Кўзқараш
2 июн 2017

«Ўзбекистон 24» ҳам «Ахборот»симон бўлиб қолмайдими?

17 июндан ишга туширилиши мўлжалланаётган «Ўзбекистон 24» телеканали кўрсатувлари мазмунининг эскисидан фарқли бўлишига ишониш қийин. Чунки, янги телеканал бошқа ахборот дастурларининг монополияси ва сўз эркинлигига тўсиқ бўлган шахслар рахбарлиги асосида ташкил бўлмоқда.

Бундай иддаога яна бир сабаб, ўтган чорак аср давомида Ўзбекистонда мустақил матбуот институтининг яратилмаганидир.

«Мен янги ташкил этилаётган «Ўзбекистон 24″ телеканали ҳақиқий маънодаги ахборот-таҳлилий ТВ бўлишига ҳозирданоқ ишонмайман. Чунки у ҳали туғилмасданоқ мамлакатда ахборот дастурларини фақат мақтов, пахта қўйиш воситасига айлантирганлар қўлига топширилди», дейди Миллий телеладиокомпанияда кўп йиллардан бери ишлаб келаётган бир ижодкор.

Унинг фикрича, республика каналларининг информацион дастурларида ишлаган шахсларнинг телеканал раҳбариятига келиши, янги дастурларнинг ҳам «жаннат»дан хабарлар йўсинида шаклланишига олиб келади.

«Уларнинг суяги «Ахборот»да қотган. Ижоди ҳам, фикр-хаёли, дунёқараши ҳам шу дастур йўналишида шаклланган. Энди улардан бугунги замон талабларига жавоб берадиган янги ахборот-таҳлилий ТВ фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйишни кутиш эркакнинг бола туғишига ишонишдек гап», дейди МТРКнинг исми сир қолишини истаган ходими.

Фарзанд отага тортади ёки янги телеканалнинг туғилиши

Бир неча ҳафта муқаддам Ўзбекистонда фаолияти янгиликлар ва таҳлилий дастурлар тайёрлашдан иборат бўладиган янги телеканал иш бошлаши ҳақида илк хабарлар пайдо бўлганди.

Бундан аввалроқ президентнинг «Ахборот»даги ура-урачиликни танқид қилгани ортидан миллий телерадиокомпанияни ислоҳ қилиш эҳтиёжи ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Шундан сўнг май ойида президент миллий телерадиокомпания таркибида «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Янги ТВ «Диёр» телеканали ва «Тошкент» радиоканали негизида ташкил этилади. Шунингдек, «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» ва «Таҳлилнома», «Тошкент» телеканалининг «Пойтахт», «Ёшлар» телеканалининг «Давр» информацион дастурлари ёпилиб, уларнинг функциялари ҳам «Ўзбекистон 24″га берилади.

Белгиланишича, телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб боради. Шунингдек, у хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлади.

Янги телеканал 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида SD ва HD форматларида эфирга узатила бошланиши айтилмоқда.

«Ўзбекистон 24» телеканалига шу вақтгача «Ахборот» бош муҳаррири лавозимида ишлаб келган Озод Ҳамидхўжаев директор этиб тасдиқлангани, унинг ўринбосарлари ҳам шу дастурдан чиққан журналистлар экани маълум қилинди.

Салоҳияти йўқлардан нимани кутиш мумкин?

МТРК ходими бўлган манбанинг янги телеканал ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришиш қийин бўлишидан хавотири айнан мана шу тайинловлар билан боғлиқ.

Унинг фикрича, кўзланган мақсадга эришиш учун бундай телеканал ҳақида назарий билимга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ура-урачиликка кўникмаган дунёқараш ва жаҳондаги етакчи ахборот-таҳлилий ТВлар фаолиятидан хабардор, уларнинг журналистлари даражасида ишлаш салоҳиятига эга кадрлар зарур.

«Афсуски, янги телеканалга тайинланган раҳбарларнинг ўзида бундай салоҳият йўқ. Қолаверса, улар ўз мустақил фикрига, эркин ва чуқур таҳлил қила олиш қобилиятига эга эмас. Улар «Ахборот»да ишлаганида тайёрлаган лавҳаларини кўрсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз», дейди МТРКдаги манба.

Ҳақиқатан ҳам президент Шавкат Мирзиёевнинг телевидениенинг халқ ўртасидаги обрўсини тиклашга қаратилган сўзларидан кейин «Ахборот» ва «Таҳлилнома»да қандайдир ўзгаришлар қилишга уринишлар бўлди.

Лекин уларда шакл-шамойил ўзгариб, марҳум Ислом Каримов давридагидан фарқли ўлароқ, юқори мартабали амалдорларнинг чиқишлари кўпайганига қарамай, мазмун ва моҳият ўша-ўшалигича қолиб кетмоқда.

