Document UZ
9 май 2017

Гитлер Германиясида хизмат қилган тошкентлик қиссаси

Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни мактабга ва бошқа мажлисларга чақиришарди. Бу учрашувларда дадам уруш туғрисидаги эсдаликларини ҳамма билан баҳам кўрарди.

Сафарбой Жубаев
Евросиё миллий университети катта ўқитувчиси

Қўшни уйда яшайдиган дадамнинг туғишган акаси Керимбай бобомнинг ҳам урушга қатнашганидан хабаримиз бор эди-ю, лекин у ҳеч шу байрамларга таклиф қилинмасди. Ўзи ҳам уруш эсдаликларини айтмасди.

Сабабини сал эсимиз кирганда билдик. Керимбой бобом немислар тузган Туркистон легиони хизматида бўлган экан.

«Дадам билан бобом бир бирига қарши жанг қилган» деб Пернебой акам ҳазил қиларди.

Бобом шунинг учун совет турмасида ўтириб чиққан. У вақтда бошидан ўтганларини гапиришга қўрқишарди.

Совет йиллари Ўзбекфильм суратга олган «26 чи отилмасин» бадиий фильми чиққан пайтлар Туркистон легиони ва Мустафо Чўқай, Вали Каюм, Боймирза Хайит туғрисида гапира бошлашди. Уларга, ватан хоинлари деган тамға қўйила бошланди.

Туркистон легионерлари, 1941 йил

Мустақиллик йиллари яқин тарихимизга бошқача кўзқараш ва бошқача фикр мулоҳаза юритишга имкон берди.

Ҳаётининг сўнгги йилларида бобом (у 2001 йили вафот қилган) менга ўз ҳаёти тўғрисида бироз гапириб берганди.

Бунга 1997 йили бобом иккаламиз, советлар қатағонидан қочиб 1933 йили вафот этган, отам Жобайнинг Талас ва Писком тоғлари орасида вақтинча кўмилган ҳокини олиб келиб, Бўстонлиқдаги қабристонга дафн этишимиз сабаб бўлган бўлса керак.

Отамиз чор даврида тўрт сайлов бий (судья) бўлгани боис советлар қувгинига учраган.

Мустафо Чўқай

Бобомнинг эсдаликларида, 1941 йили уруш бошланганида Минск шаҳри яқинида армияда хизматда бўлгани, ва немислар бир хафта ичида бутун дивизиясини асирга олганини гапириб берди.

Полша қамоқхонасида жуда оғир аҳволда ётганида, ўша йили август ойида тузилган ва Мустафо Чўқай раислигидаги Мусулмон комиссияси бобомни камоқхонадан чиқариб, омон олиб қолган.

Бобомнинг яхши саводи бўлгани учун, Мустафо Чўқай бобомни Қозоғистоннинг Сирдарё (хозирги Жанубий Қозоғистон) ва Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти бўйича турмадаги мусулмон ҳарбийларини озод қилиш ва улардан тузилажак Туркистон легиони қаторига қўшиш вазифасига жавобгар қилиб тайинлайди.

Бобом тез орада немис тилини ўрганади. Ва бутун уруш даврида Европа давлатларини оралаб Туркистон легионида хизматда бўлади.

Бобомнинг таърифига кўра, Мустафо Чўқай немис тилида она тилидагдай гапирган ва немислардан қўрқмасди, Туркистонликлар орасида жуда обрўли эди дерди.

Чунки у «Туркистон жумҳуриятини тузамиз ва озод бир давлат бўламиз», деб одамларга далда берар экан.

Гитлер германиясида хизмат қилган туркистонликлар

Мустафа Чўқай 1941 йилнинг 27 декабрда вафот этганига қадар, Польша ва Украинадаги немис турмаларидан туркстонликларни озод қилишга бош бўлган. Қизиғи, у вақтда немислар туркистонликларни татарлар дейишган экан.

Уруш тугагач бобом Францияда бўлади ва америкаликлар уларнинг розилигисиз советларга бериб юборади.

Бобом ватанига келиши биланоқ, советлар турмасига 25 йилга қамалади.

Иркутск ўрмонларидаги азобларни эсларкан. «Каттакон дарахтларни қўл арра билан кесардик. Шу ўрмонларда ўлигимиз қолиб, ҳеч ким уни топа олмаса керак деб ўйлардик», дерди у.

Бироқ у 1956 йилги Хрушчев сиёсати натижасида озод бўлиб, ватани Бўстонлиқдаги Капал қишлоғига қайтди.

Колхозда оддий ишчи бўлгани билан, бобом бутун Чирчиқ, Келес ва Сирдарё бўйи аҳолиси орасида обрўли киши эди.

Шу ердаги халқлар шажарасини у чуқур биларди. 2001 йили вафот этди ва Бўстонлиқ тумани Думалоқ қишлоғи мозорига қўйилди.

Сапарбай Жубаев
Остона шаҳри.9 май 2017 йил
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 январ 2017
Янги йил олдидан россиялик миллиардер, агар уни Ўзбекистонга чақиришса боришга тайёрлигини айтди. Уни Ўзбекистонда ким кутаётгани, ким чақириши қоронғу. ...
19 декабр 2016
Таниқли хонанда Озода Нурсаидова 17 декабр куни ўзининг инстаграмм саҳифасида Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўраши ҳақида ёзди ва сайловда унга ...
14 феврал 2017
Тақиқ ва чекловларга қарамасдан ўзбек ëшлари нишонлайдиган «Севишганлар куни» ҳақида мақола ëзган ўзбек журналисти Дармон Ибрагимов бу кунга “байрам ...
17 октябр 2016
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон матбуоти бош вазирнинг виртуал қабулхонасини салкам «адолат уйи»га тенглаштириб қўйди, десак хато бўлмайди. Ҳозир ҳар бир ...
Блоглар
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...
8 май 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва ...