Асосий мавзулар
20 июл 2017

«Тепкингиз учун қуллуқ, жаноб президент, зарбангиз айни муддао бўлди»

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда роса уларнинг пўстагини қоққан президент Шавкат Мирзиёев партиялар нашрлари фаолиятини ҳам четлаб ўтмади.

Гарчи давлат раҳбарининг бу чиқиши юзасидан жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилган бўлса-да, айнан партия газеталарининг танқид қилиниши мавзуси негадир яна четда қолмоқда.

Ҳолбуки, айнан шу газеталар кечагина ўз муассисларининг «халқ манфаати йўлидаги фидокорона меҳнатлари» ҳақида оғиз кўпиртириб ёзиб келаётганди.

Президент партияларни қайси йўналишларда фаолиятсизликда айблаган бўлса, уларнинг газеталари ўз муассисларини айни шу масалалар бўйича жуда фаол ишлаётганини тинимсиз ёритишдан чарчамаётган эди.

Унда ким ҳақ – президентми ёки газеталарми? Агар газеталар фақат ёлғонни ёзган бўлса, унда партиялар нима иш қилди? Агар президент ноўрин танқид қилган бўлса, унда газеталар нега яна унинг танбеҳлари учун миннатдорлик билдириб ётибди?

Хуллас, Афанди айтганидек, агар бу мушук бўлса, гўшт қани? Агар бу гўшт бўлса, мушук қани?

Масалан, давлат раҳбари ХДПни бирор марта қонун ташаббуси билан майдонга чиқмагани, ўз электорати бўлмиш кам таъминланган аҳоли қатламлари, аввало, пенсионерларнинг муаммоларини ҳал этишга ҳисса қўшмаганини танқид қилди.

Энди сиз бу партиянинг «Ўзбекистон овози» нашрини варақлаб кўринг. Унинг ҳар бир сонида партия айнан шу йўналишда оламшумул ишлар қилгани тўғрисида сон-саноқсиз мақолаларга кўзингиз тушади.

Ёки Шавкат Мирзиёев «Миллий тикланиш»ни миллий мерос, қадриятларни тиклаш, туризмни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилгани ҳолда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини таъминлашда сусткашлик қилишда айблади.

«Адолат»нинг эса қонун устуворлигини таъминлаш шиори остида фаолият юритаётганига қарамай, бу борада бирорта ташаббус кўрсатмагани тилга олинди.

ЎзЛиДеП ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк эгалари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмаётгани учун президентдан «тепки» еди.

Бу партияларнинг «Миллий тикланиш», «Адолат», «XXI аср» нашрларини бир кўздан кечирсангиз, президентнинг танқидларига ишонгингиз келмайди. Чунки уларда бу партиялар ўз фаолиятини «президент раҳнамолиги»да бинойидек амалга ошираётгани битилган.

Халқ кимга ишонсин, президентгами ёки партия газеталарига? Албатта, бу ўринда халқ давлат раҳбарига ишонишига шубҳа йўқ. Чунки одамлар газеталарга ишонмай қўйганига, уларнинг ёлғонларига кўникканига анча бўлган.

Лекин шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Хўш, газеталарнинг бундай шармандагарчилиги учун кимдир жавоб бериши керакми?

Афсуски, бу саволга жавоб йўқ. Газеталар эса гўёки ҳеч нарса бўлмагандек энди президентнинг танқиди йўналишидан келиб чиқиб кўзбўямачилик, маддоҳлик, ёлғончилигини давом эттирмоқда.

«Тепкингиз учун қуллуқ, жаноб президент, зарбангиз айни муддао бўлди» қабилидаги ишлар аввалгидан-да шиддат билан авж олмоқда.

Яна бир гап. Президент партиялар нашрларининг савияси ҳақида гапирганда улар, «Ўзбекистон овози» газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермаслигини айтди.

Президентни ким ёки нима чалғитди экан? Ахир «Ўзбекистон овози» у танқид қилган партия нашрларнинг энг типиги-ку!? Бу нашрнинг бош муҳаррири мамлакатдаги эркин матбуотнинг асосий жаллодларидан бири эканини инкор этадиган фикри тийран журналист бормикин?!

Бундан буёғига партия нашрлари ўз фаолиятида «Ўзбекистон овози»га тенглашишга уринса, урди худо…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 август 2021
ИШИДнинг Суриядаги лагерларда сақланаётган аёл аъзолари учун июль ойида рус тилидаги ёпиқ телеграм чатда қуйидаги эълон берилди: “Ўзбекистонлик опа-сингиллар, ...
13 декабр 2016
Ўзбекистонда Каримов ўрнига президент бўлиб Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши, жамиятдаги олий мансабдор шахсини улуғлаш риторикасини ўзгартирмади. Бу оғриқли муаммони акс ...
3 ноябр 2020
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиган «Ўзинг ясаб ол» журналида чўчқа расми тасвирлангани Ўзбекистондаги қадимчи консерваторлар қатлами ...
29 ноябр 2023
Миллий гвардия ўз ходимларига қилинган ҳужумлар учун жиноят оламидан қасос олгани айтилмоқда. Салом Қадрли мухлислар бугун 29 ноябр  Элтуз ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...