Асосий мавзулар
18 апрел 2017

Баҳодир Файз: Эрдўғоннинг ўзбек муридлари севинмаса ҳам бўлади

Охирги йилларда аксарият ўзбекистонлик юртдошларимиз орасида Путин, Рамзан Қодиров ва Эрдўғон каби авторитар лидерларга ҳайрихоҳлик ортиб бораётгани кишининг диққатини ўзига тортади.

Бу лидерларни бир бирига боғлайдиган муштарак хусусият – демократияга бўлган нафрат, танқидларга тоқатсизлик, халқнинг диний ва миллий туйғуларини қитиқлаш эвазига қозониладиган популизмдир.

Алдов, сохта ваъдалар, таҳдидлар билан «кучли лидер» профилини яратиш, замонамизнинг модерн султонларига ҳос удум.

Демократик принципларга асосланган дунёвий жамият билан сиёсий ислом популизми орасида, қабристон сукунатини эслатувчи сохта барқарорлик ваъдалари билан тамал инсоний ҳурриятлар орасида танлов мажбурияти, демократик давлат қуриш истагида бўлган жамиятлар учун таҳликалидир.

Диктатура яратган зеҳният

Ватандошларимиздаги ўз «жаллодига ошиқлик» синдромини тарихимиз, маданият ва урф одатларимиз каби миллат онгини шакллантирувчи омилларни ҳам назарда тутган ҳолда, умумиятла чорак асрлик диктатура исканжасида иншо бўлган жамият зеҳнияти билан изоҳлаш мумкин.

Афсуски, эндиликда Каримов даврининг маҳсули бўлган бу жамият, 90-чи йилларнинг бошларида ҳукумат-муҳолифат муносабатларида ва зиёлилар ўртасида кўтарилган “ўзбеклар демократияга тайёрми?” деган ёқимсиз риторик савол билан яна юзлашмоқда.

Ватандошларимизнинг диндор, муҳофазакор қатламларида тарқалаётган Популист Эрдўғон севгиси, “одил султон” , авторитар лекин “дини бутун имонли мусулмон” ҳукмрон бўлган тузум танлови, демократияни фақатгина сайловлардан иборат эмаслигини, сайловлар фақатгина модерн демократик тузумларда бутуннинг бир парчаси эканлигининг далилидир.

Сайлов демократик режимларнинг илк босқичидир ва бу босқич ҳалққа ҳизмат мақоми ҳисобланган иқтидорга эришиш билан тугайди.

Иқтидордаги ҳукуматнинг олинаётган қарорлар ва ижролари билан, фарқли қарашлардаги жамиятнинг турли кесимлари орасида кин, адоват уруғларини экмасдан, уларга бирликда ҳузурли яшаш шароитлари тақдим этмоғи лозимдир.

Агар иқтидордаги ҳукумат сайлов натижаларига таяниб, жамиятнинг қолган қисмига зуғум қилишга интиларкан, фақатгина ўз ёндошларининг вакили эканлигини далолати демакдирки, бундай сиёсий тузулма машруиятини йўқотади ва жамият инқирозга юз тутади.

Сайланган иқтидорнинг жамият қатламларига, эътиқоди, сиёсий ижтимоий ўрнидан қатъий назар бир ҳил масофада бўлиши халқнинг ҳам иқтидорга бўлган ишончини оширади. Акс ҳолда давлат ва жамият ўртасидаги мувозанат Туркия ўрнагида бўлгани каби тарафкашлик омилларига таяниб қолади.

Ватандошларимиз назарида Эрдўғондаги диндорлик даражаси асосий критерия ўлароқ қабул қилинди ва Эрдўғон ҳукуматининг йиллардан бери давом этаётган антидемократик уйғуламаларига кўз юмилди.

Бу ёндашув аслида биз ўзбеклар зеҳниятида яширинган сиёсий ислом ва дунёвийлик мафкуралари тўқнашувининг намоён бўлишидир.

Сабаби диндор, «иймонли» , «одил подшоҳ» кўринишидаги бир лидерни идеаллаштириб, ичимиздан чиққан , бизлардан бири қабул этиб мафкурага айлантирдик, тасавуримиздаги диндор, ислом уммати йўлбошчиси қолипларига уйғунлаштирдик.

Машруияти йўқ сайлов

Эрдўғон севгиси, эрдўғонизм мафкураси, демократияни манзилга элтувчи трамвайга менгзаган макиавелист зеҳниятни янада авж олдирди.

Бу сохтакорлик ва самимиятсизлик, «Мақсадга , манзилга етиб олгунча демократик барча усуллар ҳалол, лекин уёғини ўзимиз биламиз» мантиғи келажакда орзу этаётганимиз – демократик ўзбек жамияти учун ҳам огоҳлантирувчи ишоратдир.

Бугунги кунда Туркия Конституцияси атрофида бўлаётган тортишувлар, аниқроғи парламентар демократия усулидан президентлик бошқарув усулига ўтиш жараёни Туркия яқин тарихини билмайдиган, Туркияни турк сериаллари орқали таниган, «Муҳташам Сулаймон» ошиғи Эрдўғоннинг содда ўзбек муридларини яна ҳам жазавага туширди.

Эрдўғон дастакчиларининг ўзгартирилаётган конституцияни Туркия давлати учун, Турк демократияси учун қандай салбий оқибатларга сабаб бўлишини англаш, бу тузум тўнтариши моҳиятини тушуниш уларнинг фаҳм фаросатлари доирасига кирмаслигини биламиз.

