Асосий мавзулар
12 июн 2017

Мирзиёев йўлига гуллардан поёндоз… Ўқитувчилар ҳисобидан

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, афтидан, тозаликни жуда яхши кўради. Унинг қаерга бориши маълум бўлса, ўша жой улкан ободонлаштириш масканига айланиши, йўлларига анвойи гуллар экилиши керак. (Фото: «Халқ сўзи» газетаси сайтидан)

Одатда бу анъана авторитар давлатларга хос. Туркманистон дейсизми, Шимолий Кореями, давлат раҳбари келадиган жойлар ёғ тушса ялагудай қилиб қўйилади.

Президентнинг бориши олдидан ҳамма-ҳамма унинг сафарига тайёргарлик кўради. Ўқитувчисидан тортиб ўқувчигача, бюджет ташкилотлари ходимларидан тадбиркорларгача ободонлаштиришга сафарбар этилади.

Бу бежиз эмас. Зеро, тозаликка риоя қилмаганларни қаттиқ жазо кутишига мисоллар бор. Яқинда Тошкентда Мирзиёев бир коллежга келганида ўқув масканининг ҳовлисида ўтлар ўсиб ётгани учун унинг директори ишдан олинганди.

Бир неча кун олдин давлат раҳбари Андижон вилоятида бўлди. Аммо унинг сафарига тайёргарлик кўпчиликнинг жонидан ўтиб кетгани айтилмоқда. Чунки вилоят анча вақтдан буён бундай сафарбарликни кўрмаганди.

Барча-барча кунлар, ҳафталар давомида ободонлаштиришдан бўшамади. Буни Андижон коллежларидан бирида ишлайдиган ўқитувчининг дарду ҳасратларидан ҳам билиб олиш мумкин.

Унинг қуйида келтирилаётган ҳикоясини ўқисангиз, нафақат коллеж ўқитувчисининг бугунги ҳаёти, балки бутун жамият учун хос бўлган жиҳатлар тўғрисида ҳам тўлиқроқ тасаввурга эга бўласиз.

Коллеж Ўқитувчиси: Гулларни ўз ҳисобимиздан сотиб оламиз

Андижонлик муаллима, Мирзиёев келиши олдидан бегона ўтларни ўтамоқда. Фото: eltuz.com
  • Мен 24 йилдан бери педагогман, шу билан бирга колхозчи ҳамман. Иш фаолиятимни бошлаганимдан бери  шу аҳвол. Дарс бераман, яна курс раҳбариман. Куз келиши билан 20 кунлаб ётоққа пахта тергани бораман. Баҳордан эса ободонлашириш, ягана, чопиқ…

Бу ёқда коллеж талабалари назоратнинг йўқлиги учун дарсга келмай қўйган, уларнинг уйига бориш керак. Худо кўрсатмасин, коллежда бирор салбий воқеа содир бўлсин-чи, сиз далада бўлганмисиз, ободончиликдами, кимнинг буйруғи билан боргансиз, буларга қараб ўтиришмайди, жазоингизни беришади. Бир нима десангиз, «нега уйига бориб, ота-онаси билан гаплашмадинг», деб туриб олишади. Ўсмирлар орасида эса, биласиз, бунақа воқеалар учраб туради.

Бу йил далада ҳам, ободонлаштиришда ҳам ҳар йилгидан кўп ишладик. Айниқса, президентнинг водийга келиши  муносабати билан тинмадик. Деярли бир ойга яқин тайёргарлик кўрдик. Мирзиёевнинг борадиган жойлар йўналиши бўйлаб йўллар, йўл четлари, чорраҳалар, айниқса, Боғишамол ҳудуди минглаб ўқитувчилар, шифокорлар томонидан ойнадек тозаланиб, анвойи гуллар экилди. Бу гуллар ҳам энг қиммат, бозорнинг олди гуллари. Ҳокимлик ёки бошқармамиз томонидан “манови гулдан” ёки “қизил ё сариқ очиладиган гулдан экасан”, деган буйруқ бўлади. Бу гул ўлгурнинг ҳар бир тупи камида 6 минг сўмдан 12 минг сўмгача. Уларни бозордан ўз пулимизга сотиб оламиз. Масалан, коллежимиз айтилган гулдан 100, 150 тупдан 3 марта сотиб олди, ҳар бир ўқитувчидан жами 50 минг сўмдан пул йиғилди. Бу пулга йўлкирамиз, тушлигимиз ва бошқа майда-чуйда харажатлар кирмайди.

Ўқитувчи аёл, Мирзиёев ташрифи олдидан, бегона уй деразасини артмоқда. Фото: eltuz.com

Мен яшайдиган жойдан Боғишамолгача 3 минг сўм бориш, 3 минг сўм қайтиш, кунига 6 минг сўм фақат йўлкирага кетади. Саҳар 7 да Боғишамолда бўлмасак, ойликдан 30 фоиз қирқади, мен бунга йўл қўя олмайман, чунки ўғлимнинг контрактини тўлашим керак. Шунинг учун индамай буюрилган ишни қилавераман. Умуман, индамай иш қилиш учун ҳар биримизнинг ўзимизга яраша сабабимиз бор. Ҳеч ким эътироз билдирмайди, лекин Боғишамол тупроқлари, гулларида биз ўқитувчиларнинг пешона тери ва кўз ёши қолди.

Мирзиёевни қарғамаган одам қолмади шекилли. Каримов давридаям бунчалик қилишмасди. 2-3 кун чиқардик, холос. Буниси нима каромат кўрсатяптики, бизни қул қилишди. Нима, ойлигимизни чўнтагидан беряптими?

