Cатира
28 март 2017

Бахтиёрлик – мустабид даврни эслатувчи туйғуми?

20 март куни эълон қилинган энг бахтли мамлакатлар рейтингида Ўзбекистонликлар барча собиқ Совет давлатларини ортда қолдирди.

Gallup тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон 155 мамлакат орасида 47 oринни эгаллади. Энг бахтли давлат Норвегия бўлди.

Сохта бахтлилик?

17 йилдан буён Норвегияда яшаётган педогог олим, 73 ёшли Абдулла Абдураззоқ, ўзбек халқининг бугун чинакам бахтли эканига шубҳа билдиради.

«Сўз эркинлиги бўлмаган, инсон ҳуқуқлари топталган, коррупция авж олган давлатда ўтказилган сўров натижасига қандай ишониш мумкин», дейди Абдулла Абдураззоқ Элтузга берган интервьюсида.
У Ўзбекистон билан Норвегия ўртасидаги фарқларни қиёслаб, ўзи яшаётган мамлакатдаги ижтимоий мухофаза даражасига мисол келтиради.

«Бир вақтлар сал пулга муҳтожлик туғилганди. Менинг ҳисобимга маҳаллий коммуна шу заҳоти 1000 доллар ташлаб берди» дейди у.

Элтуз мухбири билан суҳбатида Абдулла Абдураззоқ ўзбекларнинг тирикчилик учун Ўзбекистондан кўра бахтсизроқ Қозоғистон ва Россияга ишлагани кетаётганини истеҳзо билан эслайди.

Рейтинг қандай белгиланди?

Бахтиёрлик рейтингини тузишда аҳоли жон бошига ўртача даромад; умр кўриш муддати; фуқаролик эркинликлари, ижтимоий муҳофаза ва эртанги кунга ишонч, оиладаги барқарорлик, иш билан бандлик, коррупция даражаси, шунингдек жамиятдаги ишонч ва саховат каби омиллар қамралгани айтилади.

Булардан ташқари, тадқиқотнинг асосий қисмини турли мамлакатлар ахолиси орасида ўтказилган, уларнинг қанчалик бахтлилигига оид ижтимоий сўров натижалари ташкил қилган.

Ўзбеклар ва норвеглар ўртасидаги тафовут

Объектив нуқтаи назардан Норвегия, даромадлари даражаси, коррупциянинг йўқлиги, сўз эркинлиги, давлатнинг ижтимоий кўмаги, ишсизлик муаммосининг камлиги жиҳатидан энг юқори поғонани эгаллайди.

Айни пайтда, коррупция, эркинликлар ва аҳоли даромади бўйича Ўзбекистон рейтинги энг паст даражада.

Шунга қарамай, сўров натижаларига кўра ўзбеклар ўз турмуш даражаларини ижобий дея баҳолашган.

«Бахтиёрлик бўлди одатим…»

Ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб Абдулла Абдураззоқ қатағон, очлик ва қашшоқлик ҳукмрон бўлган Сталин даврида ҳам одамлар ўзларини дунёдаги энг бахтли санашганини эслайди.

Бахт куйчиси саналган Ҳамид Олимжон 1938-44 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби бўлганини эслаш кифоя.

Миллат ойдинлари отилган, йўқ қилинган бу даврда шоир Ҳамид Олимжон:

Шодлик йўлга бошлади мени,
Бахтиёрлик бўлди одатим.
Шоир бўлиб, шодлик ва бахтни
Куйламаклик зўр саодатим.

дея шеърий сатрлар битди.

«Қизиғи шундаки, бутун халқ бу шеърларни ёдлади. Бугун ҳам такрорламоқда», дейди ўзбек адабиёти билимдони Абдулла Абдураззоқ.

Шунга қарамай, кекса олим Ўзбекистонга ҳам ҳақиқий бахтли кунлар келишидан умидвор эканини яширмайди.

Eltuz.com

 

Тағин ўқинг
1 сентябр 2023
Ислом Каримов августдаги путч ва Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилганидан кейин ҳам СССР тарафдори бўлиб қолган. Айни икки воқеадан ...
3 май 2016
Апрель ойида ҳам Ўзбекистон телеканаллари «оқил ва доно юртбоши раҳнамолигида фаровон ва бахтли ҳаёт кечираётган, мислсиз ютуқларни қўлга киритган ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат тарихидаги энг муҳим ҳужжатни ...
17 июн 2020
Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани турғуни 40 яшар Сайдулло Сўфиев ИИБнинг икки ходими 16 июнь куни қўлини қайириб, машинага босиб, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...