нафақат йигитлар томонидан, балки қизлар томондан ҳам совчи қўйиш ҳоллари урфга айланмоқда. Ўқимишли, ёки тайинли касб-кори бор, топармон-тутармон йигитларнинг бозори чаққон. Одамлар бундай ҳолатларнинг сабабини ишсиз йигитлар кўплиги, ёшларнинг уйланиб олгач, рўзғор тебрата олмай Россияга кетиб қолаётганлиги билан изоҳлашади.

-Яқинда катта қизимни узатдим, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи аёллардан бири Л.С. – Махалламиздаям тайинли хунари бор, эсли-хушли йигитлар кўп эди, лекин совчи бўлиб эшигингизни қоқиб келмаса қийин-да. Тақдир насиб экан, қизимни Марҳамат туманига узатдим. Йигит Россияда ишлар экан. Уйлангандан сўнг қизимни бирга олиб кетар деб ўйлагандим. Аммо йўқ, бир ўзи кетди. Қизим хомиладор бўлди, туғди. Роддомдан ҳам ўзимиз обчиқдик. Хуллас росса қийналди. Шунақа тақдирга учрагандан кўра, ўзингга маъқул бўлган йигитнинг яқинлари билан бир оғиз гаплашиб кўришнинг ёмони йўқ. Буни энди совчилик деб бўлмайди-ю, бир келишувда.

Боксчи куëв орзуси ëки Ҳасанбой қизимни олсин!

Ўзбек урф-одатларига кўра, одатда қизи бор хонадонга йигит томонидан совчи қўйилади. Совчиликка йигитнинг онаси бирон бир аёл қариндоши-амма ёки холасини етаклаб боради. Рисоладагидай куёвни орзу қиладиган замонавий ўзбек оилалари эса қизларига яхши жойдан чиқишини кутиб ўтирмай ўзлари ҳаракатга тушиб кетишган.

-Мен масалан, бўлажак куёвим Ҳасанбой Дўстматовга ўхшашини хоҳлайман, – дейди Малоҳат исмли аёл.(изоҳ: Ҳ.Дўстматов 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтган ёзги олимпиада ўйинларида бокс бўйича чемпион бўлиб машҳурликка эришганди) – Ҳасанбой ҳам қизимга ўхшаб АДУ(Андижон Давлат университети) да ўқиркан. Бирам яхши кўрдим шу болани. Хали уйланмаган экан. Ота-онаси билан гаплашсамми деб юрибман.

Янги удум: «Бизда бир чўри бор, сизда бир бўри бор»

Олтинкўллик С. нинг ёши 19 да. Қиз чиройли ва эпчил бўлгани учун уларникига ҳам кўп совчилар келишди. Аммо унинг ота-онаси қизларини ўқиган йигитга турмушга узатишни исташади. Куёвликка номзодларнинг биронтаси ҳам уларнинг талабига мос келмади. Шу сабаб С. нинг онаси таниш-билишларига ўқимишли куёв топсалар, ўзи рози қилишини айтган.

-Қиз боланинг иши қийин. – дейди дастурхончи О.М. – Келин олсангиз, хоҳлаганингизникига совчиликка бориб,танлаб оласиз. Аммо қиз бола бор уйнинг эшигини шоҳ ҳам гадо ҳам тақиллатиб келади. Келган совчини яхши-ёмонлигини эса билиб бўлмайди. Яна бир томони, ҳозир замон нозик, чет давлатга бориб ишлаб келган бир-иккита йигитлар орасида халигинақа ёмон касалликни илаштириб кеганлариям бўляпти. Яна турли оқимларга қўшилиб кетганлар ҳам бор. Шундай экан, яхши йигитни ҳаммаям куёв қилгиси келади-да!

Куëв дефицитга айландими?

Айримлар бу удумнинг пайдо бўлишига кейинги пайтларда қизларнинг йигитларга нисбатан кўпайиб кетганлиги билан ҳам боғлашмоқда.

-Биззи Андижонда қиз арзон, – дейди хайдовчи Н.И. – Илгари қизларга қалин пули бериларди, “қизи борнинг нози бор” деган мақол бориди, лекин ҳозир қиз томон куёв томонга ялиняпти, тўй ҳаражатларининг ярмидан кўпини қиз томон қилаяпти. Тўйдан кейин қиз узатган хонадон куёвникига бир хафта уч махалдан овқат ташийди. Қирқ кун пайшанба-якшанба кунлари, бир йил давомида хайит-байрамларда. Таом ўзи бўлса майли-я, сомса-патир, бирон тансиқ таом устида сарполари билан куёвникига жўнатилади.

Ўғли борларнинг пичоғи мой устида ҳозир. Яна камига худди қизлари эрсиз қолиб кетадигандек, йигитларникига бориб, қизини таклиф қилиш, бу менимча шармандалик, деб ўйлайман. Биззи ўзбекди тарихида бўлмаган бўлса керак бунақаси.

“Совчилик” – норасмий удум. Борди-келдилар ўзаро оилавий бўлиб ҳеч қаерда расмийлаштирилмайди, шу сабаб қанча йигитларга қанча қизлар совчи қўйгани борасида расмий маълумотлар йўқ. Бу удум янада оммалашадими, йўқми, ҳозирча бўйдоқ йигитларга жуда ёқяпти.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 май 2018
1938 йил 9 май куни 34 ëшида Москвада халқ душмани дея отиб ўлдирилган Боту (Маҳмуд Ҳодиев) Туркистон модерн шеъриятининг ...
11 март 2017
Келиб чиқиши озарбайжонлик бўлган таниқли қўшиқчи ва кино артисти Гугушни Эрон Инқилобий маҳкамаси 16 йил қамоқ жазосига сиртдан ҳукм ...
2 март 2016
Меҳнаткашлар ҳуқуқи Халқаро Форуми (ILRF) 2016 йил Меҳнаткашлар ҳуқуқи ҳимоячиларини мукофотлар билан тақдирлаши ҳақида эълон қилди, улар орасида ўзбек ...
27 апрел 2018
Негадир турли табақалардаги баъзи кишиларда яна 9 майни байрам қилиш «қичимаси қўзияпти». Бу сана бизда Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб ...
Блоглар
19 октябр 2018
Муҳаммад Бекжон эсдаликларидан иборат биринчи китобнинг сўнгги қисми 1999 йил 16 февраль портлашлари ёритилган мақолаларга ...
19 октябр 2018
Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ўзбек жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда. «Элтуз» нашри «Кўзқараш» рукни ...
17 октябр 2018
Москванинг Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатилган, 16 октябрь куни очилиши кутилган Ислом Каримов ҳайкали эртаси куни ...