Ўтган пайшанба келади, дейишганди, йўқ, энди эртага келармиш. Мана, кўриб турганингиздек бугун ҳам ҳар кунгидек кечки соат 7 да уйга итдек чарчаб етиб борамиз. Тушликни Боғишамолдаги дам олиш масканидаги сўрида (агар жой бўлса), бўлмаса, йўл четида қиламиз. Ошхона ва кафелар бор, лекин у ерда овқатланишга пул керак. Биз уйдан олиб келамиз овқатни.

Олсак ҳам сув, нон олишимиз мумкин. Бир кунда йўлкираю нон, сувга жами 10 минг сўм атрофида пул ишлатамиз. Дам олиш куни йўқ, ҳар куни борамиз. Дарс бўлмаяпти. Бизнинг коллеждан ҳамма жалб қилинган, 10 киши коллеж атрофини тозалаб, гул экишга масъул, қолган 70 киши ҳамма ободончиликда.  Бутун вилоят бўйича барча мактаб ва коллежларнинг ҳар бирига “Мирзиёев айнан сенинг муассасангга келаркан”, деб директорларни қақшатяпти.

Атрофни тозалаб, гул экиб, деворларни оҳаклаб, биноларни бўяб, деразаларни артиб, томорқадаги экинларни парваришлаб ўтирибмиз. Лекин асосий ишимиз билан шуғулланганимиз йўқ. Талабалар дарсга келяптими, уларни ким назорат қиляпти, улар коллежга келиб нима билан банд – хабаримиз йўқ, дарслар бўлмаяпти.

Уйимизда параболик антенна бор. Ҳар замон  Россия каналларида уларнинг ахборотини кўриб қоламан. Россия президенти борган жойларни кўрсатишганда, телевизор орқали  синчиклаб унинг атрофини кузатаман, тозами, гуллар экилганмикин деб. Йўқ, бировнинг иши йўқ, Путинга пахта қўйиб, у юрадиган йўлларни биров супуриб-сидирмас ҳам экан.

Бизда-чи?! Нима, у подшоми? Қудам шифокор. Келиним неварам билан ҳозир уларникида турибди. Чунки неварамга ҳам қарай олмайман. Қудам томон эса кўпчилик, кичик қизи неварамга қараяпти, келиним институтга, дарсига бориб келяпти.

Шу қудамнинг айтишича, бу йил у ишлайдиган касалхона ходимлари баҳордан бери ҳар бири 120 минг сўмдан пул йиғиб, унинг 80 минг сўмига йўл четларига экиладиган гул олишибди, 40 минг сўмдан пулни эса баҳорги ягана, чопиққа чиқаётган ходимларнинг тушлик овқати, суви, нони учун сарфлашибди.

Келиним институтнинг охирги курсида ўқийди. Уларни ҳам ҳар куни шанбаликка судрайдиган бўлишибди. Келинимнинг курсдошлари бир бўлишиб, деканга: “Биз шанбаликка чиқмаймиз. Агар президент фармони билан шанбалик деб эълон қилинган бўлса, чиқишимиз мумкин. Биз дарсга ишлагани келганимиз йўқ, айтинг, бизни ўқитишсин”, дейишибди. Шундан бери фақат шу курсга тегишмаяпти экан. Қолганлар ҳар куни йўл тозалаб, дарахтларни, деворларни оҳаклайди. Ҳа, албатта, формада, оқ кўйлак, қора шим ёки юбкада…

Мана, яқинда, шу ойнинг ўрталарида таътилга чиқамиз. Лекин бундай бўлмаслигини биламан. Ўтган йили ҳам нақ августгача далада чеканка қилиб, ғўза қурти териб, йилда бир марта бериладиган таътилни ўтказганмиз. Бу йил ҳам шундай бўлади шекилли. Ҳозирдан безиллаяпман. Неварамни кўрмаганимга бир ойдан ошди. Бирор кун дам олганимиз йўқ. Уйга келиб хўжайин ва 2 та ўғлимга овқат қилишим, кир ювишим, уйларни тозалашим керак. Эртаси яна саҳарлаб ободонлаштиришга чиқиб кетаман.

Коллежда талабаларга эса дарс ўтилмаяпти. Келганлар келади, синфхонада тушгача валақлашиб ўтириб, яна уйларига кетади. Шу. Гўё “билим олишяпти”. Бунақа кўзбўямачилик кимга керак? Ҳали бир ойлик ўтилмаган дарсларни ўтдик деб журнал тўлдиришимиз керак. Директор қиласан, дейди. У ҳам ўз ўрнидан қўрқади. Мана шулар ҳақида ёзинг, мен ҳақимда эмас…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 феврал 2023
Мана хафта чархпалаги айланиб яна сиз қора кўзлар билан биргаман. Тоғ тоғ билан учрашмайдиМС: Одом одом билан учрашади. Лекин ...
3 апрел 2018
Журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч нафар шахс устидан Тошкент шаҳри судида 2 апрель кунги маҳкамада, асосан, Ҳаётхон Насриддинов ...
25 апрел 2020
Сўнгги йилларда Ўзбекистон матбуотда кенг акс садо бераётган, мамлакатга миллиардлаб доллар хорижий инвестицияни жалб этаётган ислоҳотлар ўтказиш йўлига кирди. ...
20 ноябр 2021
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни ўзбекистонлик рассом, 33 ёшли граффити устаси Абдураҳмоннинг бензин нархлари ошганига оид  янги асари пайдо ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...