Ҳали ҳам бу дастурларда чуқур ва эркин таҳлил, ҳокимиятдаги амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлигига оид журналистик суриштирув, пичоққа илинадиган танқидий лавҳалар пайдо бўлмади.

Хусусан, сўнгги вақтларда қанчадан-қанча вазир ва ҳокимлар ишдан бўшатилди. Лекин телевидениеда уларнинг нега ишдан олингани, айби нималиги, тайинланган раҳбарларнинг қандай каромат кўрсатиб янги мартабаларга эришаётгани таҳлил қилинган бирорта кўрсатув эфирга узатилгани йўқ.

«Ахборот» монополияси

Интернет тармоқларида фойдаланувчилар Ўзбекистон телевидениесидаги ислоҳотлар, хусусан, янги телеканал хусусида турли фикрларни ўртага ташламоқда.

Масалан, «Дийдор ширин» сайти бошқа телеканалларда энди «Ўзбекистон 24» мутахассислари томонидан «сараланган» материаллар эфирга узатилишидан хавотир билдиради.

Сайтдаги мақола муаллифи «МТРКдаги ислоҳотларни «Ахборот» монополияси», деб атар экан, мамлакатнинг етакчи телеканалларини ўз янгиликлар дастурларидан маҳрум этиш чуқур ўйланган иш эмаслигига ишора қилади.

Унинг таъкидлашича, информацион дастурлар телеканалларнинг юраги ҳисобланади. Шунинг учун бошқа каналлардан ахборот тарқатиш устунлигининг зўрма-зўраки олиб қўйилиши масаласини ўйлаб кўриш керак.

Дарҳақиқат, бу сайтда айтилган фикрларда нафақат жон бор, улар асосли ҳам. Чунки халққа қандай янгиликларни етказиб бериш-бермасликни яна бир марказдан туриб бошқариш телеканаллар ўртасидаги рақобатни йўқ қилиш билан бирга уларнинг ривожланишига ҳам тўсқинлик қилади.

Шунинг учун, таҳлилчилар фикрича, етакчи телеканаллар ўзининг мустақил янгиликлар дастурига эга бўлиши имкониятини чеклаб қўймаслик лозим.

Нима қилмоқ керак?

Айни пайтда Ўзбекистон телевидениеси олдига катта вазифалар қўйилмоқда. Бу ҳақдаги гап-сўзларнинг эса охири кўринмайди.

Ҳатто МТРКни ислоҳ қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, бу ислоҳотларга доир фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдириш учун интернетда онлайн-сўров ўтказилмоқда.

«Аммо ТВни ислоҳ қилиш учун бундай сўровнинг ёрдами кам бўлади. Президент айтаётган реал ўзгаришларга эришиш учун унинг ўзи эркинликка интилаётган журналистларни жазолаш эмас, рағбатлантириш, улар фаолиятига тўсқинлик қиладиган амалдорларга қандай чора кўрилиши белгиланган ҳужжатни имзолаши керак», демоқда таҳлилчилар.

Мана шундай фикрлар фонида «Ўзбекистон 24» телеканалига ходимларни саралаш жараёни бормоқда.

МТРКдаги манбанинг айтишича, бу жараён «саргузаштлар»га анча бой бўлиши кутиляпти. Ҳозирданоқ «отингни сот, молингни сот, янги каналга ўт» қабилидаги гап-сўзлар пайдо бўлган.

Чунки тугатилаётган информацион дастурларнинг ходимлари янги каналга ўтмаса, кейин бошқа бир нуфузлироқ иш билан таъминланиши кафолатлангани йўқ.

Қолаверса, янги телеканал баъзи журналистларга ўз амбицияларини кўрсатиш учун ҳам қулай майдон бўлади. Шунинг учун ҳозир «Ўзбекистон 24» га ўтиш иштиёқида ёнаётганлар кўп.

Уларнинг аксарияти эса «Ахборот»у «Давр»лардан униб чиққан эски ўзбек ҳукумати тизими мафкурачиларидир.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 май 2017
1865 йилнинг 9 майида, Тошкент ҳимоясига отланган Мулла Алимқул бошчилигидаги Қўқон хонлигининг асосий кучлари шаҳар босқинчиларидан тозалашга муваффақ бўлди. ...
3 октябр 2016
Касб байрамларини ўзбек тиббиёт ходимлари ҳар йили пахта далаларида ўтказишга мажбур. Шугина эмас, уларни ўзбек ҳукумати «қора ишчи кучи» ...
7 январ 2016
Саудий Арабистонига расмий сафари доирасида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Маккаи Мукаррамага бориб, ўз яқинлари билан Умра ибодатини адо этди. ...
6 март 2017
Алексей Навальнийнинг маълумотларига кўра, Дмитрий Медведевга алоқадор жамғармалар ҳисобига “камида 70 миллиард рус рубли ҳажмидаги маблағ ва мулк ўтказилган». ...
Блоглар
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза ...