Cатира
16 июн 2017

Муштумзўр Туробжон Жўраев яна ҳоким бўлмоқчи

Ислом Каримов ҳукмронлиги даври амалдорларнинг сўконғич, уронғич бир тоифасини пайдо қилди. Бу тоифа ўз қўл остидагиларни, аҳоли вакилларини дўппослаш, камситиш, ҳақоратлаш орқали бошқариши билан машҳур бўлди.

Бошқарувнинг бу усули «ур кетди» шаклида қурилганди. Оддийроқ одамлар туман ҳокимидан, туман ҳокими вилоят ҳокимидан, вилоят ҳокими бош вазир ёки президентдан калтак ейдиган замон бўлди.

Каримов ўз табиатидан келиб чиқиб ҳокимиятни қаттиққўллик билан бошқариш керак, деган эътиқодда эди. Лекин бу қаттиққўллик бориб-бориб муштумзўрликка айланиб кетди. «Қаттиқўллик» англашмаси «муштумзўрлик» маъносида тушуниладиган бўлди.

Каримов замонининг уронғич, сўконғичлиги билан машҳур бўлган ўз «қаҳрамонлари» вужудга келди. Яқиндагина Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Туроб Жўраев ана шундай «қаҳрамонлар» сирасига киради.

2004-2008 йилларда халқ таълими вазири сифатида ишлаган бу шахсда ўша пайтлардаёқ «қаттиққўллик» сифатлари бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо 2008 йилда Сурхондарёга ҳоким этиб тайинлангандан сўнг унинг очилмаган «қирралари» яққол намоён бўла бошлади.

Айниқса, фермерларнинг бошига бало келди. Ундан калтак емаган, сўкиш эшитмаган фермер кам қолди Сурхондарёда. Ҳатто ана шундай тазйиқлар жонини тўйдирган музрободлик 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров 2011 йил сентябрь ойида ўзини ўзи осгани ҳақида маълумотлар тарқатилганди.

Ўшанда сурхондарёлик фермерлардан бири «Озодлик» радиоси мухбири билан суҳбатда «…бу ҳоким, қўполроқ айтганда, Сурхондарёга турма ҳаётини олиб кирди. Сурхондарë лагеру фермерлар аристонлар», деган эди.
2011 йилнинг 25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Жўраев саккизта коллеж директорини калтаклаган эди.

Мана шу «хизматлари» эвазига у ўша йилнинг кузи охирларидаёқ Қашқадарё вилоятига ҳоким қилиб ўтказилди. Бечора сурхондарёликлар Жўраевдан қутулгани учун ҳатто қўйлар сўйиб, шукроналар қилгани латифа сингари элга ёйилганди.

Ислом Каримов Жўраевнинг тийиқсиз феълидан яхшигина хабардор бўлганини унинг ҳоким тайинлаш маросимида айтган гаплари билвосита кўрсатиб турибди.

«Жўраев, Сиз қашқадарёликларга қўпол муомалада бўлманг, улар қўполликни кўтармайди”, деган эди ҳозирда марҳум ҳукмдор.

Шунга қарамай, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, Жўраев Қашқадарёда ҳам «қаттиққўллик» сиёсатини давом эттирди. Бу ерда ҳам ишни одамларни сўкиш, калтаклаш билан бошлади.

Аммо Қашқадарёнинг халқи анча ориятли келди. Каримов ўз вассалини бекорга огоҳлантирмагани тезда билинди. Ҳатто муштумзўрнинг ўзини калтаклашга уринишлар бўлгани ҳақида гаплар тарқади.

Латифанамо кўриниш олган шундай гап-сўзларга кўра, бир гуруҳ амалдорлар, жумладан, ўша пайтдаги фавқулодда вазиятлар вазири, ҳозир эса президент маслаҳатчиси бўлган Турсунхон Худойберганов билан Нишон туманига келган Жўраев йўл-йўлакай бир фермернинг даласига кириб, уни онасидан олиб сўккан.

Ориятли фермер эса укалари ва саксон ёшли кекса онасини олиб, вилоят ҳокимига рўбарў бўлган ва “Отамиз ўлиб кетганидан афсусда эдик, янги оталик бўлдик”, дея ҳокимнинг гарданига мушт туширган, онахон эса миршаббошининг ёқасидан олган.

Воқеадан хабардор бошқа қариндошлар ҳам тўпланиб, қишлоқ йўлларини тўсган. Амалдорлар довдираб қолган. Аҳвол танглигини сезган ҳоким кечирим сўраган, аммо одамлар тинчимагач, ҳоким ва унинг командаси дала йўли орқали қочиб қолган.

Жўраевнинг Қашқадарёга ҳокимлиги тўлиқ икки йилга етмади. 2013 йил сентябрда ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев уни ишдан олганди. Бир кун кейин эса президент Каримов янги ҳоким тайинлаш учун Қаршига борганида вилоят фаоллари йиғилишида Жўраев шаънига жуда кескин кескин танқидлар ёғдирганди.

Буни қарангки, бугун давлат раҳбарлигига келган Мирзиёев бир вақтлар ўзи, гарчи олдинги ҳукмдорнинг топшириғи билан бўлса-да, лавозимидан бадарға қилган кимсани яна аввалги мавқеига тиклади.

Ҳолбуки, ўша пайтларда Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан ҳайдалган Жўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва молиявий жиноятларида айбланиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганди.

Лекин, маълум бўляптики, Жўраев ўтда ёнмас, сувда чўкмас амалдорлар тоифасига киради. Сўнгги вақтларда эса бундай тоифадагилар кўпчилик эканига гувоҳ бўляпмиз.

Булар сирасига амалдаги бош вазир Абдулла Орипов, бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари, ҳозир эса Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларидан бири Козим Тўлаганов, Тошкентнинг собиқ ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусаинов кабиларни киритиш мумкин.

Уларнинг барчаси бир вақтлар мансабидан ҳайдалиб, юмшоқроқ қилиб айтганда, обрўси булғанган эски амалдорлардир.
Бугун айнан шунга ўхшашлар ҳокимият тизимларига қайтарилаётгани нимадан дарак берар экан?!

P.S: 54 ёшли Туробжон Жўраев 13 июн куни навбатдан ташқари вилоят сессиясида президент Шавкат Мирзиёев тавсияси билан Самарқанд вилоятига ҳоким вазифасини ижро этувчи этиб тайинланди. У сўнгги ўн йил ичида кетма-кет 4 марта ҳоким бўлган давлат мулозимидир. 2008 йили у Сурхондарё вилояти ҳокими, 2011 йили эса Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган, шу йилнинг апрелида эса Бекобод тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 май 2021
Зиҳи давроний, Фархунда нишоний. Замон ўлди – Ўрусия замони. Фурқат Ҳорманг, Рамазон ойида рўзаларни тутиб, қалблари иймон нурига тўлаётган ...
19 сентябр 2018
«Йигирма иккита маҳкум ва яна шунча войсковой бирданига изо­лятор томон чопа бошлайдилар. Войсковойлар йўл бўйи маҳкумлар­ни дубинкалари билан савалаб ...
30 ноябр 2021
Мактабгача таълим вазирлиги мулозими имтиёзли кредитнинг 10 фоизини порага бермагани учун тадбиркорнинг болалар боғчаси қурилишини якунлашига халақит қилмоқда, дейилади 29 ноябрь ...
12 июл 2017
Андижонда ҳаво ҳарорати кўтарилган сайин одамлар фавворалар ёни ва сув бўйларига ўзини урмоқда, об ҳаво даражаси ҳақидаги расмий маълумотларга ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...