Кўзқараш
22 июл 2017

Ўзбекистон амалдорлари нима учун Ватанни бунчалик ёмон кўришади?

Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати.

Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, кўча супураётган, тезак, қоғоз, баклашка йиғиб юрган ўқитувчини кўрасиз.

«Нега мактабда эмассиз? Нега болаларга дарс ўтиш ўрнига кўча супураяпсиз?» дейман.

«Хоким бовани буйруғи» дейди ўқитувчи ҳадик билан.

Авлодларимизга илму маърифат тарқатувчи инсонни далага, кўчага хайдаган хоким халқ душмани бўлмай ким?

«Адабиёт дарсида, кеча нимани ўтдинглар?» деб сўрайман 8 синфга борадиган (ўқийдиган эмас борадиган!) жиянимдан.

«Ҳеч нарса ўтмади кеча муаллимамиз. Чунки у киши бир ҳафтадан буён чопиқда» дейди жияним.

«Адабиёт дарсичи?» дейман хайрон бўлиб.

«Математика домламиз ўтди кеча адабиётни. Илгари куни биология домламиз ўқитган эди» дейди жиян…

Ўз мамлакатини ва унинг келажагини ўша хокимчалик ёмон кўрадиган одам Африкадаям бўлмаса керак..

«Президент вилоятимизга келармиш бир ойдан кейин!». Хамма кўчада! Энг биринчи қаторда яна ўқитувчилар! Улар кечаси ва кундузи ариқлар, йўл четларини ёғ тушса ялагудай қилиб тозалашади. Аллақаёқдан очилиб турган гулларни келтиришади ва давлат бошлиғи юриб ўтадиган кўчалар четига суқиб чиқишади.

Гулларни «ҳоким бова»нинг пулига олиб келишадими? Йўқ! Ўқитувчининг маошидан ушлаб қолишади.

Маорифчиси мана шундай хор бўлган юрт яна қайда бор? Ўз мамлакатини бундан ҳам ортиқ даражада ёмон кўриш мумкинми?

«Эрталаб соат 9 да почта олдига автобус келади. Хаммамиз шу автобусда Дўстлик туманига кетамиз далага. Кеч соат 5 гача ғўзани чопиқ қиламиз. Ёш ўқитувчи қизларимиз бор, иссиқдан беҳол бўлиб қолишади. Бизни коллежни ўзидан 12 та ўқитувчи борамиз чопиққа. Бир ой чиқиб берасизлар дейишди. Чиқмасак нима бўлади дейсизми?… Ишдан хайдашади. Кейин қаёққа борамиз? Ҳоким ҳаммамизни дорга осади-я!»

Ўз ватанини, унинг келажагини шу ҳоким каби ёмон кўриш учун одам ким бўлиши керак?

Бутун Ўзбекистонда шу ахвол. Ўзбекистоннинг бугунги ўқитувчилари маҳаллий ҳокимларнинг «қутқарувчи камари»га айланиб қолишган.

Газ ва электрдан қарзи борларни рўйҳатга олишга – 10 та ўқитувчи!

Кам таъминланган оилалар хонадонидан хабар олишга – 15 та ўқитувчи!

Металломга – ўқитувчи!

Арча кўчати тарқатишга – ўқитувчи!

Палон туманга чопиққа (теримга) – ўқитувчи!

Вилоятга Олий Мажлисдан комиссия келяпти – ўқитувчиларни маошидан ушла!

Вилоятда Спорт мусабақалари ўтказилади – ўқитувчини маошини йиғ!

Ўзбекистонда болалар илм олишмаяпти. Бу кечанинг ҳақиқати эди. Ўзбекистонга янги президент келгач, афсуски бу ҳақиқат бугунга кўчди. Бу кетишда эртага ҳам болаларимиз шу ҳақиқат билан уйғонишади.

Тракторчининг обрўсини ўқитувчининг обрўсидан юқори қўйган марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев миллатимиз келажагига қурт тушганига ишора қилганди.

Ҳаммамиз хиринглаб қўяқолдик.

Ҳозир ҳам, авлодимизга Навоийдан, Амир Темирдан, Ал Хоразмий ва Берунийдан дарс ўтиши керак бўлган муаллимнинг қайсидир фермернинг ҳўжалигида икки букилиб ғўзани чопиқ қилаётганини кўрсак, тиржайиб ўтиб кетаверамиз…

Бизларга нима бўлди ўзи?

Улуғбек Ашур
мустақил журналист, Ванкувер
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 май 2022
Қашқадарё вилояти Косон тумани жиноят ишлари суди 17 май кунги суд мажлисида қамоқ билан боғлиқ жазо тайинланган инглиз тили ўқитувчиси Дилдора Ҳакимовани суд ...
2 сентябр 2020
Профессор Кристиан Ласслетт Совет Иттифоқидан кейинги Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил сентябрь ойида вафот этгач, ундан мураккаб ...
13 январ 2016
Тошкентда машҳур ўзбек хонандаси Каниза (Aҳмeдoвa Шaҳризoдa Фaрҳoдoвнa)нинг Porsche Cayenne автомобили орқа ойнасини синдириб, қимматбаҳо сумкаси, ундаги қимматбаҳо буюмлар, ...
22 октябр 2022
Мухбир: Тўлиқ асарлар тўпламингиз чиқаётган экан. Адашмасам, 9 том. Бу жуда катта ҳажм! Мен ҳурсанд бўлдим. Турклар буни «Куллиёт» ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...