Чунки ҳаёлларида, идеалларида халифага айланган исломчи лидерини умрбод тахтда кўриш ягона орзулари холос.

Шундоқ ҳам де факто султонга айланган Эрдўғон якка ҳокимлигини, мутлоқ иқтидорини расмийлаштирувчи баҳсларга сабаб бўлган зиддиятли референдум якунланди, натижалар кутилаётганидек, 51 фоизлик овоз билан Эрдўғон фойдасига ҳал бўлди.

Эрдўғоннинг 51 фоизлик бу ғалабаси шундоқ ҳам охирги йилларда авторитарлашишга улгурган иқтидори учун бир ютуқ эмас албатта. Давлатнинг барча моддий имконлари, куч ва ричаглари, диний жамоатлар , қўлбола медия, ҳокимлигу вазирликлар, масжидлар, ва тадбиркорлар реферандумда «Ҳа» овози чиқиши учун қўлланилди.

Қарши жабҳадагиларга ватан ҳоини, террорчи тамғаси урилди. Давлат пропаганда машинаси Ҳитлер Олмониясининг пропаганда вазири Геббелснинг руҳига фотиҳа ўқитажак даражада ёлғон, қўрқув ва босимлар билан тарғибот олиб борилди.

Ҳуллас, тоталитар режимларда сайловлар қандай кўринишда бўлса Туркияда ҳам шу тусда амалга ошди. Бу шароитда, чексиз давлат имконларига эга бўлган ва бу имконларни суистеъмол этиш даражасида фойдаланган Эрдўғон ва ҳукумати энг камида 80 фоиз овоз олиши ҳам мумкин эди.

Ҳуқуқий переспективадан қаралганда 51 фоизлик кўпчилик устунлиги албатта легитимдир. Аммо масаланинг социологик жиҳати ҳам борки, иқтидорини мустаҳкамлаш учун икки қутбга айриштирилган, халқи бир бирига душман этилган бир жамиятда, ҳар икки кишидан бирининг қаршилигига қарамасдан конституциявий тузум ўзгаришини ҳеч бир машруияти йўқ.

Бу ўзгаришлар ҳам Туркия жамиятининг бутун сиёсий ижтимоий келишув-консенсусга борилмасдан, халққа етарли даражада маълумот улашилмаган ҳолда амалга оширилди.

Яқин келажакда учун, барқарорлик, кучли давлат, кучли иқтисод вадалари билан Эрдўғон иқтидорининг умри узайтирилди. Аммо айни вақтда Туркия демократияси учун таъмири қийин бир жараёнга ҳам старт берилди.

Президент ваколатларини кенгайтириш, ҳокимиятнинг барча тизгинларини бир одам ҳукмига берилароқ давлат бошқарувида кучлар айрилиғини таъминловчи ижро, қонун чиқарувчи парламент ва адлия тузимлари Эрдўғон ҳукмига ҳавола этилди.

Бу антидемократик ўзгаришлар Европа иттифоқи билан бўлган муносабатларга ҳам буюк зарба берди. Иттифоққа Туркиянинг аъзолик музокаралари ортиқ ҳомҳаёл, эришиб бўлмас орзу.

Ҳуррият умиди

Туркия сиёсий саҳнасида юзага чиққан бутун бу негатив манзарага қарамасдан референдум натижалари келажак учун умид берди, Туркиянинг саноатлашган, олий маълумот савияси юксак бўлган шаҳарларида дунёвий демократик давлат истовчилар демографияси ойдинлик кунлари учун бир чироқ ва йўлчи юлдуздир.

Бу қўрқинч шартларда демократик, секуляр жумҳурият тарафдорлариниг 49 фоизлик овози келажак учун бир УМИД.

Ойдинлик Туркия учун, демократик қадриятлар, миллат ҳуррияти учун ҳали ҳам Мустафо Ғози Пошшо Камол Ота Туркнинг «Ҳокимият қайдсиз, шартсиз миллатга оиддир» шиори кучда эканлигининг намойиши бўлди.

Дунё кўзи ўнгида Туркиянинг, Турк миллатининг Эрдўғондан буюк эканлиги исботланди.

Баҳодир Файз
Ўзбек мухолифати ҳақидаги китоб муаллифи
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 июн 2016
15 июндан 25 июнгача, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондан Ўзбекистонга одамлар, юклар ва транспорт воситаларининг ўтиши тўхтатилади. Ўш вилоятининг ...
22 апрел 2017
Бугун – Ер куни. Айни кунда Тошкент расмийлари экологик ҳаракат фаоллари чиқишлари, уларнинг чинорларни кесилишига қарши тўплаган петиция имзоларини ...
10 апрел 2017
«Оила ва жамият» газетасида (05.04) «Нега топганимизда барака йўқ?» мақолани ўқиркан, журналист иддаосидаги турли парадоксларга дуч келдик. Мақола Ўзбекистондаги ...
17 феврал 2017
«Халқ сўзи» газетаси (15.02) «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёшлар қизиқиш ва қарашларини ўрганишга бағишланган сўрови натижаларини эълон ...
Блоглар
17 июл 2017
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарларидан бирортаси президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар фаолияти танқидига қарши очиқ муносабат ...
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...